Линклар

logo-print

Эрондаги қуролланган диний посбонлар кимлар, уларнинг мақсади нима?


Акрам Файзулло

Эронда полиция кучлари билан бир қаторда жамоат тартибини қуролланган диний посбонлар қўриқлашади. Улар асосан мамлакатда исломий қоидалар ва урф-одатларни бузган шахсларни жазолаш билан шуғулланишади. Шу ҳафта Теҳронда мамлакат раҳбарларига қарши намойиш қилган кўплаб талабалар диний посбонлар томонидан калтакланди.

“Ансар Хезболлоҳ” гуруҳига аъзо посбонлар баъзи юқори лавозимли уламоларнинг буйруқларини бажараëтганга ўхшайди. Аммо бу расман эълон қилинмайди.

Диний посбонларнинг ўзлари Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хаманаига содиқ эканларини билдиришган.

Англиядаги Дурм университети қошидаги Эрон бўйича тадқиқот марказини бошқарувчи Али Ансарининг айтишича, “Ансар Хезболлоҳ” гуруҳининг диний посбонлари жамият учун жиддий муаммога айланган.

“Улар худди мафия сингари ëлланмоқда. Калашников автоматлари ва таëқлар билан қуролланган диний посбонлар одамларни калтаклаб кетишмоқда”, - деди Али Ансари.

Бундан уч йил олдин диний посбонлар Теҳрон университети ëтоқхонасига бостириб кириб, ҳукуматга қарши намойиш бошлаган талабаларни калтаклаб кетишган. Ўшанда тўқнашувлар давомида бир талаба нобуд бўлган эди.

Кеннет Катцман АҚШ Конгресси қошидаги тадқиқот марказида Яқин Шарқ масалалари бўйича мутахассис. Диний посбонларнинг Эрон жамиятидаги роли ҳақида мутахассис шундай дейди:

“Эронда диний посбонлар йиғин ëки зиëфатларда диний урф-одатларни бузган одамларни, Ғарб филмлари туширилган видео-кассеталарни сотувчи шахсларни ва Ислом қоидаларга зид кийинган қизларни калтаклаб, жазоламоқдалар”, - деди Кеннет Катцман. Унинг яна қайд этишича, диний посбонлар Эрон ҳукуматига қарши бўлган баъзи шахсларни қатл этишган.

Таҳлилчи Али Ансари фикрича, Эрондаги айрим уламолар диний посбонлар қўли билан норозилик намойишларини бостиришга уринмоқдалар. Аммо унинг қайд этишича, бу ҳукумат учун ҳам хавфли бўлиши мумкин.

“Жиддий муаммолардан бири шундаки, диний посбонлар ҳар доим жанжал чиқаришни хоҳлашади. Уларнинг мақсади, одамларни қўрқитиш ва калтаклаш орқали мамлакатда фавқулодда ҳолат яратишдан иборат. Аммо ҳукумат бунга қарши. Раҳбарлар вазиятни назорат қилишни истайдилар”, - дейди Али Ансари. Мутахассис шунингдек, Теҳрон ҳукумати халқнинг оммавий норозилик намойишлари пировардда инқилобга айланиб кетиши эъҳтимолидан хавотирланаëтганини қайд этди.

Шунинг учун бўлса керак, куни кеча Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хаманаи диний посбонларни намойишларга аралашмасликка чақирди. Полиция ҳам баъзи диний посбонларни ҳибсга олди ва айрим жойларда посбонларнинг намойишчиларга ҳужум қилишларига йўл қўймади.
XS
SM
MD
LG