Линклар

logo-print

Икки ўлиб бир тирилган Саддам Хусайн

  • Ҳурмат Бобожон

Саддам Ҳусайн ўтган хафта Ироқ шимолида ҳаракатланаётган автомашиналар карвонида бўлганига Вашингтондагилар шубха қилишмаяпти. Сурия чегараси томон йўналган ўша автоколонна 18 июн куни Американинг "Хеллфайер" ракеталаридан ўққа тутилган эди. Британияда чиқадиган "Observer" газетаси ҳужумлар оқибатида Саддам Ҳусайн ўғли Қусэй билан бирга ҳалок бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқатди. Аммо, таҳлилчилар ушбу маълумотга эхтиёткорлик билан ёндашмоқдалар. Улар фикрича, токи автоколонна қолдиқлари ва унинг ичидан топилган жасадлар ДНКси аниқланмас экан, Саддам ҳалок бўлди деган хулосага келиб бўлмайди. Зотан, собиқ диктатор ўлими билан боғлиқ бундай маълумотлар биринчи марта тарқалаётгани йўқ.

Саддам Ҳусайн 20 март куни Бағдод жанубидаги бункерда бомбардимонлар остида ҳалок бўлгани, ёки бўлмаса апрел ойида Бағдоднинг Мансур мавзесидаги ресторанларнинг бирида ўғиллари билан бирга ҳаво ҳужуми оқибатида ўлгани ҳақида олдин ҳам хабар қилинган эди. Аммо, олиб борилган ДНК текширувлари Саддам ҳар икки ҳаво ҳужумидан ҳам омон қолганини кўрсатмоқда. Қолаверса, бу маълумотни собиқ диктаторнинг хизматкори берган кўрсатмалар ҳам тасдиқлайди. Британияда чиқадиган "Тайм" ҳафтаномаси душанба куни Саддам Ҳусайннинг 18 яшар собиқ хизматкори билан ўтказилган суҳбатни эълон қилди. Суҳбат давомида собиқ хизматкор ўз соҳибини сўнгги марта 6 апрел куни, яъни Бағдод ишғол этилишига уч кун қолганида кўрганини айтган.

Шунингдек, Саддам Ҳусайн тирик экани ҳақида Маҳмуд ат-Тикритий ҳам кўрсатма берган. Ироқ маъмуриятида тўртинчи шахс бўлган ат-Тикритий 17 июн куни Ироқ шимолида қўлга туширилган эди. Унинг сўзларига қараганда, Ироқ собиқ диктатори урушнинг сўнгги кунлари ўғиллари билан Сурияга қочган ва кейинчалик яна Ироққа қайтган. Аммо Америка ҳарбийлари Тикритийнинг бу кўрсатмаларига гумонсираб қарамоқдалар.


Агар, Саддам Ҳусайн ва ўғилларининг америкаликлар ракета ҳужумига учраган автомашиналар карвонида бўлмагани аниқланса, унда ягона умид собиқ Ироқ раҳбарининг шахсий котиби ва қўриқчиси ат-Тикритий кўрсатмаларига боғлиқ бўлади. Аммо, истеъфодаги АҚШ Армияси полковники Кэннет Аллард бу борада фақатгина Тикритий кўрсатмаларига ишониш нотўғри бўлишини айтади. "Бу ерда икки муаммо бор. Биринчиси, Саддамнинг қаердалиги ҳанузгача номаълум. Иккинчи муаммо эса, у Ироқда қандай тармоқ қолдирган бўлиши ва кейинчалик мазкур тармоқ қаршилик ҳаракатига айланиши мумкинми деган саволнинг очиқ қолаётганидир. Албатта, буларни аниқлашда Маҳмуд ал-Тикритий кўрсатмалари фойдадан холи бўлмайди. Аммо, фақат Тикритий кўрсатмаларига кўз тикиб ўтирмасдан, бошқа разведка манбаларини ҳам ахтариш керак", - дейди собиқ Америка ҳарбийси.

Кэннет Аллард фикрича, Саддам Хусайнни ушлаш коалиция кучлари учун муҳим масала. Чунки, унинг қўлга туширилиши оммавий қирғин қуроллари қаерга яширилганини аниқлаш демакдир. Яна бир америкалик таҳлилчи Энтони Кордесман ҳам айни шундай фикрда. АҚШ Мудофаа ва Давлат департаменти тизимларида узоқ йил ишлаган Кордесман Саддам Ҳусайннинг ушланиши Вашингтон учун сиёсий жиҳатдан муҳим масала эканини айтади. Чунки, - дейди таҳлилчи, - токи собиқ Ироқ диктатори қўлга олинмас экан, юридик жиҳатдан ғалабага эришилгани ҳақида гапириб бўлмайди. Афғонистон уруши оқибатлари шундан далолат бермоқда: "Афғонистонда "ал-Қойда" ва Толибон етакчилари омон қолгани боис, у ерда ҳарбий мужодала ҳали ҳам давом этмоқда. Бу эса биз Афғонистон урушида ғалаба қозонмаганимизни кўрсатмоқда. Афғонистонда терроризм хавфи камайди, аммо у таг-томири билан йўқ қилинмади", - дейди Кордесман.

Пентагон расмийларини эса Ироқда тобора кучаяётган қаршилик ҳаракати ташвишлантирмоқда. Партизанлик ҳаракати кўринишидаги бундай гуруҳларни айнан собиқ Ироқ диктатори молия билан таъминлаётгани ҳақидаги таҳминлар ҳам йўқ эмас. Сўнгги пайтларда, ироқлик мерганлар тарафидан Америка ҳарбийларига қарши қилинган бир қатор ҳужумлар шундан далолат бермоқда. Айнан ана шундай ҳужумлар Америка ҳарбийларини собиқ Ироқ раҳбарини топишга ундаётган бўлса, ажаб эмас.
XS
SM
MD
LG