Линклар

Европа Кенгаши одам ички органлари савдоси билан шуғулланувчиларга қарши курашиш учун муштарак Европа стратегиясини қабул қилишга чақирмоқда.


Акрам Файзулло

Чоршанба куни Европа Кенгашининг парламент ассамблеясига тақдим этилган ҳисоботда қайд этилишича, одам ички органлари билан савдо қилиш, айниқса, Европанинг энг камбағал мамлакати Молдовада тобора кучаймоқда.

Мазкур ҳисобот муаллифи Рут-Габи Манголдга кўра, уюшган жиноий гуруҳлар камбағал одамларни ўз буйракларини сотишга даъват қилиб, бундан катта фойда кўришмоқда.

“Донорлар асосан 18 ва 28 ëшлар ўртасидаги йигитлардир. Бу ëшлар Молдованинг қишлоқ жойларида қашшоқликда кун кечиришаëтгани туфайли, буйракларини 2 500 ва 3 000 долларга сотишмоқда”, - дейди Манголд. Аммо унинг қайд этишича, аслида бемор ҳар бир буйрак ва унинг операцияси учун 100 мингдан 250 минг долларгача ҳақ тўлайди. Бу пулнинг катта миқдори уюшган жиноий гуруҳ чўнтагига тўшади, қолгани эса жарроҳларга хизмат ҳақи ўлароқ берилади.

Маълумотларга қараганда, ички органларини сотишни истаган молдоваликлар асосан, Туркияга боришади. Аммо буйрагини топширган донорлар зарур дори-дармон билан таъминланмаслик, шунингдек, оғир меҳнат оқибатида турли касалликларга учрайдилар.

Кўплаб мамлакатларда ички органлар билан савдо қилиш расман таъқиқланган бўлса-да, бунинг учун махсус қонун қабул қилинмаган. Молдовалик журналист Алина Аврамнинг айтишича, Молдовада истаган одам ўзининг ички органини бемалол очиқ сотиши мумкин.

“Молдованинг ҳозирги қонунларига кўра, буйрагини сотган шахслар жазога тортилмайдилар ва расмийлар бундай одамларга қарши ҳеч қандай чора кўрмасликлари керак”, - дейди Алина Аврам.

Чоршанба куни Европа Кенгашининг парламент ассамблеясида эшитилган ҳисоботда одам ички органлари савдоси билан шуғулланувчиларга қарши курашиш учун муштарак Европа стратегиясини қабул қилишга чақирилди.

Аммо ушбу ҳисобот муаллифи Рут-Габи Манголд энг муҳим тавсия сифатида марказий ва шарқий Европада қашшоқлик ва коррупцияга қарши курашиш лозимлигини қайд этади:

“Одамлар ички органларини сотишга мажбур бўлмасликлари учун қашшоқликка қарши кескин курашиш керак. Халқаро ташкилотлар камбағал мамлакатлар аҳолисига қашшоқликдан қутилиш учун ëрдам кўрсатиши зарур”, - дейди Рут-Габи Манголд.

Европа Кенгаши вакилига кўра, коррупция чуқур илдиз отган Молдова ва бошқа айрим мамлакатларга ташқи сармояни жалб этиш қийиндир. Шунга қарамай, камбағалчиликни камайтириш устида жиддий ишлаш керак. Манголд бу фикрга қўшимча қилиб, матбуот ва халқаро нодавлат ташкилотлари аҳолини одам ички органлари савдосининг оқибатларидан огоҳ этишда муҳим рол ўйнаши зарурлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG