Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:05

Биогувоҳномадан фойдаланиш устидаги тадқиқотлар давом этмоқда.


Германиядаги Бавария минтақасининг Эрланген шаҳарчасида жойлашган “HumanScan GmbH” номли кичкина ширкат шахсни тасдиқловчи системанинг янги турини яратиш устида тадқиқот олиб бормоқда. Ҳозирда дунё мамлакатларида шахсини аниқлашда анча содда усул қўлланилмоқда. Масалан, сиз банк автоматидан пластик карта ёрдамида пул олиш учун шахсий рақамингизга эга бўлишингиз керак. Ҳайдовчилик гувоҳномангиз ёки иш жойингиздан берилган гувоҳномаларга ҳам суратингиз ёпиштирилади. Имзоингиз эса, мазкур хужжатлар ҳақиқий эканини исботловчи далилдир.

“HumanScan” ширкати директори Роберт Фришхолз ва ҳамкасблари шахснинг биологик хусусиятларини аниқловчи, илмий тилда айтадиган бўлсак, Биогувоҳнома системасини яратдилар. Бу система ҳозирда амалда қўлланилаётган усуллардан анча ишончли ва яхшидир. “Мен ўзимни сизга таништирганимда, қўлингизни сиқиб исмимни айтаман. Биогувоҳномани аниқловчи система қўлингизни сиқмаган ҳолда, мени сизга таништиради. Одамни кўриш учун камера, айтаётган исмингизни ёзиш учун микрофон ишлатилади. Камера, шунингдек, оғизнинг қандай қимирлаши, лабнинг ҳаракатини хотирада сақлаб қолади”,- дейди немис олими.

Фришхолзга кўра, Биогувоҳномани аниқловчи мазкур система чегара ва текширув пунктларида жиноятчиларни аниқлаш, бегоналар кириши таъқиқланган, катта миқдордаги нақд пул билан ишлайдиган идоралар, шунингдек, компютер тармоқларини ҳимоя қилишда қўлланилиши мумкин.

Европанинг энг махфий мудофаа лойиҳаларини амалга ошираётган “ASPed” компанияси Биогувоҳномани аниқловчи системанинг асосий ҳаридори бўлиши мумкин. Ширкат ходими Гералд Рупп гапиради: “Биз Европадаги жуда йирик ҳарбий лойиҳа бажарувчисимиз. Бу эса Европа учун умумий бўлган янги Eurofighter жанговор учқичи яратиш лойиҳасидир. Буюртмачи қўшимча хавфсизлик системаси билан таъминлашни сўради. Биз уларнинг маълумот системасини ҳимоя қиляпмиз”.

Шундай қилиб, Роберт Фришхолз раҳбарлигидаги кичкина ширкат яратган Биогувоҳнома Германия, Британия, Франция ва Испания биргаликда яратаётган янги русумдаги ҳарбий учқичлар тўғрисидаги махфий маълумотлар сақланаётган компютерлар тармоғини ҳимоя қилишда қўлланмоқда.

Eurofighter лойиҳасида ишловчи мутахассислар ҳарбий сир бўлган маълумотлар жойлашган компютерларга биргина парол билан кира олмайдилар.

Руппга кўра, Eurofighter тармоғида олти хавфсизлик зонасини ташкил этиш учун ўз компанияси Биогувоҳномадан фойдаланмоқда: “Олтинчи хавфсизлик зонасига кирганлар гапириши ва махфий рақамларни билишлари шарт. Парол нутқида биометрик мослик бўлиши керак. Шундан кейин биометрик гувоҳнома паролнинг ҳақиқий эгаси кимлиги ва унинг тармоққа уланиш ҳамда ундан қанча вақт давомида фойдаланишга рухсат этилганини текширади”,-дейди Рупп.

“HumanScan” раҳбари Роберт Фришхолтз ўз ширкати халқаро чегара пунктларига Биогувоҳномани аниқловчи система ўрнатиш хусусида ҳукуматлар билан сўзлашувлар олиб бораётганини билдирди.

Гералд Руппга кўра, ҳозирда АҚШ давлат Департаменти “Eurofighter” лойиҳаси идораларига ўрнатилган хавфсизлик ускуналари билан қизиқмоқда. Маълумотларга кўра, халқаро полиция, яъни Интерпол ҳам Биогувоҳнома тизими ўрнатиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бироқ ташкилот расмийлари бу маълумотни тасдиқламадилар. Айни пайтда, Европада камида яна беш ширкат Биогувоҳномани аниқловчи система устида тадқиқотлар олиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG