Линклар

Вашингтон маъмурияти 35 мамлакатга ҳарбий ëрдам кўрсатмаслик ҳақида қарор берди.


Акрам Файзулло

Сешанба куни АҚШ президенти Жорж Буш 35 мамлакатга ҳарбий ëрдам кўрсатмаслик ҳақида қарор берди. Ушбу мамлакатлар АҚШ фуқаролари ва ҳарбийларини уруш жиноятлари бўйича халқаро трибуналга топширмаслик борасида Вашингтон билан шартнома имзолашни хоҳламаяпти.

Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилишга ҳаракат қилаëтган Болтиқ республикалари, Болгария, Словения ва Словакия ҳам Американинг ҳарбий ëрдамидан маҳрум бўлди. Ваҳоланки, бу мамлакатлар Европа Иттифоқи қаршилигига қарамай, АҚШ етакчилигидаги Ироқ урушини қўллаб-қувватлаган эдилар.

Европа Иттифоқига аъзо бўлиш имкониятларини хавф остида қолдиришни хоҳламаган давлатлар уруш жиноятлари масаласида Қўшма Штатлар билан шартнома имзоламасликка мажбур бўлдилар. Литванинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот вакили Роландас Качинскас бу ҳақда афсусланиш билдирди:

“Ҳарбий ëрдам тўхтатилгани афсусланарли ҳолдир. Энди биз Европа ëки Америкадан бирини танлашга мажбур бўлмоқдамиз”, - дейди Роландас Качинскас.

Оқ уй матбуот вакили Ари Флешэрнинг қайд этишича, уруш жиноятлари бўйича халқаро трибунал сиëсий сабабларга кўра Америка ҳарбий хизматчиларини жавобгарликка тортиши мумкин.

“АҚШ фуқаролари ва ҳарбийларини уруш жиноятлари бўйича халқаро трибуналдан ҳимоя қилиш бизнинг ҳар қандай давлат билан муносабатларимизда ўта муҳим масала ҳисобланади”, - деди Ари Флешэр.

Вашингтон маъмуриятининг халқаро трибунал билан ҳамкорлик қилмаслик борасида жаҳон ҳукуматларига кўрсатиб келаëтган кучли босими инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинмоқда.

Чунончи, Human Rights Watch ташкилоти расмийси Ричард Дикерга кўра, президент Буш айрим мамлакатларга ҳарбий ëрдам беришни тўхтатгани - марказий ва шарқий Европадаги Америка иттифоқдошларининг бетига урилган тарсакидир.

“Қўшма Штатлар маъмурияти Сербия ва Хорватиядан Ҳаагадаги Югославия трибунали билан ҳамкорлик қилишни ҳақли равишда талаб этмоқда. Аммо, айни пайтда бу икки мамлакатга уруш жиноятлари бўйича халқаро трибунал билан ҳамкорлик қилмаслик борасида босим қилмоқда. Бу ўта иккиюзламачиликдан бошқа нарса эмас”, - дейди Ричард Дикер.

44 ҳукумат АҚШ фуқаролари ва ҳарбийларини уруш жиноятлари бўйича халқаро трибуналга топширмаслик борасида Вашингтон билан шартнома имзолаганини расман эътироф этди. Аммо яна камида 7 мамлакатнинг бундай келишувни махфий равишда имзолагани тахмин қилинмоқда.

Кузатувчиларга кўра, уруш жиноятлари масаласида Қўшма Штатлар билан шартнома имзолаган мамлакатларнинг аксарияти ëрдамга муҳтождир. Мазкур давлатлар жумласида Ўзбекистон, Тожикистон ва Афғонистон ҳам бор.
XS
SM
MD
LG