Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:49

Ислом Каримовнинг Эронга ташрифи мамлакатлараро алоқаларнинг яхшиланишига олиб келадими?


Фарангис Саид

Сешанба ва чоршанба кунлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Эронга тўртинчи расмий ташрифи бўлиб ўтди. Бундан олдингилари 1992, 1996 ва 2000 йилларда амалга оширилган. Хўш, бу галги ташриф муваффақиятли бўлдими?

Шуни айтиб ўтиш керакки, Каримовнинг Теҳронга ташрифи - сўнгги бир неча ой давомида Ўзбекистон ва Эрон расмийлари орасида ўтказилган қатор сўзлашувлар жараёнининг мантиқий якуни бўлди. Июн бошида Ўзбекистон бош вазири муовини, Ташқи иқтисодий алоқалар бўйича агентлик раҳбари Элёр Ғаниев Теҳронга борган эди. Эрон биринчи вице-президенти Муҳаммад Резо Ориф эса икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни ижобий баҳолаб, Ўзбекистон раҳбарининг Теҳронга ташрифи мамлакатлараро ҳамкорликка янги туртки беришига умид билдирганди.

Бироқ, расмий ва норасмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон президентининг бу сафар Эронга боришидан асосий мақсад икки томонлама алоқаларни яхшилаш эмас, балки янги транспорт коридори лойиҳасини муҳокама қилиш ва унда Ўзбекистон иштирокини таъминлашдир. Афғонистон ва Эрон ҳудудидан ўтадиган Рағозор автомагистрали орқали Ўзбекистон учун Форс кўрфазига йўл очилади.

Ислом Каримов Теҳронда нафақат Эрон президенти Муҳаммад Хотамий, балки Афғонистон Ўтиш даври ҳукумати раиси Ҳамид Карзай ва Тожикистон президенти Имомали Рахмоновлар билан учрашди.

Тожикистон президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Эркин Рахматуллаев учрашувга оид мана бундай маълумот берди:

- Аввал Тожикистон, Афғонистон ва Эрон делегациялари, сўнг Ўзбекистон, Афғонистон ва Эрон вакиллари учрашувлари режалаштирилган. Шундай қилиб, иккита уч томонлама учрашув бўлиб ўтади. Бироқ биз кўп томонлама урчашув ўтказишни режалаштирмадик. Билишимча, Ўзбекистон Марказий Осиёни Эрон билан боғлайдиган йўл лойиҳасига қизиқиш билдирган. Бу йўл Хайротон, Мозори-Шариф, сўнг Ҳирот ва Эрондан ўтиши керак.

Транспорт коридори ҳақдаги келишувдан тўрттала мамлакат, айниқса, бевосита денгиз портлари билан боғловчи йўлларга эга бўлмаган Ўзбекистон манфаатдордир.

Лондонда нашр этиладиган “Жейнс Сентинел: Россия ва МДҲ” журнали бош муҳаррири Алекс Ватанка фикрича, Теҳрон учрашуви жуда прагматик мақсадларни кўзлайди:

- Ушбу учрашувда асосий эътибор Тошкент ва Теҳрон раҳбарларига қаратилади. Чунки бу икки мамлакат, бу икки режим бир-бири билан ҳамкорлик қилмайди. Шундай бўлса-да, улар учрашмоқдалар ва ўта прагматик масала – Марказий Осиёни Форс кўрфази, Араб денгизи билан боғлайдиган йўл лойиҳасини муҳокама қилмоқдалар.

Бу йўлдан ҳам Ўзбекистон, ҳам Эрон манфаатдор бўлишига қарамай, Алекс Ватанка фикрича, Теҳрон учрашуви икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига олиб келмайди:

- Янги йўл лойиҳаси ижобий ўзгариш бўлса-да, менимча, унинг амалга ошиши натижасида Ўзбекистоннинг Эрон исломий ҳукуматига ёки бўлмаса расмий Теҳроннинг Тошкентга бўлган муносабати ўзгаради, деб ўйлаш нотўғри бўлади. Бу учрашув прагматизмдан дарак беради, давлатларо алоқаларда эса жиддий ўзгариш бўлмайди.

Дарҳақиқат, сўнгги 10 йил давомида Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги муносабатлар совуқ бўлиб келмоқда. Мутахассислар фикрича, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар бир ташриф натижасида илиқлашмайди. Бундан ташқари, Алекс Ватанка айтганидек, бунга на Ислом Каримов, на Муҳаммад Хотамий интилмоқда.
XS
SM
MD
LG