Линклар

Тожикистондаги референдум Рахмонов учун 2020 йилга қадар курсисини сақлаб қолишига имконият яратди

  • Ҳурмат Бобожон

Тожикистонда мамлакат конституциясига ўзгартишлар киритиш ва президент ваколатини узайтириш бўйича референдум расман бўлиб ўтди, деб эътироф этилди. Референдум давомида сайловчилар амалдаги конституцияга 50дан ортиқ ўзгартишлар киритиш юзасидан муносабат билдирдилар. Тожикистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоали Болтуев референдумда сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 80 фоизи қатнашганини ва уларнинг 93 фоизи конституцияга ўзгартишлар киритилиши учун овоз берганини эълон қилди.

Конституцияга киритилажак ўзгартишлар, иқтидордаги президент Эмомали Раҳмоновга яна икки марта президентликка сайланиш ҳуқуқини беради. Агар Рахмоновнинг президентлик муддати 2006 йилда тугаши инобатга олинса, якшанба кунги референдум натижалари унга 2020 йилгача амалда қолиш имконини беради. Аммо, Тожикистон президенти Эмомали Рахмонов журналистлар саволларига жавоб берар экан, 2006 йилда бўладиган президентлик сайловларида қайта номзодини қўйиш масаласини ҳали ўйлаб кўришини айтди.

- Бу саволингизга жавоб беришга мен ҳозир умуман тайёр эмасман. Унгача ҳали яшаш керак. Эртага соғмизми, йўқми, буни ҳозирдан айтиб бўлмайди. Балки президентликка янги муқобил номзодлар пайдо бўлар. Бўлажак сайловлар муқобил бўлиши ва биз бунга ўрганишимиз керак, - деди президент Эмомали Рахмонов.

Тожикистонда ўтган референдум ҳали бошланмай турибоқ, у мухолифат партиялари танқидига учради. Мухолифат вакиллари, якшанба кунги референдумни Раҳмонов ҳукумати умрини узайтиришга қаратилган ҳаракат дея, талқин этмоқдалар. Улар фикрича, Тожикистон раҳбарияти Ғарб танқидларидан қочиб, референдумни қулай пайтга белгилаган. Сўнгги пайтларда Тожикистонда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги борасида ўсиш кузатилгани халқаро ташкилотлар ҳисоботларида қайд этила бошлаганди. Якшанба кунги референдумни 33 давлатдан намоёндалар кузатиб борди.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тожикистонда овоз бериш жараёнини кузатиб бориш учун ўз вакилларини Душанбега юбормади. Америка Қўшма Штатларига келсак, ўтган ҳафта Тожикистонга ташриф буюрган Давлат котиби вакили Линн Паско референдум мамлакат ички иши экани боис Вашингтон бу жараёнга унчалик эътибор билан қарамаслигини айтди.

Россия ҳам Тожикистондаги овоз бериш жараёнига салбий муносабат билдирмади. Чунки, кузатувчилар фикрича, Москва Душанбе ҳукумати тепасида айнан Раҳмонов қолишини истайди. Айниқса, Россия президенти Владимир Путиннинг яқинда Тожикистонга сафаридан сўнг икки давлат ўртасида муносабатлар янги босқичга кўтарилди.

Референдум йўли билан президент ваколатини узайтириш тажрибаси сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларида кенг қўлланилмоқда. Халқаро кузатувчилар назарида кейинги ўн йил ичида Марказий Осиёда умрбод президентлик тенденцияси кузатилмоқда. Қозоғистон ва Қирғизистондан сўнг 2002 йилда Ўзбекистонда икки палатали парламент ва мамлакат президенти ваколатини узайтириш бўйича референдум бўлиб ўтди. Натижада, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2005 йилда бўладиган президентлик сайловларида қайтадан ўз номзодини қўйиш имкониятига эга бўлди. Ҳолбуки, Марказий Осиёнинг бу давлатлари конституцияларида президент икки муддатдан ортиқ муддатга сайланиш ҳуқуқига эга эмаслиги таъкидланади. Туркманистонда эса халқ референдумлар учун ортиқча харажатлардан воз кечиб, бира тўла Сапармурад Ниёзовни умрбод президентликка сайлаб қўяқолди.
XS
SM
MD
LG