Линклар

logo-print

Иссиқ кўлда ишчи мигрантлари ҳуқуқларига бағишланган анжуман


Абдуллоҳ Эргаш

Иссиқ кўлда ўтаётган ишчи мигрантларни ижтимоий ҳимоялаш масалаларига бағишланган анжуман ҳақида Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги миграция масалалари бўлими мутаҳассиси Василий Кравцов шундай маълумот беради:

“Мигрантларнинг меҳнат фаолиятини тартибга солиш ўта зарурдир. Чунки ишчи мигрантлар арзон мехнат кучи бўлганликлари учун, ички меҳнат бозорида номутаносибликлар юз бермоқда. Иссиқкўлда ўтаётган анжуманнинг асосий мақсади ана шу масалани ҳал этишдир.”

Марказий Осиё мамлакатларидаги иқтисодий қийинчиликлар туфайли минглаган одамлар ўзга мамлакатларга иш излаб кетишга мажбур бўлмоқдалар. “Ишчи мигрант” деб аталувчи бу тоифа асосан Россия ва Қозоғистонда арзон меҳнат кучи сифатида фойдаланилмоқда. Бу икки мамлактадаги ишчи мигрантларнинг асосий қисмини Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ташкил этади. Расмий маълумотларга кўра, Тожикистоннинг бир миллиондан, Қирғизистоннинг 600 мингдан ортиқ фуқароси Россияда тирикчилик қилмоқда.

Қирғизистон расмийси Усен Нурмамбетовнинг билдиришича, бошқа мамлакатларга иш излаб кетаётган қирғизистонликларнинг асосий қисми республиканинг иқтисодий жиҳатдан қолоқ жанубий вилоятлари ахолисидир.

“Асосан Боткен, Жалолобод ва Лайлак аҳолиси чет мамлакатларга иш излаб кетмоқда. Бу ҳудудларда иқтисод ривожланмаган. Аҳолининг асосий қисми қашшоқ”, - дейди Усен Нурмамбетов.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ташаббуси билан Иссиқкўлда ўтаётган анжуман ҳам Марказий Осиё ишчи мигрантлари масаласига бағишланган. Уч кун давом этадиган анжуманда Марказий Осиё мамлакатлари вакиллари бошқа давлатларга иш излаб кетаётган фуқароларни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаш масалаларини муҳокама қиладилар. Кузатувчиларга кўра, бугунги кунда бу энг долзарб муаммо бўлиб қолмоқда.

Яқинда Қозоғистон ҳуқумати 150 га яқин ишчи мигрантни ўз ҳудудидан Қирғизистонга депортация қилди. Бу одамлар орасида Тожикистоннинг 50, Ўзбекистоннинг 40 нафар фуқароси бор эди. Халқаро қоидаларга кўра, ҳар бир шахс ўзи яшаб турган мамлакатга депортация қилинмоғи зарур. Кузатувчилар фикрича, биргина мана шу ҳодисанинг ўзи, ишчи мигрантлар ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилаётганлигини кўрсатиб турибди.

Россияда эса Марказий Осиёдан иш излаб борган одамларга нисбатан куч ишлатиш, уларнинг ҳаётига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Москвага иш излаб бориб тажовузга учраган қирғизистонлик Калил Калбаев шундай дейди:

“Москванинг Қозон вокзалида мени милиционерлар ушлаб олиб уч кун қамаб қўйишди. Чунки уларга бергани 200 рублим йўқ эди. Уч кундан кейин эса бир одам мени олиб кетиб қулдай ишлатди. Ишлатгани етмагандай мени калтаклади. Қаршилик қилай десам, чўнтагимга героин солиб қўйишиб, қамаб юборишларидан қўрқдим”.

Қалил Қалбаев каби оғир вазиятларга тушиб қолган Марказий Осиёликлар иш излаб борган мамлакатлар ҳуқуқ - тартибот идораларидан ҳимоя топа олмайдилар. Ишчи мигрантлар муаммолари мавзусида Иссиқкўлда ўтаётган анжуманда ҳам, ўзга мамлакатларга иш излаб борган одамлар ҳуқуқий жиҳатдан деярли ҳимояланмаётганликлари қайд этилди. Ушбу муаммони ҳал этиш, Марказий Осиё ҳукуматлари олдида турган энг долзарб масаладир.
XS
SM
MD
LG