Линклар

Нима учун Қирғизистон ҳукумати ўзини танқид қилаëтган муҳолифат раҳбари Қуловга қамоқдан туриб интервюлар беришига рухсат бермоқда?


Акрам Файзулло Маълумки, Феликс Қулов Қирғизистон Хавфсизлик вазири, шунингдек бошқа бир неча лавозимларда хизмат қилган пайтида салоҳиятини суиистемол қилганлик ва давлат маблағларини ўзлаштирганлик айблари билан 2000 йил март ойидан бери қамоқда ўтирибди.

Қирғизистон муҳолифати раҳбари Қулов ҳукуматни танқид қилаëтганига қарамай, расмийлар унга журналистлар билан учрашиш учун рухсат бермоқда. Шу йил бошида Озодлик радиосига интервю берган Қулов қуйидагиларни қайд этган эди:

“Биз президент Асқар Ақаев ва унга тарафдор бўлган барча сиëсий партияларга қарши эканимизни биринчи марта расман эълон қиламиз. Биз “Ор-номус” партиясини ташкил қилган пайтда кўплаб масалаларда президентни қўллаб-қувватлаган эдик. Бугун Ақаев айрим ижобий ишлар қилаëтганига қарамай, биз давлат раҳбари томонида туролмаймиз”, деди Қулов. У яна ҳукуматни сиëсий зуғумни кучайтираëтганликда айблади.

Март ойида “Моя Столица” газетасида чоп этилган суҳбатда Феликс Қулов Қирғизистон расмийларини мухолифат вакилларига қарши қонунсиз ҳаракатлар ўтказаëтганлигини баëн қилган эди.

Қулов бошқа бир интервюда Бишкек ҳукуматини қўғирчоқ судялар орқали мухолифатга қарашли нашрларни ëпиб қўйаëтганликда ҳам айблади. Қулов шунингдек, “мен президентликка номзодлигимни кўрсатишни режалаганим туфайли қамалдим”, деб очиқ баëнот берди.

Хўш, нима учун Қирғизистон ҳукумати ўзини танқид қилаëтган Қуловга интервюлар беришига рухсат бераяпти?

Бишкекдаги Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бўйича бюро директори Наталия Аблова бу ҳақда шундай фикр билдиради:

“Қирғизистон ҳукумати халқаро ҳамжамият босими натижасида Қуловга интервюлар беришига рухсат берди. Қулов дастлаб 2000 йилда ҳибсга олингандан бери бундай босим давом этмоқда. Чунки Қулов таниқли сиëсатчи ва президентликка номзодлигини қўйгани туфайли, у сиëсий сабабларга кўра қамалган, деб ишонилмоқда”, - дейди Аблова.

Аммо Human Rights Watch ташкилоти вакили Акейша Шилдсга кўра, Қуловга журналистлар билан учрашиш имконияти берилганини катта ўзгариш, деб бўлмайди. Шилдснинг қайд этишича, агар халқаро ҳамжамият талаблари бажарилганда эди, Қулов қамоқдан озод этилган бўларди.

“Феликс Қуловга интерюлар орқали ўз фикрини билдириш имконияти берилган бўлса-да, биз унинг қамоқда ушлаб турилганидан хавотирдамиз. У, умуман, қамалмаслиги керак эди. Қулов қамоқдан эмас, балки ўз уйида туриб интервюлар бериши керак”, - дейди Шилдс.

Human Rights Watch ташкилоти вакилининг билдиришича, яқинда у Қулов билан юзма-юз учрашиш учун бир неча бор ҳаракат қилган, аммо Қирғизистон ҳукумати бунга рухсат бермаган. Шилдсга кўра, шунинг ўзи ҳам ҳукумат Қуловнинг ташқи дунë билан алоқа қилишини жуда чеклаб қўйганини кўрсатмоқда.
XS
SM
MD
LG