Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:51

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги коррупция муаммоси.


Бош қароргоҳи Москвада жойлашган МЕМОРИАЛ инсон ҳуқуқлари маркази фаоли Николай Митрохин яқинда Озод Европа - Озодлик радиосининг Вашингтон бюросида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги коррупция мавзусида матбуот конференцияси ўтказди. У йиғилганларга Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ноқонуний иқтисодий амалиётлар, қамоқхоналардаги маҳбуслар, шунингдек, оддий одамлар ҳуқуқларини бузиш орқали катта манфаат қозонаётганини маълум қилди. Митрохинга кўра, хавфсизлик кучлари нафақат жиноий гуруҳлар, балки жамиятдаги бошқа бўғинларни ҳам йўқ қилишда ноқонуний тактикалар, хусусан қурол ва наркотиклар ташлаб қўшиш усулларидан фойдаланмоқда.

МДХ давлатларидаги инсон ҳуқуқлари, диний, миллий ва иқтисодий масалалар бўйича 100дан ортиқ мақолалар эълон қилган Николай Митрохин яқинда Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот органларидаги коррупция борасида ўз ҳисоботини эълон қилган. Митрохинга кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган ҳар бир тадбиркор юқори қатламда ўз ҳомийсига эга бўлиб, тадбиркор ҳимоя эвазига ўша шахсга пул тўлайди: “Ўзбекистондаги ҳар бир савдогарнинг ўз ҳимоячиси бор. Буни Россияда “криша”, яъни “том” дейдилар. Бундай шахс милиция ходими, солиқ идораси хизматчиси, маҳаллий ҳокимият вакили ёки бошқалар бўлиши мумкин”,-деди Мемориал маркази фаоли.

Матбуот конференциясида Николай Митрохин Ўзбекистондаги айрим милиция ходимлари ўз манфаатини кўзлаб пул ундириш мақсадида рэкет усулидан ҳам фойдаланишини айтди: “Оддий милиция ходимининг асосий иқтисодий фаолияти рэкетёрлик”,- деди Николай Митрохин.

Мемориал маркази фаолига кўра, фуқаролар милиция ходимининг ҳибсга олиш салоҳиятидан қўрқиб, у талаб қилган пулни тўлайдилар.

Маълумки, Ўзбекистондаги иқтисодий қийинчиликлар туфайли сўнгги йилларда вилоятлардаги минглаб фуқаролар пойтахтга иш излаб келмоқдалар. Милиция ходимлари шундай шахсларни вокзаллар, автобус станциялари, кўча ва бозорларда тўхтатиб, уларнинг хужжатини текширадилар. Шу ҳақда гапирган Митрохин, милиция ходимлари бу жараёнда ҳам катта пул ишлашини таъкидлайди: “Милициянинг яна бир даромад манбаси - яшаш учун пропискаси бўлмаган одамлардан пул йиғишдир. Биринчи марта бу 90-йиллар ўртасида Тошкентда қўлланила бошланди”,- дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Мемориал маркази фаоли Николай Митрохин Ўзбкистондаги ҳуқуқ - тартибот органи ходимлари орасида тарқалган коррупция мавзусини давом эттириб, республика Ички ишлар вазирлигига энг кўп даромад олиб келадиган соҳа бу жазони ўташ муассасалари тизими экани, ушланганлардан пул ундириш ва бошқа мақсадларда милиция идорасида қийноққа солинишини айтади: “Ҳозирда ҳибсга олинганларнинг ҳаммаси милиция идорасида қийноққа солинади”.

Бош қароргоҳи Москвада жойлашган МЕМОРИАЛ инсон ҳуқуқлари маркази фаоли Николай Митрохин Озод Европа - Озодлик радиосининг Вашингтон бюросида ўтказган матбуот анжуманида, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш лозимлигини урғулади. Унга кўра, вазиятни яхшилаш учун ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари сони кескин қисқартирилиши керак: “Менимча, Ўзбекистонда милиция аппаратини икки баробар, балки, ундан ҳам кўпга қисқартириш керак”, - дейди Митрохин.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига кўра, токи Ўзбекистон ҳукумати бу борада жиддий дастур ишлаб чиқилмагунича, Ички ишлар вазирлиги ўзини ўзи ислоҳ қила олмайди.
XS
SM
MD
LG