Линклар

Марказий осиëликлар Хитойни минтақага потенциал таҳдид сифатида кўришмоқда.


Акрам Файзулло

Хитой қудратли давлатлардан бирига айланаëтгани марказий осиëликларни пировардда Пекин минтақада иқтисодий ва ҳарбий соҳаларда ҳукмрон бўлишидан ташвишлантирмоқда.

Расмий Пекин минтақада хукмрон бўлишни эмас, балки Марказий Осиë мамлакатлари билан ҳамкорлик қилишни хоҳлаëтганини тез-тез такрорламоқда. Аммо Олматидаги Менежмент, Иқтисод ва Стратегик тадқиқот институтида ишловчи Ричард Фалиснинг қайд этишича, Марказий Осиë мамлакатлари Хитой билан алоқалар ривожланиб бораëтганига қарамай, Пекиндан барибир шубҳаланишмоқда.

“Марказий Осиëда, айниқса, Қозоғистонда ҳар доим Хитойга шубҳа билан қаралган. Остонадаги сиëсатчилар ва сиëсатшунослар бир кун келиб Хитой минтақани ишғол қилиши мумкин, деб ўйлашади. Мен шахсан бу фикрга қўшилмайман, аммо бундай қарашлар мавжуд”, - деди Ричард Фалис.

Яқинда Хитой халқ республикаси раҳбари Ху Цзинтао ўзининг биринчи чет эл сафари доирасида Остонага ташриф буюриб, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашди. Музокаралардан кейин Назарбоев шуларни баëн этган эди.

“Бугун Қозоғистон ва Хитой ўртасида ижтимоий, иқтисодий ëки сиëсий соҳаларда ҳал этилмаган бирор-бир масала йўқ”, - деди Назарбоев.

Яқинда Хитой Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон билан чегараларга оид келишмовчиликларни ўз фойдасига ҳал қилди. Аммо расмий Бишкек 1996 ва 1999 йиллардаги чегара шартномаларига кўра жами 125 минг гектар ерни Хитойга топширгани Қирғизистонда оммавий норозиликларга сабаб бўлди.

Қирғизистон Асаба Миллий Тикланиш партияси раисининг ўринбосари Давлат Нусупов Бишкек ҳукумати Хитойга жуда катта ерни берганидан шикоят қилди.

“Ҳукумат мамлакатни тўғри йўлга, тараққиëт сари етаклаш ўрнига, бизга бир ярим миллиард аҳолиси бўлган Хитой Қирғизистонни ишғол қилиши мумкинлигини айтмоқда. Ваҳоланки, ҳукумат айтган Хитой агрессиясидан бурун Қирғизистон ўзининг катта ҳудудларини йўқотиб бўлди”, деди Давлат Нусупов.

Қозоғистоннинг Хитойдаги собиқ элчиси Мурод Ауэзовга кўра, марказий осиëликларнинг Хитойга шубҳа билан қарашлари узоқ тарихга эга.

“Мен Хитойнинг қандай давлат бўлганини, унинг тарихи ва маданиятини яхши биламан. Биз Хитой сиëсатчиларининг гапларига ишонмаслигимиз керак. Тарихчи сифатида айтишим мумкинки, Хитой ҳар доим ўз ҳудудларини кенгайтириш ниятида бўлган”, - деди Мурод Ауэзов.

Душанбе давлат университети профессори Жўрабек Мирзаев эса оптимистик фикрда. Унинг фикрича, Марказий Осиë мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги алоқалар янада ривожланади ва бундан барча томонлар фойда кўради.

“Албатта, Хитой, агар истаса бизга таҳдид қила олади. Аммо агар биз алоқаларни мустаҳкамласак, Хитой бизга ëрдам беради”, - дейди душанбелик профессор Жўрабек Мирзаев.
XS
SM
MD
LG