Линклар

Ат-Тикритий Тикрит шаҳрида қўлга туширилди

  • Ҳурмат Бобожон

Чоршанба куни Ироқдаги Америка ҳарбийлари Саддам Хусайнга яқин шахслардан бирини қўлга туширганликларини маълум қилдилар. Собиқ Ироқ президентининг котиби ва шахсий қўриқчиси бўлган Обид Махмуд Ат-Тикритий Ироқ шимолидаги Тикрит шаҳрида ушланди. Гарчи, Ат-Тикритий душанба куни қўлга туширилган бўлса-да, Пентагон бу ҳақдаги маълумотни атайлаб икки кун давомида жамоатчиликка ошкор қилмади. Чунки, Ат-Тикритий билан бирга Саддам Хусайннинг ўзи ҳам яширинган бўлиши мумкин, деган таҳминлар бор эди.

Аммо, Америка ҳарбийларининг Тикрит шаҳрида собиқ Ироқ раҳбарини топишга уринишлари натижа бермади. Эндиликда, Саддам Хусайннинг қаердалигини аниқлаш, Ат-Тикритий ва у билан бирга ушланган бошқа Ироқ расмийлари кўрсатмаларига боғлиқ кўринади. Шунинг учун ҳам Вашингтон учун собиқ Ироқ расмийсининг қўлга туширилиши муҳим аҳамият касб этмоқда. Маълумки, Бағдод қулашидан олдин собиқ Ироқ раҳбари иш жойини тез-тез ўзгартириб турган. Унинг қаерда бўлишини эса, фақат уч шахс – Саддамнинг ўзи, ўғли Қусэй ва шахсий котиби Ат-Тикритий билган.

"Ню-Йорк таймс" газетасининг Аҳмад Чалобий сўзларига таяниб ёзишича, 9 апрел куни Бағдод коалиция кучлари тарафидан ишғол этилганидан сўнг Саддам Хусайн билан бирга қочган шахслар унинг ўғиллари ва 46 яшар Махмуд Ат-Тикритий бўлган. Ўшанда, собиқ Ироқ диктатори ўзининг ҳамкорлари билан туғилиб ўсган шаҳри Тикритга қочган, деган хабарлар тарқалганди. Душанба куни Саддам Хусайн котибининг айнан Тикрит шаҳрида қўлга туширилгани эса бу хабарни яна бир бор тасдиқлади. Кўрфаз урушидан олдин АҚШнинг Ироқдаги элчиси бўлиб ишлаган, ҳозирда "Озод Ироқ" радиоси директори Дэвид Нютон гапиради: "Ҳозирча Саддам Хусайннинг қаердалиги номаълум. Айримлар, унинг Ироқ ичкарисида, аниқроғи туғилиб ўсган Тикрит шаҳрида яшринаётгани ҳақида гапиришмоқда. Саддам Хусайн билан ҳар доим бирга бўлган унинг шахсий котибининг Тикритда қўлга олингани эса Ироқнинг собиқ раҳбари узоққа қочмаганини кўрсатмоқда", - дейди Дэвид Нютон.

Ироқ Миллий Конгресси етакчиси Чалобийга кўра, Ат-Тикритий Саддам Хусайннинг туғишган жияни бўлгани учун ҳам, Ироқ раҳбари давлат сирларини унга ишонган. Тикритий собиқ Ироқ раҳбарининг шахсий котиби ва қўриқчиси бўлибгина қолмай, у миллий хавфсизлик ишларига ҳам масъул шахс бўлган. Ва энг муҳими, Пентагон расмийларига кўра, Саддам Хусайннинг шахсий котиби ва қўриқчиси Бағдод ҳукуматининг оммавий-қирғин қуроллари ҳақидаги маълумотга ҳам эга бўлиши мумкин. Сешанба куни АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Ироқда оммавий қирғин қуролларини қидиришда қўлга туширилган собиқ Ироқ расмийлари кўрсатмалари ёрдам беришини айтди. Аммо, дастлабки тергов давомида Тикритийдан на Саддам Хусайннинг қаердалиги ва на унинг оммавий қирғин қуроллари ҳақида маълумот олишнинг иложи бўлган.


"Тикритий Ироқнинг оммавий қирғин қуроллари ҳақида маълумотга эга шахслардан биридир. Ҳозирда, бу борада Британияда ҳам, Америкада ҳам тортишувлар давом этаётган бир пайтда Тикритийнинг қўлга туширилгани ва унинг кўрсатмалари кўп нарсага ёруғлик киритишига умид қилса бўлади", - дейди "Озод Ироқ" радиоси директори Дэвид Нютон.

"Ню Йорк таймс" газетасининг АҚШ Армияси генерали Рей Одиерно сўзларига таяниб ёзишича, Тикрит шаҳрида олиб борилган амалиётлар давомида Ал-Такритий билан бирга яна эллик нафар собиқ Ироқ хавфсизлик ҳизмати ходими ушланган. Ҳозирча уларнинг шахси ошкор этилмаяпти. Шунингдек, рейдлар давомида кўплаб ўқ отар қуроллар, йирик миқдорда пул ва қимматбахо буюмлар қўлга туширилди.

Ассошиэйтед Пресс хабарига кўра, Тикрит шаҳри чеккасидаги уйларнинг бирида Саддам Хусайнга тегишли деб гумон этилаётган 8 миллион доллар миқдорида пуллар топилган. Пентагон расмийлари, топилган маблағлар америкаликларга қарши партизанлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш учун яшириб қўйилгани ҳам истисно қилинмаяпти. Сўнгги пайтларда, ироқлик мерганлар тарафидан америка ҳарбийларига қарши қилинган бир қатор ҳужумлар шундан далолат бермоқда. Айнан ана шу ҳужумлар Америка ҳарбийларини Тикритда тозалаш ишларини бошлашга ундади.
XS
SM
MD
LG