Линклар

Буш маъмурияти Либерияда тинчлик ўрнатиш миссиясида қатнашиш масаласини кўриб чиқмоқда.


Акрам Файзулло

Либерия озодликка чиққан Америка қуллари томонидан бундан 150 йил аввал асос солинган Ғарбий Африка давлатидир. Либерия пойтахти ўша пайтдаги АҚШ президенти Жеймс Монро шарафига Монровия, деб аталган.

Либерияда бир неча йиллардан бери фуқаролар уруши давом этаëтгани оқибатида юз минглаб одам ҳалок бўлди. Чоршанба куни АҚШ президенти Жорж Буш Вашингтон Ғарбий Африка мамлакатида тинчлик ўрнатиш учун барча имкониятларни кўриб чиқаëтганини маълум қилди.

“Либерияда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши учун Чарлз Тэйлор дарҳол истеъфо бериши керак”, - деди Буш.

Либерия президенти Чарлз Тэйлор халқаро трибунал томонидан уруш жиноятлари содир этганликда айбланмоқда.

Қуролли гуруҳлар ва ҳукумат кучлари ўртасида тўқнашувларни тўхтатиш келишуви тузилгани туфайли, ҳозирча Монровияда нисбатан осойишталик ўрнатилган. Аммо, агар халқаро ҳамжамият жиддий чоралар кўрмаса, бу мамлакатда гуманитар фожиа юз бериши мумкин.

БМТ Бош котиби Кофи Аннан Либерияга АҚШ етакчилигидаги халқаро тинчлик ўрнатувчи кучларни жўнатишга чақирмоқда.

Президент Буш АҚШ Давлат котиби Колин Пауэллга Либерияда тинчлик ўрнатиш режасини ишлаб чиқиш учун Аннан билан бирга ишлаш тўғрисида топшириқ берганини маълум қилди.

“Мен АҚШ Давлат котибига Либериядаги кескин вазиятни ҳал этиш масаласини Аннан билан кўриб чиқиш ҳақида кўрсатма бердим. Либерия аҳолиси азият чекаëтганидан ҳавотирдамиз. Аммо ҳозир мамлакатда тўқнашувлар тўхтатилган”, - деди Буш.

Маълумотларга қараганда, Америка Либерияда тинчлик ўрнатиш ишлари учун тахминан 2,000 аскар жўнатиши мумкин. Аммо Колин Пауэллнинг қайд этишича, Африка мамлакатлари Либерияга қанча қўшин юбориши ҳозирча аниқ эмас.

Маълумки, ҳозир Афғонистонда 10,000, Ироқда эса 150,000 Америка қўшинлари ўрнатилган. Шунинг учун, дейди номи ошкор этилишини истамаган Пентагон расмийси, Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Америка қўшинларини Либерияга жўнатиш режасига қаршилик кўрсатмоқда.

Бироқ кузатувчилар фикрича, Американинг Либерияда тинчлик ўрнатиш ҳаракатларида қатнашиши президент Бушга сиëсий муваффақият келтириши мумкин. Оқ уй раҳбари келаси ҳафта Жанубий Африка республикаси ва Угандага сафар қилади.

“New Yorker” журнали мухбири Филип Гуревичнинг қайд этишича, Буш маъмурияти Ироқда оммавий қирғин қуролларини тополмаганидан кейин, “биз аслида Ироқ халқини озод этиш учун уруш қилгандек”, деб баëнот бермоқда. Мухбир “Америка масалага шундай ëндашар экан, унда Оқ уй нима сабабдан Либерияга ўхшаган мамлакатларда гуманитар фожианинг олдини олишга ëрдам беришга шошилмаяпти”, деган савол қўяди.

Филип Гуревич Американинг тинчлик ўрнатувчи қўшинларини Либерияга жўнатиши нафақат сиëсий, балки авваламбор гуманитар нуқтаи назаридан ўта муҳим масала эканини гапиради:

“Минглаб либерияликлар қўшни мамлакатларга қочиб ўтишмоқда. Ўтган йили Фил Суяги Қирғоғи республикасидан Либерияга келган қочоқлар ҳам ëппасига ўз юртига қайтишмоқда”, - дейди Гуревич. У яна қўшимча қилиб, пойтахт Монровия ва Либериянинг бошқа ҳудудларида минглаб одамлар мамлакатни тарк этиш учун тайëрланишаëтганини маълум қилади. Америкалик журналистнинг қайд этишича, аҳолиси 3 миллион одамни ташкил этувчи Либерияда уруш оқибатида 1 миллион киши бошпанасиз қолган.
XS
SM
MD
LG