Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:52

“Умрбод қамоқ жазоси: халқаро андозалар ва тажриба” номи остида Қозоғистонда ўтган халқаро анжуман.


Маълумки, аксарият МДҲ давлатларида оғир жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан ўлим жазоси қўлланиб келинмоқда. 90-йиллар охирида Россия ва Украина ўз қонунларини ислоҳ қилиб, оғир жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан ўлим жазосини қўллашни бекор қилиб, ўрнига умрбод қамоқ жазосини жорий этди. Халқаро ҳамжамият МДҲнинг бошқа давлатларини ҳам айнан шундай қилишга ундамоқда.

23 – 24 июн кунлари Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамкорлигида мазкур масалага бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. “Умрбод қамоқ жазоси: халқаро андозалар ва тажриба” номи остида ўтган анжуманни Қозоғистон Адлия вазирлиги, Қамоқхоналарни ислоҳ қилиш халқаро ташкилотининг Алматида жойлашган маркази, шунингдек, Голландия элчихонаси биргаликда ташкил этди. Учрашувда Россия, Украина, Ўзбекистон ва Тожикистон вакиллари ҳам қатнашдилар.

Анжуманда иштирок этган Европа Кенгаши экспертлари ўлим жазосини умрбод қамоқ жазосига ўзгартириш бўйича Европа давлатлари тажрибаси билан ўртоқлашдилар.

Қамоқхоналарни ислоҳ қилиш халқаро ташкилотининг Қозоғистондаги ваколатхонаси директори Бера Ткаченко анжуманда сўзга чиққан Россия ва Украина вакиллари ўз мамлакатларида тўпланган тажриба ҳақида гапириб берганларини маълум қилди.

Халқаро ташкилот вакилига кўра, бу масала Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам кўриб чиқилиши мумкин: “Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари ҳам анжуманда иштирок этдилар. Чунки, мазкур масала ушбу давлатларда ҳам муҳокама этилиши мумкин”,-деди Бера Ткаченко.

Анжуман қатнашчилари ўлим жазосини умрбод қамоқ жазосига ўзгартириш жараёни билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар.

Анжуманда қатнашган Қозоғистон Адлия вазири Онаслин Жумабеков, ўта хавфли жиноятчилар учун ўлим жазоси ўрнига умрбод қамоқ жазосини белгилаш Қозоғистонда 2006 йилдан кейин жорий этилишини, унгача ҳуқуқий пойдевор яратиш лозим бўлишини қайд этди.

“Ҳозирги кунда биз ўлим жазосини бекор қилиш устида эмас, балки умрбод қамоқ жазосини қандай қилиб амалда жорий этиш устида бош қотиряпмиз”,-деди Қозоғистон Адлия вазири.

Анжуманда нутқ сўзлаган Қозоғистон президенти маъмурияти бошлиғи Сергей Рогов, мамлакатда ўлим жазосини бекор қилиш йўлидаги ҳаракатлар жамиятни янада демократиялаштириш йўлидаги зарурий эҳтиёж эканини урғулади.

Бу муаммони хал этиш Қозоғистон ҳукуматидан катта маблағ сарфлашни талаб этади. Масалан, биргина Павлодардаги маҳбуслар ишлаган собиқ цехни умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган махбуслар учун маҳсус қамоқхонага айлантиришнинг ўзига, Қозоғистон Адлия вазирлиги қўмитаси ҳисоб-китобига кўра, 5.4 миллион доллар сарфланиши керак. Агар қамоқхона нозирларини тайёргарликдан ўтказиш ва уларга тўланадиган хақ қўшиб ҳисобланса, Игор Роговга кўра, бу маблағ 13.5 миллион долларни ташкил этади.
XS
SM
MD
LG