Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:29

Икки дўстни бир-биридан ажратган уруш


Акрам Файзулло

Босния уруши давомида Горажди шаҳри БМТ ҳимоясида бўлган хавфсиз минтақалардан бири эди. Шаҳардан етти километр нарида Милжановичи қишлоғи жойлашган. Шу қишлоқда улғайган босниялик серб Яван Яванович ва мусулмон Муҳаммад Буква урушдан олдин қалин дўст эдилар.

Яванович Милжановичи қишлоғида кечган ëшлик даврини эслайди.

“Босниялик мусулмонлар ва серблар орасида кўплаб дўстларим бор эди. Урушдан илгари Боснияда одамлар миллати ëки динига қараб ажратилмас эди”, - дейди Яванович.

Муҳаммад Буква урушдан олдинги даврларни қўмсайди.

“Биз ҳар хил байрамларда бир-биримизникига меҳмонга бориб турар эдик. Серблар орасидаги дўстларим ичида Яван Яванович менинг энг ишончли ва қадрдон ошнам эди. Биз мактабга бирга қатнадик, бирга улғайдик, турли қишлоқ кўргазмаларида бирга бўлар эдик”, - дейди Буква.

Аммо Боснияда уруш бошлангандан сўнг икки дўст бир-бирига қарши жангга отланди. Яванович урушнинг дастлабки кунларини ëдга олади.

“Боснияда уруш бошланиши билан миллатлар орасида айирмачилик бошланди. Мен серблар армияси сафига қўшилдим. Муҳаммад эса мусулмонлар армиясига кирди. Уруш оқибатида ҳар икки томон ҳам катта йўқотишларга учради, оғир азиятлар чекди”, - деб ҳикоясини давом эттиради Яванович.

Уруш давомида душман ичида дўстингиз Муҳаммад Буква дуч келиб қолса, унга қарши ўқ отармидингиз, деган саволга Яванович шундай жавоб беради:

“Йўқ, ҳаттоки уруш пайтида ҳам биз бир-биримизни отишимизга ишонмайман. Уруш тўрт йил давом этди, бизнинг дўстлигимиз эса узоқ йиллардан бери давом этиб келмоқда”, - дейди Яванович.

Муҳаммад Буква дўсти Яван Явановични гапларини тасдиқлаб, шуларни қўшимча қилади:

“Биз урушдан олдин қалин дўст ва жуда яхши қўшни бўлганимиз туфайли, қуролларимизни бир четга қўйиб гаплашар, кейин эса у серблар, мен эса мусулмонлар томонга қараб кетган бўлар эдик”, - дейди Буква.

Эндиликда Муҳаммад Буква ва Яван Явановичлар яна биргалар. Босниялик мусулмонлар ва серблар уруш оқибатида вайронага айланган уйларини биргаликда қайта қурмоқдалар, байрамларни биргаликда нишонламоқдалар. Уларнинг болалари бирга ўйнашади, мактабга бирга қатнашади. Бу икки дўстнинг урушдан олдинги ва кейинги ҳаëт ҳикоялари кечириш ва ярашишни тушуниши қийин бўлаëтган кўплаб одамлар учун яхши бир намуна бўлиши мумкин.

Яван Яванович ҳар бир боснияликнинг тинч-тотувликда яшай олишига ишонади.

“Биз келажакка яхши умид билан боқишимиз керак. Ўзимизнинг, оиламизнинг ва келгуси авлодларимизнинг келажагини ўйлаб, уруш такрорланишига ҳеч қачон йўл қўймаслигимиз зарур”, - деб хулосалайди ўз ҳикоясини босниялик Яван Яванович.
XS
SM
MD
LG