Линклар

Ҳикматëрнинг АҚШга қарши кураш усули


А. Аррал Ҳикматëр Афғонистоннинг фуқаролар уруши даврида ҳокимият учун талашиб минглаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлган "Ҳизби Исломий" қуролли гуруҳи раҳбаридир. 2001 йилнинг охирларида АҚШ ҳарбий кучлари етакчилигида Афғонистонда Толибон режими ва унинг иттифоқдоши Ал–Қайда террор тармоғи мағлубиятга учраганидан кейин Гулбиддин Ҳикматëр мамлакатга қайтиб борди. У яқинда ўзининг видео мурожаати тарқатди.

Ҳикматëрнинг ушбу янги кураш усули, яъни, видео мурожаат орқали афғонларни мамлакатдаги хорижий кучларга қарши курашга чорлаш биринчи бор синалиб кўрилмоқда.

Хуш, афғон халқи бундай мурожаат ва даъватларга қанчалик эътибор беради ва одамларнинг қуролли гуруҳларга муносабати қандай, деган савол билан Кобулдаги ҳамкоримиз Олим Куҳканга боғландик.

"Бугун Афғонистон аҳолиси учун тинчлик, осойишталик ва мамлакат тараққиëти биринчи ўринда туради. 23 йиллик уруш, тўс-тўпалон ва ички низоларни бошдан кечирган халқ учун Ҳикматëр ва унинг бугунги сафдошлари – Ал-Қайдачилар ва Толибон қолдиқлари бундан олдин ҳам бир неча марта халққа мурожаат қилиб, уларни жиҳодга даъват этган эди. Лекин бундай даъват ва мурожаатларга халқ эътибор ҳам бермайди ва ишонмайди ҳам".

Бироқ, Ҳикматëр ўзининг янги видео мурожаатида чет давлатларнинг Афғонистон ички ишларига аралашувини тўхтатишга, малакатдан АҚШ ва бошқа хоржий кучларни суриб чиқаришга даъват этиш билан бирга Президент Ҳомид Карзай ҳукуматини чет элликлар бўйруғи асосида ўз халқига қарши курашаëтганликда айблайди.


Бундан олдин ҳам "Ҳизби Исломий" лидери афғонларни бир неча бор жиҳодга даъват этган эди. Бугал Пашту тилида қилган мурожаатида Ҳикматëр барча Афғон гуруҳларини ўртадаги келишмовчиликларни унутган ҳолда ташқи кучлар ва хорижий воситачиларга қарши бирлашишга чақиради.

Собиқ Совет армияси 10 йиллик босқинчликдан кейин Афғонистонни тарк этиши билан 1992 йили Кобул ҳукумати мужоҳид гуруҳлар қўлига ўтди ва Ҳикматëр Бош вазир лавозимини эгаллади. Аммо, бу билан қаноатланмаган Ҳикматëр энди ўз курашини бошқа мужоҳид гуруҳларга қарши давом эттирди. Унинг ҳокимият учун олиб борган бу ҳаракатлари оқибатида Кобулда тақрибан 50 минг киши нобуд бўлди.

1996 йили Кобул ҳукумати Толибон қўлига ўтганидан кейин Ҳикматëр Эронга қочиб ўтган эди. Толибон режими қулагач Афғонистонга қайтиб, мамлакатнинг ўтиш даври ҳукуматига қарши фаолият бошлади. У Карзайни хорижий давлатларнинг Афғонистондаги вакили деб билади. Афғонистоннинг Берлиндаги мухтор элчиси жаноб Носир Диëр Ҳикматëрнинг бундай иддаоларини рад этиб, Карзай халқ вакиллари томонидан сайланган ўтиш даври ҳукуматининг қонуний президенти эканлигини таъкидлади.

"Ҳаммага маълумки жаноб Карзай ўтган йили Лўя Жирга томонидан кўпчилик овоз билан сайланди. Халқ вакилларининг Лўя Жиргасида сайланган шахсни қандай қилиб хорижнинг Афғонистондаги вакили деб айтиш мумкин".

Афғонистон халқининг Карзай ҳукуматига муносабати қандай?

"Афғонистон аҳолисининг аксарияти Карзай ҳукуматини ëқлайди. Чунки бу ҳукумат халқ талабларига жавоб берадиган тинчлик, осойишталик шиорларини ўртага қўймоқда".

Ҳикматëрнинг янгича кураш усули – видео мурожаати шунчаки бир тарғиботми ëки унинг замирида бошқача мақсад борми, деган саволимизга суҳбатдошимиз, элчи Носир Диëр мулоҳазалари мана бундай бўлди.

"Жаноб Ҳикматëр халқ орасида ҳеч қандай обрўга эга эмас. Бундай бир шахснинг видео мурожаатини тамошо қилиш учун ҳозирги кунда Афғонистон халқида имконияти ҳам йўқ. Бу фақат хорижда ўзини реклама қилишдан бошқа нарса эмас", - деди Афғонистоннинг Белиндаги элчиси Носир Диëр.
XS
SM
MD
LG