Линклар

Эроннинг ядровий қуроллар дастури масаласи


А. Аррал Москвага борган Эроннинг ядровий соҳа бўйича расмий вакили Ғулом Ризо Оғозода Россия Ташқи ишлар вазири Игор Иванов ва Атом энергияси вазири Алексадр Румянцовлар билан учрашиб, бир қатор мамлакатларни ташвишлантириб келаëтган Эроннинг ядровий қуроллар дастури масаласини муҳокама қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари маълум қилишларича, Россия Эронни БМТ инспекторларига ядровий ишоотларни текшириш учун кенгроқ кафолат берувчи халқаро ҳужжатни имзолашга ундаган.

Маълумки, Россиянинг давлат тасарруфидаги ширкатларидан бири 90 йилларда қиймати бир миллиард долларга тенг Бушеҳр минтақасида атом электр станциясини қуришга бошлаган эди. Бу иншоотнинг келаси йили ишга тушиши тахмин қилинмоқда.

АҚШ ва Британия эса, Россия Эронга мазкур иншоотда ядровий қуроллар ишлаб чиқаришига имконият яратмоқда, дея шубҳаланишмоқда.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик ўтган ой билдирган маълумотларга кўра, Эроннинг яширин равишда ядровий материаллар етказиши АҚШ ва Британия ташвишлари асосли эканидан дарак берди.

Россиядан ташқари бошқа бир қатор мамлакатлар ҳам Эронни халқаро инспекторларга ядровий муассасаларни текширишга имконият берадиган ҳужжатга қўл қўйишга чақирмоқда. бироқ,Теҳрон бундай ҳужжатни имзолашдан бош тортиб, мамлакатдаги дастурлар тинч мақсадларни кўзлашини таъкидламоқда.

Афғонистонга ташрифи арафасида Теҳронда тўхтаб ўтган Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строу матбуот анжуманида Эрон шартсиз равишда, зудлик билан халқаро текширувга имкон берувчи ҳужжатга қўл қўйиши кераклигини таъкидлади.

Британия ҳам АҚШ каби Эроннинг ядровий дастури қўшни Ироқни қайта қуриш ишларига ва минтақа барқарорлигига таҳдид солади, деб ҳисобламоқда.

Аммо, Эрон Ташқи ишлар вазири Камол Харрозий унинг мамлакати Ироқни қайта тиклаш ва халқ истаган демократик ҳукумат ташкил этишда муҳим рол ўйнашини баëн этди.

"Шу кунларда Ироқда қилинаëтган ишлар бизга маъқул эмас. Ироқдаги тартибсизликлар олдини олишнинг яхши йўллари бор. Эрон Ислом републикаси Ироқнинг қўшниси сифатида у ерда ижобий вазифа бажариши мумкин".

Куни-кеча Лондондаги Халқаро стратегик тадқиқотлар институтида маъруза қилган АҚШнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Кондолиза Райс дунëнинг кўпгина давлатлари Шимолий Корея ва Эроннинг ядровий дастурларига қарши чора кўриш мақсадида бирлашаëтганини таъкидлади. У шунингдек, ҳақиқий тинчлик дунë хавфсиз ва эркин бўлган тақдирдагина юзага келиши мумкинлигини қайд этди.

"Чекланмаган, мустаҳкам ва соғлом дунëдагина чинакам тинчлик вужудга келади. Шунинг учун биз афғонлар ва ироқликларга ўз ҳукуматларини қўришда ëрдам бермоқдамиз", - деди Кондолиза Райс

Эроннинг ядровий масалалар бўйича вакили Оғозода Россиянинг Эрон халқаро инспекторлар билан кенгроқ ҳамкорлик қилиши кераклиги ҳақидаги талабига бевосита мунасабат билдирмади. Аммо у Эрон нефт ва табиий газ бойликларига эга бўлишига қарамай, хонадонларни энергия билан таъминлаш учун атом энергиясидан фойдаланилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG