Линклар

Саддам Ҳусайннинг шахсий котиби Беларус паспорти билан ушланди

  • Ҳурмат Бобожон

Ироқ ҳукуматининг собиқ аъзолари Сурияга эмас, собиқ Совет республикаси Беларусга қочишни режалаган бўлишлари мумкин. Саддам Ҳусайннинг шахсий котиби ва қўриқчиси ат-Тикритий ёнидан Беларус паспортлари топилгани шундай таҳминни юзага чиқарди.

Саддам Ҳусайн ҳукуматида тўртинчи шахс бўлган Тикритий ўтган хафта Ироқ шимолидаги Тикрит шаҳри яқинида қўлга олинди. Британияда чиқадиган "Independent" газетасининг Бағдоддаги мухбири Патрик Кокборннинг хабар беришича, Тикритий ушланганида унинг ёнидан турли шахслар учун ҳозирланган Беларус паспортлари топилган. Бу ҳақда Кокборн "Озодлик" мухбирига шуларни айтади:"Мендаги маълумотларга кўра, Обид Ҳамид ат-Тикритий Сурияга борган ва у ерда Белорус паспортларини олиб яна Ироққа қайтган. Яъни гап унинг ёнидан топилган паспортлар ҳақида кетяпти. Аммо, Тикритий бу паспортларни қаердан олди, Сурия ҳукумати унга ёрдам бердими ёки улар қалбакими, ё бўлмаса Беларус ҳукумати унга бу паспортни берганми, бу ҳақда менда маълумот йўқ".

Саддам Ҳусайн ҳақидаги бир қатор мақолалари билан танилган "Independent" газетаси мухбири Патрик Кокборн Тикритий ёнидан топилган Беларус паспортларини кўрмаганини, у бу ҳақдаги маълумотни Курдистон Демократик партияси разведка мулозими Ҳўшёр Зўбарийдан олганини айтади.

Аммо, Кокборн Ироқ собиқ амалдорларининг Белорусга қочиш режаси бўлганига гумонсираб қарашини айтади. Албатта, Беларус ва унинг раҳбари Лукашенканинг АҚШ билан муносабатлари ёмон. Лекин, британиялик журналист фикрича, Минск Саддам Хусайн ва унинг ўғиллари Удай ва Қусайларга бошпана беришга ботинолмайди. Чунки, собиқ КГБ амалдорларидан иборат Беларус хавфсизлик ҳизматининг Россия махсус ҳизматлари билан яқин алоқаси борилиги маълум. Шундай экан, агар Минск Саддам ва унинг қариндошларига бош пана берадиган бўлса, бу тез орада Москванинг қулоғига етиши ҳеч гап эмас. "Шу боисдан, - дейди Патрик Кокборн, - собиқ Ироқ амалдорлари учун Беларусдан кўра, Россиянинг ўзига ёки бўлмаса Украинага қочган қулайроқ".

"Ироқнинг собиқ Совет давлатлари, хусусан Россия ва Украина билан савдо-сотиқ алоқаси бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо, бундай алоқа Беларус билан ҳам бўлганини мен кузатмаганман", - дейди Кокборн. Хўш, унда ироқлик собиқ амалдорларга Беларус паспорти нега керак бўлиб қолди экан? Бу саволга жавоб берар экан, британиялик журналист собиқ Ироқ амалдорлари Беларус орқали бошқа собиқ Совет республикаларига қочишни режалаган бўлишлари мумкин, деган таҳминни айтади. "Минскка бориб олинса, у ёғи катта кўча. Истаган жойдан панох топса бўлади. Фақат пул бўлса кифоя", - дейди Британияда чиқадиган "Independent" газетаси мухбири Патрик Кокборн.

Сешанба куни Кокборн мақоласи газетада босилгач, расмий Минск мақола ва ундаги маълумотларни кескин рад этди. Беларус Ташқи ишлар вазири Андрей Савиних Кокборн мақоласини "сиёсий уйдирма" дея таърифлади. "Бу уйдирмалар реалликка умуман тўғри келмайди. Соғлом ақл нуқтаи назаридан ҳам бу имконият доирасидан анча йироқ. Ва умуман бу гапим мақоланинг умумий шаклига таалуқлидир", - деди Беларус ташқи ишлар вазири Андрей Савиних.

Айни пайтда, Ироқ шимолида ўққа тутилган автомашиналар карвонида Саддам Ҳусайн ва унинг ўғиллари бўлмагани аниқланди. Сурия чегараси томон йўналган ўша автоколонна 18 июн куни Американинг "Хеллфайер" ракеталаридан ўққа тутилган эди. Ўтказилган ДНК текширувлари автокарвонда на Саддам Ҳусайн ва на унинг ўғиллари бўлганини кўрсатди. Пентагон расмийлари эса, чоршанба кунги ракета ҳужуми оқибатида қанча киши ҳалок бўлгани ва у қандай вазиятда амалга оширилгани ҳақида маълумот беришмаяпти. "Independent" газетаси ўша ҳужум оқибатида беш нафар Сурия чегарачиси жароҳат олгани ҳақда ёзади.

Пентагон расмийлари эса, Саддам Хусайн Ироқ ичкарисида эканига шубҳа қилишмаяпти. АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийларидан бири "Ню Йорк Таймс" газетаси мухбири билан суҳбатда, тергов давомида тўпланган барча маълумотлар собиқ диктатор Ироқ ичкарисида эканини ва у Сурия ёки бошқа давлатга қочмаганини кўрсатаётгани ҳақда маълум қилган. Аммо, Америка расмийлари ат-Тикритий ёнидан топилган Беларус паспортлари қачон ва ким томонидан берилгани ва кимнинг номига ҳозирлангани ҳақда ҳозирча маълумот беришмаяпти.
XS
SM
MD
LG