Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:00

АҚШ судларининг аксил-урушдаги иштироки


Фарангис Саид Америка судлари АҚШ президенти Жорж Буш ва унинг маъмурияти терроризмга қарши кураш доирасида кўраётган қаттиқ чораларни аксарият ҳолларда оқламоқдалар. Бироқ америкалик ҳуқуқшунослар фикрича, хавфсизликни таъминлаш зарурати, деб, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари поймол қилинмоқда.

Масалан, АҚШ ҳукумати 2001 йил 11 сентябр террор ҳаракатларига алоқадорликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган 1200 одам исмларини ошкор этмаслигини маълум қилган эди. 17 июн куни Вашингтон суди ҳукуматнинг бу қарори ҳақли, деб ҳукм чиқарди. Ҳукм танқидчилари эса маҳбуслар ишлари қандай олиб борилаётганидан жамоатчилик хабардор бўлиши кераклигини ва бу билан фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоя қилинажагини айтмоқдалар.

Пол Розенцвейг - Вашингтонда жойлашган Хэритэж жамғармасининг ҳуқуқий масалалар билан шуғулланувчи ходимидир. Озодлик радиоси мухбири Эндрю Талли билан суҳбатда у икки зарурат – хавфсизликни таъминлаш ва инсон ҳуқуқлари тамойилларига риоя қилиш зарурати ўртасидаги мувозанатни қандай қилиб сақлаш мумкинлиги ҳақида гапириб, жамоатчиликни судларда қандай ишлар кўрилаётганидан бохабар қилиб туриш керак, деди.

Мутахассис маълум қилишича, АҚШда судлар Оқ Уй сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳоллари кўп учрайди:

- Уруш даврида судлар ижроия ҳокимият қарорларини доимо қабул қиладилар. Улар ижроия ҳокимият, яъни президентга бўйсунмасалар-да, бироқ унга қарши ҳам чиқмайдилар.

Хьюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотининг АҚШ дастури раҳбари Жэми Фелнер эса бундай тажриба анъанага айланган бўлса-да, уни тўғри деб бўлмаслигини айтади:

- Бундай мисоллар учраб туради. АҚШ тарихида миллий хавфсизликни таъминлаш устувор масалага айланган вазиятларда судлар ўзларини жуда ёмон тутган ҳоллар бўлган.

Бунга мисол сифатида Жэми Фелнер иккинчи жаҳон уруши даврида келиб чиқиши япон бўлган америкаликлар ҳибсга олингани, 20-асрнинг 50-йилларида эса коммунистлар тазйиққа учраганини айтиб, уларнинг фуқаровий ҳуқуқлари поймол этилганини эслатади.

Карнеги жамғармаси қошидаги Демократия ва қонун устуворлиги лойиҳаси раҳбарларидан бири Томас Каротерс бунга ҳамоҳанг фикр билдирар экан, ҳибсга олинганларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва вазиятни ўз фойдаларига ўгириш имконлари йўқ, дейди. “Қўлга олинганларни ҳеч ким ҳимоя қилмайди”, - дейди Каротерс:

- Америкаликларнинг аксарияти уларга нисбатан бу каби чоралар кўрилмайди, деб ўйлайди. Бу эса ниҳоятда хавфли фикрлашдир.

Айни вақтда қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари 1200 маҳбус исмлари ошкор этилишини талаб қилмоқдалар. Миллий хавфсизлик тадқиқотлари маркази ҳам шулар жумласидан. Марказ директори Кейт Мартин бу шарт бажарилишини талаб қилиб, АҚШ Олий судигача боришга тайёрлигини айтади.
XS
SM
MD
LG