Линклар

logo-print

Европалик лўлилар ҳуқуқлари Будапешт анжумани диққат марказида

  • Ҳурмат Бобожон

Ҳозирги кунда дунёда тўққиз миллион лўли қайд этилган бўлиб, уларнинг аксар кўпчилиги Марказий ва Шарқий Европа давлатларида қашшоқликда яшашга махкум этилган. Жаҳон банки ёйинлаган ҳисоботда қайд этилишича, Болгарияда яшовчи лўлиларнинг 80 фоизи, Руминияда эса 70 фоизи кунига 4.30 доллар даромад билан кун кечирмоқда. Европада озчиликни ташкил этувчи лўлилар ирқий камситилаётгани, уларнинг билим олиш ва ишлаш ҳуқуқлари пой мол этилаётгани сўнгги йилларда умумевропа муаммосига айланар экан, халқаро ташкилотлар айни масалага жиддий эътибор қарата бошладилар.

Илгари Чехия ва Руминияда лўлилар, яъни Рома муаммосига бағишланган халқаро анжуманлар бўлиб ўтган ва улар вазиятини яхшилашга қаратилган бир қатор лойиҳалар амалга оширилган эди. Душанба куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида иш бошлаган навбатдаги халқаро анжуманда унинг иштирокчилари эндиликда қуруқ сўзлардан амалий чораларга ўтиш вақти келганини таъкидлашди. Будапешт анжуманига ҳомийлик қилаётган ташкилот Жаҳон банки эксперти Дена Ринголд европалик лўлилар муаммосини ҳукуматлар даражасида ҳал этиш кераклигини урғулади.

"Менимча лўлилар муаммосини ҳал этишда янги имкониятлар пайдо бўлмоқда. Эндиликда, тўқсонинчи йилларда амалга оширилган синов тариқасидаги кичик лойиҳалардан кенг миқёсли, ҳукумат даражасидаги миллий лойиҳаларга ўтиш вақти келди", - дея гапиради Дена Ринголд. Будапешт анжуманида Болгария, Чех Республикаси, Венгрия, Македония, Сербия, Черногория ва Словакия бош вазирларининг ҳам иштирок этаётгани келажакда Европа давлатларида лўлилар муаммосига ҳукуматлар даражасида ёндашилишидан дарак бермоқда. Маълумки, яқин йиллар ичида Шарқий ва Марказий Европанинг кўпгина давлатлари Европа Иттифоқига қабул қилинишлари кутилмоқда. Аммо, Европа Иттифоқи шу давлатларни қабул қилинишдан олдин улардан Рома, яъни лўлилар ҳуқуқларини таъминлаш борасида жиддий чора-тадбирлар кўришни талаб этилмоқда. Жаҳон банки вакиласи Дена Ринголд буҳақда шундай дейди.

"Ўйлашимча, Европа Иттифоқига қабул қилиниши кутилаётган давлатларда бу борада имконлар эшиги очиқ. Европа Иттифоқига қабул қилиш жараёнида Рома масаласига албатта эътибор қаратилади. Шундай, экан, Шарқий ва Марказий Европанинг ҳар бир давлатида ҳозирданоқ лўлилар масаласини ҳал этишга қаратилган миллий дастурлар ишлаб чиқилиши лозим", - дейди Жаҳон банки эксперти. Аммо, Шарқий Европа давлатларида лўлилар ҳуқуқлари билан боғлиқ масала Ринголд айтганидек икки-уч йил ичида ҳал бўладиган ишга ўхшамаяпти. Будапешт анжуманида қатнашаётган Рома ҳуқуқлари бўйича Европа маркази раҳбари Клауд Хан токи лўлиларга тенг ҳуқуқли фуқаролар сифатида қаралмас экан, муаммо очиқ қолишини айтади. Хан фикрича, бу ерда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида гап бормоқда.

"Марказий ва Шарқий Европа жамиятларида Рома аҳолиси юз тутаётган муаммолар кўп холларда ирқий камситишлар билан боғлиқ. Лўлилар бу ерда билим олиш, даволаниш, яшаш, ижтимоий ҳизматлар, иш топиш ҳуқуқларидан маҳрумлар. Ҳатто, уларга нисбатан зўравонликлар ҳам учраб туради. Айрим давлатларда эса Рома аҳолисига қарши ирқчилик кайфияти кучайган. Токи, Европа давлатларида лўлиларга ёндашув ўзгармас экан муаммо ҳеч қачон ҳал бўлмайди", - дейди Рома ҳуқуқлари Европа маркази раҳбари Клауд Хан. Аммо, Будапешт анжуманида сўз олган Жаҳон Банки президенти Жэймс Вулфенсон бундан буён лўлилар Европада камситилмаслигига ва умид билдирди.

"Рома аҳолиси асрлар давомида камситишлар қурбони бўлиб келди. Аммо, 21 асрда бунга чек қўйиш вақти келди. Лўлилар Европа жамиятининг ажралмас қисми экан, улар ҳуқуқларини таъминлаш биз учун устивор масала бўлиб қолади", - деди Жаҳон банки президенти Вулфенсон.
XS
SM
MD
LG