Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:20

Украинанинг сиëсий ва иқтисодий ҳаëтида жиддий ўзгаришлар юз бердими?


Акрам Файзулло

Ўтган йили Украина ва Ғарб давлатлари ўртасидаги алоқалар Ироққа оид масалалар туфайли ëмонлашди. Расмий Киев Ироққа маҳфий равишда ҳарбий техника сотганликда айбланди. Президент Леонид Кучма НАТОнинг ўтган йил кузида Прагада ўтказилган саммитида совуқ қаршиланди.

Аммо кейинги ойларда Украинанинг Ғарб билан муносабатлари яхшиланаëтганга ўхшайди. Украина ҳукумати тахминан 1, 800 аскарини Ироққа жўнатишга қарор қилди. Мамлакат НАТО ва Европа Иттифоқига қўшилишни ўз олдига мақсад қилиб белгилади. Яқинда Жаҳон Банки Украинага бераëтган қарзлар миқдорини оширди, Халқаро Валюта Жамғармаси мамлакатда олиб борилаëтган ислоҳотларни ижобий баҳолади.

Бироқ Лондондаги халқаро алоқалар институти таҳлилчиси Рой Аллисоннинг қайд этишича, Украинанинг сиëсий ва иқтисодий ҳаëтида жуда кам ўзгаришлар юз берган:

“Украинада хорижий сармоялар учун яхши муҳит яратилган, деб бўлмайди. Киев ҳукуматининг ташқи сиëсати қайси йўналишга қаратилгани аниқ эмас. Менимча, Кучма Ғарб давлатларининг ишончини йўқотган”, - дейди Рой Аллисон. Унга кўра, Украинада ҳақиқий иқтисодий ислоҳотлар ҳали бошланмаган.

Брюсселдаги Европа тадқиқот маркази таҳлилчиси Мариус Вал Украинада ислоҳотлар жараëни секинлашиб қолганига ҳукумат жавобгар эканини гапиради:

“Украинадаги ислоҳотларни фақат қуруқ сафсата дейиш мумкин. Одамлар Кучмага ишонмай қўйишган, чунки у узоқ йиллардан бери ислоҳотлар ўтказилишини айтиб келмоқда, аммо амалда жуда кам ишлар қилинди”, - дейди Мариус Вал.

Аксарият кузатувчилар фикрича, сиëсий беқарорлик Украинада чинакам ўзгаришлар руй беришига асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Мамлакат ҳукуматга ëн босувчи гуруҳлар ва муҳолифат гуруҳлари ўртасида иккига бўлинган.

Ташқи сиëсатда Кучма Россия билан яқин алоқаларни сақлаб келмоқда. Украинанинг Ғарб билан муносабатлари совуқлашгач Москва Кучма билан муносабатларни янада мустаҳкамлашга бошлади.

Хўш, нима сабабдан Кучма тўсатдан Ироқдаги тинчлик сақлаш миссияси учун Украина аскарларини жўнатишга қарор берди? Ахир Москва Ироқ урушига қарши чиққан эди-ку. Таҳлилчи Мариус Вал Кучма бир вақтнинг ўзида икки отга минишга уринаëтганини қайд этди.

“Украина ўзининг ташқи сиëсатида бир пайтнинг ўзида Ғарб ва ҳам Шарқ томон юришга уринмоқда. Россия ва Ғарб ўртасида ҳамкорлик кучайса, Украина бундан манфаатдор бўлади”, - дейди Мариус Вал. Унинг фикрича, Украина ҳукумати мустақил сиëсий йўл танламаган. Мамлакат сиëсати асосан Ғарб ва Россиядаги ўзгаришларга мослаштирилмоқда.

Киевдаги Тинчлик ва ташқи сиëсат тадқиқот маркази тахлилчиси Александр Сушко Украинада чекланган иқтисодий ўсиш кузатилаëтган бўлса-да, мамлакатдаги умумий вазият ўзгармаëтганини қайд этади:

“Украинада жиддий ўзгаришлар бўлиши учун ҳокимият мохиятан ўзгариши, яъни тизим ўзгариши керак, юқори лавозимлардаги амалдорлар сиëсий саҳнани тарк этиши лозим. Буларсиз эса ҳозир кузатилаëтганидек, фақат юзаки ўзгаришлар юз бериши мумкин, холос”, - дейди Александр Сушко.

Келаси йилнинг октябр ойида Украинада президентлик сайловлари ўтказилиши белгиланган. Кузатувчиларга кўра, мазкур сайловлар мамлакат учун муҳим синов бўлиши мумкин. Кучманинг президентлик муддати 2004 йилнинг охирида тугайди ва Украина Конституциясига кўра, учинчи муддатга у ўз номзодлигини президентликка қўя олмайди.
XS
SM
MD
LG