Линклар

logo-print

БМТ Хавфсизлик Кенгашида Афғонистондаги хавфсизлик ва наркотиклар муаммоси масаласи муҳокама этилди.

  • Ҳасанжон

БМТнинг юқори лавозимли расмийлари халқаро жамоатчиликни Афғонистондаги барқарорликни кучайтириш ва кўкнори етиштиришга қарши курашга чақирдилар. Расмийлар фикрича, ушбу икки омил Афғонистон, қолаверса минтақа барқарорлигига тахдиддир.

Афғонистондаги тинчликни сақловчи кучлар қўмондони Жан-Мари Геюно ва БМТнинг Наркотикларни назорат қилиш дастури директори Антонио Мариа Коста 17 июн куни Хавфсизлик Кенгаши аъзолари олдида чиқиш қилиб, сўнгги 18 ой давомида Афғонистонда хавфсизлик борасида амалга оширилган чоралар етарли эмаслигини таъкидладилар.

Маълумки, Афғонистон ҳукумати Кобулдан ташқари, вилоятларда ҳам халқаро тинчликни сақловчи кучларни ўрнатиш лозимлигини таъкидлаб келмоқда. Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Геюно айни шу масалани кўтарди.

Бироқ, Кенгаш аъзолари Афғонистондаги жорий вазият хусусида хавотир билдириш баробарида, Халқаро тинчликни сақловчи кучларни вилоятларда ҳам ўрнатиш ташаббусини ҳозирча қўллаб-қувватламадилар.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Негропонте Америка етакчилигидаги коалиция кучлари сўнгги пайтларда Афғонистонда анча фаоллашиб қолган Толиблар ва Ал-Қайда қолдиқларини таъқиб қилишни давом эттиришини билдирди. Негропонте Афғонистонда наркотикларга қарши курашда халқаро ҳамжамият томонидан етарли чора кўрилмаётганини тан олди. “Кўкнори етиштириш яна кенг тарқала бошлагани Афғонистондаги хавфсизлик ва қайта қуриш ишларига тахдид солмоқда. Бу борада биз жиддийроқ чоралар кўришимиз керак”.

БМТнинг Наркотикларни назорат қилиш дастури бошлиғи Антонио Мариа Коста эса Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига, Афғонистон дунёнинг асосий наркотиклар манбаси бўлиб қолиши кутилаётганини маълум қилди. Коста оддий афғон деҳқонининг иқтисодий вазияти ночор қолаётгани ҳамда наркотиклар Марказий Осиё давлатлари орқали Европага яширинча олиб ўтилаётганини алоҳида таъкидлади. БМТ вакилига кўра, Афғонистон ҳукумати наркотикларга қарши янги стратегиясини амалга ошириш учун халқаро ёрдамга мухтож.

“Афғонистон ҳукумати кўраётган чоралар етарли эмас. Муаммони ҳал этиш учун наркотиклар яширинча олиб ўтилаётган қўшни давлатлар ҳамда наркотиклар истеъмол қилинаётган Россия ва Европа давлатлари ўзаро мувофиқлашган ҳаракат қилишлари лозим”,- деб сўзига қўшимча қилди БМТнинг Наркотикларни назорат қилиш дастури бошлиғи Антонио Мариа Коста.

Афғонистонда наркотиклар яширинча тайёрланишида айрим маҳаллий расмийларнинг ҳам қўли борлиги тахмин қилинмоқда. Афғонистондаги Наркотикларни назорат қилиш давлат комиссияси бошлиғи Абдулла Илоҳий бу иддаоларни рад этмайди: “Биз лабораториялар борлигини инкор қилмаймиз. Улар яширин фаолият олиб боради. Бироқ, биз Мудофаа вазирлигига ҳисобот берадиган маҳаллий қўмондонлар наркотиклар ишлаб чиқарилишига алоқадорлиги ҳақидаги маълумотга эга эмасмиз. Агар хуфиёна бирон иш қилинаётган бўлса, биз буни рад эта олмаймиз”.

БМТнинг Наркотикларни назорат қилиш дастури директори Антонио Мариа Коста Хавфсизлик Кенгаши аъзолари эътиборини Афғонистондаги наркотиклар яширинча олиб ўтиладиган жойлар, хусусан, порт, аэропорт ва божхона расмийлари орасида коррупция чуқур илдиз отгани муаммосига қаратди. БМТ расмийси улар қадимий Ипак Йўлини “Наркотиклар йўли”га айлантирганларини айтди.
XS
SM
MD
LG