Линклар

Озарбайжон: президент Алиев ўғли Илҳом – президентликка номзод


Фарангис Саид

Авваламбор, президентликка номзодлар ҳақида икки оғиз сўз.

Бугунги кунда президентликка даъвогарлар бир нечта. Улар ҳақида Озод Европа – Озодлик радиоси таҳлилчиси Лиз Фуллер маълумот беради:

- Ҳайдар Алиев номзодини иқтидордаги Янги Озарбайжон партияси таклиф этди. Бироқ кўплаб озарбайжонликлар Алиев саломатлиги ёмонлашаётгани ва унинг сайловларда иштирок эта олмаслигидан ташвишланмоқдалар.

Дарҳақиқат, 80-ёшлик Ҳайдар Алиев саломатлиги сўнгги пайтларда, айниқса ёмонлашган ва бу, Лиз Фуллер фикрича, унинг ўғли Илҳомни президентлик сайловларида иштирок этишга мажбур қилиши мумкин.

- Алиевнинг ўғли Илҳом номзоди кичик бир партия номидан президентликка таклиф этилди. Шундай қилиб, у ўз отаси ўрнига президентлик сайловларида қатнашиши мумкин, дейди Лиз Фуллер.

Президентликка бошқа номзодлар ҳақида гапиришдан олдин, Илҳом Алиев тўғрисида қисқа маълум бериб ўтсак. Озарбайжоннинг келаси президенти Илҳом бўлиши ҳақдаги миш-мишлар бир неча йилдан бери мавжуд бўлиб, уларни президент Ҳайдар Алиевдан бошқа ҳеч ким инкор этмаяпти.

42-ёшлик Илҳом Озарбайжон Миллий нефт компанияси раиси ўринбосаридир. Бундан ташқари у, Озарбайжон Миллий олимпия қўмитаси, ҳамда мамлакатнинг Европа кенгашидаги делегациясига раҳбарлик қилади. Энг муҳими, мустақил кузатувчилар фикрича, Илҳомнинг Алиевлар оиласи мол-мулки ва давлатини ўз қўлида мужассамлаганидир. Айнан шу омил Илҳом Алиевнинг сиёсатдаги ўрнини белгилайди. Бироқ, айни вақтда, Илҳомнинг сиёсатчи ва раҳбарлик қобилияти, отасидан фарқли ўлароқ, президентлик учун лойиқ эмас, дейишмоқда мутахассислар. Улардан бири - Турон мустақил ахборот агентлиги таҳлилий бўлими бошлиғи Ҳасан Қулиев:

- Менимча, ҳозирги вазият ўзгармаса, Илҳом президент этиб сайланмайди. Чунки у ҳар доим отасининг сиёсий фаолиятига қарам бўлиб келган. Ҳайдар Алиев саломатлиги ёмонлашган сари, Илҳомнинг имкониятлари камайиб боради. Ҳайдар Алиев эса ҳокимиятни ҳеч кимга, шу жумладан, ўз ўғлига ҳам топширгиси келмайди.

Демак, Илҳом Алиевнинг президент этиб сайланиши эҳтимоли унчалик катта эмас. Хўш, бошқаларчи? Бошқа номзодлар президентлик учун етарли овоз йиға оладиларми?

Лиз Фуллер улар ҳақида мана бундай дейди:

- Ҳайдар ва Илҳом Алиевлардан ташқари, президентликка ўз номзодларини қўймоқчи бўлган 16 ёки 17 сиёсатчи бор. Шу кунгача, Марказий сайлов комиссиясида 14 одам рўйхатдан ўтган.

Улардан иккиси - Исо Гамбар ва Али Керимлининг, таҳлилчи фикрича, сайловларда ғалаба қозониш имконлари энг катта.

Мусавват партияси раиси Исо Гамбар Абулфайз Элчибей президентлиги даврида парламент раиси бўлган. Ҳозирда эса кўпроқ Ғарб ва Туркияни қўллаб-қувватловчи ва улар таянчини қозонган сиёсатчидир.

Али Керимли эса, Озарбайжон Халқ жабҳаси раҳбарининг муовини ва Элчибейга жуда яқин шаҳслардан бири бўлган.

Президентликка даъвогар 16 кишидан қайси бири Озарбайжон сиёсий ҳаётига таъсир кўрсатишга интилаётган Россия учун қулай номзоддир? АҚШ кимни қўллаб-қувватлайди? Озарбайжон сиёсатига таъсир қилувчи Туркиячи? Бу саволга Ҳасан Қулиев мана бундай жавоб берди:

- Аслида Россия учун энг қулай номзод Ҳайдар Алиевдир. Чунки мухолифат партиялари вакилларининг бари Ғарб билан муносабатларни устивор, деб белгилайди. Алиев эса Россия билан яхши алоқаларни сақлаб келган. Алиев ҳокимиятдан кетганидан сўнгги вазият ҳақида гапирадиган бўлсак, Россия таянчини Илҳом қозониши мумкин. Россия газеталарида ҳозирги кунда Илҳом Алиевни қўллаб-қувватловчи кўплаб мақолалар чиқмоқда. Россия экспертлари Илҳомни сиёсатчи сифатида ёқтиришларини ҳеч қачон яширишмаган.

Озод Европа – Озодлик радиоси таҳлилчиси Лиз Фуллер эса АҚШ ва Туркия учун энг муҳими – сайловларнинг тинч ва осойишта ўтишидир, деб фикр билдиради:

- Менимча, АҚШ ва Туркия учун энг муҳими сайловларнинг тинч ўтишидир. Бу икки давлат сайловлар демократик бўлишига умид ҳам қилмаяпти. АҚШ учун муҳими - сайлов натижалари сохталаштирилган тақдирда, бунинг унчалик ошкор ва безбет равишда қилинмаслигидадир. Акс ҳолда, норози одамлар кўчаларга чиқишлари ва охир-оқибат қон тўкилиши мумкин, - дейди Озод Европа – Озодлик таҳлилчиси Лиз Фуллер.
XS
SM
MD
LG