Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:31

Берлинда Кит овлаш бўйича халқаро комиссиянинг тўрт кунлик йиғилиши давом этмоқда.


Кит овлаш бўйича халқаро комиссиянинг душанба кунги йиғилиши атроф-муҳит ҳимоячилари учун қувончли бўлди. Кит овлаш тарафдори бўлган давлатларнинг қаттиқ қаршилигига қарамай, Комиссия китларни сақлашни ўзининг устивор вазифаларидан бири қилиб белгилади. Анжуманнинг биринчи кунида бўлиб ўтган овоз беришда 25 давлат вакили кит овлаш тўхтатилишини ёқлаб, 20 давлат вакили эса бу ташаббусга қарши овоз берди. Йиғилишида дунё бўйича китларни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштирувчи янги комиссия тузилди.

Атроф-муҳит фаоллари, қабул қилинган резолюция – тобора камайиб бораётган китларни муҳофаза қилиш жараёнини тезлаштиришини таъкидламоқдалар. Сўнгги йилларда комиссия китларни муҳофаза қилиш борасида юзлаб таклифларни кўриб чиққанига қарамай, уларни амалга ошириш бўйича шу пайтга қадар уюшган тартибда чоралар кўрилмаган.

Американинг комиссиядаги вакили Ролли Шмидт, бу жуда яхши чора эканини, аммо у анча кеч қабул қилинганини айтди. Қабул қилинган Резолюция Комиссия ҳимоясида бўлган барча ҳайвон турларига таллуқлидир. Ҳужжат катта китлардан ташқари кит оиласига кирувчи бошқа сут эмизувчилар, хусусан денгиз чўчқалари ва делфинларга ҳам таллуқли. Чунки бу ҳайвонлар муҳофаза қилинмаётгани сабабли, йил сайин камайиб бормоқда.

Жаҳон Ҳайвонот дунёси фонди ўтган ҳафтада ўз ҳисоботини эълон қилди. Ҳужжатда ҳар йили кит оиласига кирувчи 300.000 сув ҳайвони балиқчилар тўрига ёки бошқа сув ҳайвонлари учун ташланган тўрларга тушиб нобуд бўлаётгани билдирилган.

Берлинда ўтаётган йиғилишда сўзга чиққан Ноёб ҳайвонларни муҳофаза қилиш дастури директори Сузан Либерман Япония кит овлашга эълон қилинган мораторийга зид равишда фаолият олиб борганини таъкидлади.

“Тижорат мақсадларида кит овлашга қарши 1986 йилда мораторий эълон қилинган ва Япония уни бузаяпти. Улар ҳар йили юзлаб китни Антарктикадаги қўриқхоналардан олиб кетишмоқда. Улар буни тадқиқот учун, деб айтишмоқда. Бу соҳта тадқиқот”, - деди Либерман.

Умуман олганда кит овлаш тарафдори бўлган давлатлар тасодифан тўрга илинган бошқа сут эмизувчи ҳайвонлар ўлдирилишига қарши. Бироқ, бу, кит овлашни умуман таъқиқлаш учун ташланган биринчи қадам бўлишидан улар ҳавотирда.

Япония ва Норвегия каби кит овлаш тарафдори бўлган давлатлар, йилига бир мингта кит овланса дунё бўйича китлар сони камайиб кетмаслиги хусусида бахслашмоқда.

Кит овлаш бўйича халқаро комиссия 1946 йилда ташкил этилганида дунёда китлар сони кўп бўлган. Комиссияга аъзо бўлган давлатлар ўша пайтдан бери йилига қанча кит овлаш масаласини муҳокама қилиб келмоқдалар. Бироқ 1986 йилга келиб дунёда китлар сони кескин камайиб кетганидан сўнг, Кит овлаш бўйича халқаро комиссия ушбу ноёб сув ҳайвонини овлашга мораторий эълон қилди. Шунга қарамай, мазкур мораторий ҳозиргача амалда ижобий натижа бермади.
XS
SM
MD
LG