Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:34

26 июн дунё мамлакатларида “Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва гиёҳванд моддаларга ружу қўйишга қарши кураш” халқаро куни.


26 июн дунё мамлакатларида “Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва гиёҳванд моддаларга ружу қўйишга қарши кураш” халқаро куни сифатида нишонланмоқда. Шу муносабат билан БМТ қошидаги Наркотиклар ва жиноятчиликнинг олдини олиш агентлиги наркотик бозорларининг сўнгги беш йилдаги ривожини ўрганиб, шу ҳақда янги ҳисоботини эълон қилди. Унда, 1998 йилдан бери дунёнинг яширин наркотик бозорларида ҳам ижобий ҳам салбий ўзгаришлар қайд этилгани айтилади.

Ҳисоботга кўра, Ғарбий Европа давлатларида героин каби энг зарарли наркотикларга қарши курашда сезиларли ютуқлар қўлга киритилган. Минтақада гиёҳвандлар сони ҳам камаймоқда. Бироқ Марказий Осиё, Россия ва Шарқий Европа давлатларида героин ва морфийга ружуъ қўйганлар сони ортган. БМТ ҳисоботида мазкур минтақадаги гиёҳвандлар сони Ғарбий Европадагидан аллақачон ошиб кетгани билдирилган.

Сандийп Чавла БМТ қошидаги Наркотиклар ва жиноятчиликнинг олдини олиш агентлиги тадқиқот бўлими бошлиғи. У Озод Европа-Озодлик радиосига берган интервюсида, наркоманлар сони кўпайишига Афғонистонда наркотиклар етиштириш ҳажми ортганини сабаб қилиб кўрсатди.

БМТ ҳисоботида билдирилишича, 2001 йилда Афғонистонда 1600 тонна наркотик моддалар ишлаб чиқарилган. Афғонистонда Толиблар ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг, наркотиклар тайёрлаш яна кўпайиб, ўтган йили 4.500 тоннани ташкил этган. Афғонистонда кўкнори экиладиган майдонлар сонининг кескин ортгани БМТ Хавфсизлик Кенгаши диққатини ҳам ўзига тортмай қолмади.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Негропонте ўтган ҳафтада Хавфсизлик Кенгашида қилган чиқишида муаммо жиддий тус олганидан, у хатто Афғонистондаги қайта қуриш ишларига ҳам халал бераётганини таъкидлади. “Кўкнори экиладиган майдонларнинг қайтадан кенгайгани Афғонистондаги хавфсизликка путур етказади ва қайта қуриш ишларига тахдид солади. Биз бу борада кўпроқ ва яхшироқ чоралар кўришимиз лозим”,-деди АҚШнинг БМТдаги элчиси Негропонте.

БМТ эълон қилган ҳисоботда дунёдаги ноқонуний наркотикларнинг 76 фоизи Афғонистонда, 18 фоизи Мянмарда тайёрланаётгани қайд этилган.

БМТ қошидаги Наркотиклар ва жиноятчиликнинг олдини олиш агентлиги тадқиқот бўлими бошлиғи Сандийп Чавлага кўра, 2001 йилда Марказий Осиё, Россия, Албания, Болтиқ давлатлари, Беларус, Молдова, Полша ва Руминияда гиёҳвандлар сони кескин ортган.

БМТ вакилига кўра, гиёҳвандлар сонининг ортиши ОИТС ва бошқа касалликлар кўпайишига олиб келмоқда. “Наркотиклар қанча кўп ташилса, унинг игна орқали истеъмоли ҳам шунча кўпаяди. Бу ўз-ўзидан Марказий Осиё, Россия ва Шарқий Европада ОИТСнинг тарқалишига олиб келади”,-деди БМТ вакили.

Чавлага кўра, синтетик наркотиклар истеъмоли Ғарбий Европада кўпайиб бормоқда. Ҳисоботда билдирилишича, синтетик наркотиклар ҳозирда асосан, Ғарбий Европада ишлаб чиқарилаётган бўлса, кейинчалик бу жараён Шарқий Европа мамлакатларида ҳам ёйилиши мумкин.

БМТ қошидаги Наркотиклар ва жиноятчиликнинг олдини олиш агентлиги вакили Сандийп Чавла ҳар бир оилада болаларга наркотик моддаларга ружуъ қўйиш хавфли экани тушунтирилиши лозимлигини таъкидлайди.

Айни пайтда, агентлик дунё давлатларидаги ўз бўлимлари орқали “Келинг наркотиклар ҳақида гаплашайлик” мавзуида, наркотикларга қарши кампания бошлади.
XS
SM
MD
LG