Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:49

Ироқдаги Америка ҳарбийлари тез-тез ҳужумларга учрамоқда.


Акрам Файзулло

Сўнгги пайтларда Ироқдаги Америка ҳарбийлари тез-тез собиқ Бағдод режими қолдиқлари ҳужумларига учрамоқда. Ҳар ҳафта Ироқда бир ëки икки Америка аскари мерганлар ўқидан ëки миналар портлашидан ҳалок бўлмоқда.

Президент Жорж Буш 1 май куни асосий ҳарбий амалиëтлар ниҳоясига етганини эълон қилгандан бери, Ироқда деярли 50 нафар америкалик аскар ҳалок бўлди. Бу аскарларнинг аксарияти турли ҳалокатлар туфайли нобуд бўлди. Шу кунларда ҳам ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлаëтган аскарлар сони ортиб бормоқда.

Айни пайтда, Ироқда Америка оккупациясига қарши норозиликлар ҳам кучаймоқда. Ироқликлар мамлакатдаги тартибсизликлар, электр қуввати ва бензин танқисликлари ва ҳатто йўлардаги тиқилинчга ҳам Вашингтонни айблашмоқда.

Ироқликларнинг айтишларича, Қўшма Штатлар Ироқ ҳукуматини ташкил қилиш ҳақида берган ваъдасини бажармаган ва ҳокимиятни ироқликларга топширишни хоҳламайди. Ироқ армияси тарқатилгани оқибатида ишсиз қолган кўплаб собиқ аскарлар яқинда Бағдодда намойиш қилиб, мамлакатдаги Америка ҳарбийларига қарши партизанлик урушини бошлашлари ҳақида таҳдид этдилар.

Женевадаги халқаро хавфсизлик сиëсати бўйича тадқиқот маркази таҳлилчи Жулиян Фринчнинг қайд этишича, АҚШ қўшинлари Ироқни оккупация остида сақлаб тургани учун ҳужумларга учрамоқда:

“Ироқликларнинг аксарияти, тўғрими ëки нотўғрими, мамлакатдаги Америка ҳарбийларига босқинчи кучлар сифатида қарайди. Улар британияликларга нисбатан ҳам шундай муносабатдалар. Америкаликлар ҳаттоки яхши ният билан Ироққа кирган бўлса ҳам, мамлакатда уларга қаршилик кўрсатиш узоқ вақт давом этиши мумкин”, - деди Жулиян Фринч.

Яқин Шарқ масаласи бўйича бошқа бир таҳлилчи Нил Патрик Ироқда Америка ҳарбийларини нишонга олаëтганларнинг барчаси Саддам Ҳусайнга содиқ шахслар эмаслигини гапиради:

“Нафақат собиқ Бағдод режими қолдиқлари, балки оккупацияга қарши бўлган Ироқнинг айрим оддий фуқаролари ҳам Америка ҳарбийларига қарши ҳужумлар қилишмоқда”, - дейди Нил Патрик.

Кузатувчилар фикрича, Америка аскарлари бегона юртда маҳаллий урф-одатларни ҳурмат қилиш борасида катта тажрибага эга эмаслар. Мисол учун, яқинда Америка аскарлари айрим ироқлик аëлларни пайпаслаб текширгани маҳаллий омманинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлди.

Таҳлилчи Жулиян Фринчнинг айтишича, Ироқдаги Британия аскарлари исломий қоидаларни ҳурмат қилишаëтгани туфайли, жиддий қаршиликларга учрамаяптилар.

Аммо Нил Патрик бу фикрга қўшилмайди.

“Британия аскарлари асосан Басра шаҳрида жойлашган. Ироқнинг суннийлар истиқомат қиладиган минтақаларида Британия аскарларини учратмайсиз. Америка ҳарбийлари эса Бағдод ва унинг атрофидаги ҳудудларда ҳужумларга учрамоқдалар”, - дейди Нил Патрик.

Таҳлилчининг қайд этишича, Басра аҳолиси ҳам Британия ҳарбийларидан норози, аммо Саддам Ҳусайн даврида оғир азият чеккан шиалар ҳозирча коалиция кучларига қарши қўлларига қурол олишганича йўқ.
XS
SM
MD
LG