Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:09

Ироқ: ҳарбий амалиётлар давом этмоқда


АҚШ қўшинлари Ироқда навбатдаги кенг миқёсли ҳарбий амалиётларни ўтказдилар. Бу тадбирлар Саддам Ҳусайн режими тарафдорлари айниқса кўп бўлган Бағдод шимолидаги ҳудудларда олиб борилди. Асосан суннийлар истиқомат қиладиган мазкур ҳудудлар, хусусан Тикрит шаҳрида Саддам Ҳусайн ҳукумати ҳамда унинг Баас партияси собиқ аъзолари панох топгани ҳақида маълумот тарқалган эди. Сўнгги кунлар давомида АҚШ ҳарбийларига қарши уюштирилган бир қатор ҳужумлар ортида айнан ўша гуруҳлар турганига Пентагон расмийлари шубҳа қилишмаяпти. Якшанба кунги амалиётлардан мақсад ҳам Ироқ шимолида паноҳ топган Саддам қолдиқларини йўқ қилиш ва у ерда тобора урчиётган қаршилик ҳаракатига чек қўйиш бўлган.

Ироқдаги АҚШ қўшинлари вакилининг "Уолл стирт жорнал" газетаси мухбирига маълум қилишича, рейдлар давомида, шунингдек, америкаликларга қарши ҳужумлар содир этгани шубҳа қилинаётган 60га яқин қуролланган жангари ҳамда юзлаб ҳарбий ҳужжат ва қурол-аслаҳа қўлга туширилган.

"Амалиётлардан кўзланган мақсад, - дейди тўртинчи пиёда дивизияси полковниги Обрей Гарнер, нимага қодир эканимизни, биз билан ҳазиллашиш ёмон оқибатларга олиб келишини душманга билидириб қўйиш".

Ироқда Америка аскарларига қарши содир этилаётган ҳужумлар бора-бора кенг кўламли қаршилик ҳаракатига айланиши мумкинлиги АҚШ ҳарбийларини безовта қилмоқда. Партизанлик ҳаракати кўринишида иш тутаётган бу гуруҳларни Ироқнинг собиқ раҳбари молия билан таъминлаётгани ҳақида таҳминлар ҳам йўқ эмас. Аммо, АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд ундай фикрда эмас. Рамсфелдга кўра, кўпгина ҳужумлар ироқлик жиноятчиларнинг ишидир. Ироқдаги АҚШ қўшинлари қўмондони Генерал Томми Френкс ҳам Ироқда урчиётган қаршилик ҳаракати ғалабага путур етказмаслигига ишонишини айтди.

"Ироқда етишаётган муаммолар ва америка аскарларига қарши ҳужумлар ғалабамизга путур етказадими? Албатта йўқ. Чунки, Саддам Ҳусайн режими ўтмишга айланди. 25 балки 26 миллионлик Ироқ халқини ёрқин келажак кутмоқда. Ироқликлар фаровонлигини таъминлаш, уларга мамлакатни бошқаришлари учун шароит яратиш коалиция кучларининг қўлидан келади, менинг бу борада ишончим қатъий", - деди Ироқдаги АҚШ қўшинлари қўмондони Генерал Томми Френкс.

1 май куни, яъни АҚШ Президенти Жорж Буш "Авраам Линколн" крейсерида туриб Ироқда уруш тўхтаганини расман эълон қилганидан бери 22 нафар АҚШ ҳарбийси ироқликлар тарафидан ўлдирилди. Таҳлилчилар фикрича, Ироқда кучаяётган қаршилик ҳаракати Америка мулозимлари айтаётганидан анча жиддий. Лондондаги "Экономист Интеллиженс Юнит" тадқиқот марказининг Яқин Шарқ масаласи бўйича эксперти Нэйл Пэтрик Ироқда Саддам тарафдорлари билан бир қаторда исломий гуруҳлар ҳам бош кўтараётганини айтади.

"Ироқда исломий гуруҳлар Саддам Ҳусайн тарафдорлари билан бирлашаётгани ҳақида далиллар бор. Қолаверса, Ироқда собиқ режими давридан қолган қуролли гуруҳлар мавжуд. Айнан ўша гуруҳлар собиқ Ироқ расмийларини ва ҳатто Саддам Ҳусайннинг ўзини ҳимоя қилаётган бўлишлари мумкин", - дейди Нэйл Пэтрик.

Аммо, таҳлилчилар токи Ироқнинг собиқ раҳбари Саддам Ҳусайн ушланмас экан Ироқда қаршилик ҳаракати давом этишини башорат қилмоқдалар. АҚШ Мудофаа ва Давлат департаменти тизимларида узоқ йил ишлаган мутахассис Кордесман Саддам Ҳусайннинг ушланиши Вашингтон учун сиёсий жиҳатдан муҳим масала эканини айтади. Чунки, собиқ Ироқ диктатори қўлга олинмас экан, юридик жиҳатдан ғалабага эришилгани ҳақида гапириб бўлмайди. Афғонистон уруши отажрибаси шундан далолат бермоқда: "Афғонистонда "ал-Қойда" ва Толибон етакчилари қўлга олинмагани боис, у ерда ҳарбий мужодала ҳали ҳам давом этмоқда. Бу эса биз Афғонистон урушида ғалаба қозонмаганимизни кўрсатмоқда. Афғонистонда терроризм хавфи камайди, аммо у таг-томири билан йўқ қилинмади", - дейди Кордесман.
XS
SM
MD
LG