Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:26

АҚШ раҳбари Африка мамлакатларига сафар қилмоқда.


Акрам Файзулло Душанба куни АҚШ президенти Жорж Бушнинг Африка мамлакатларига сафари бошланди. Оқ уй раҳбари 5 кунлик Африка сафари доирасида Сенегал, Жанубий Африка республикаси, Ботсвана, Уганда ва Нигерияга ташриф буюради.

Сешанба куни президент Буш Дакарда Сенегал ва ғарбий Африкадаги бошқа 7 давлат раҳбарлари билан учрашади. Бушниннг ғарбий Африка минтақасида демократик тизимларни яратиш, ҳамда минтақа мамлакатлари ва Америка ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш масалаларига тўхталиши кутилмоқда.

Сенегалдан кейин Буш чоршанба куни Жанубий Африка республикасига боради. АҚШ президентининг Жанубий Африка республикаси раҳбарияти билан музокараларда иқтисодий масалалар ва қўшни Зимбабведаги сиëсий беқарорлик бош мавзулар сифатида муҳокама этилади.

Оқ уй раҳбари пайшанба куни Ботсвана раҳбарлари билан учрашганда, мамлакатнинг табиатни муҳофаза қилиш ва ОИТС касаллигининг олдини олиш борасида эришган ютуқларини ижобий баҳолайди.

АҚШ президенти Африка сафаридан аввал, Уганда президенти билан шу мамлакатдаги сиëсий вазиятни муҳокама қилганини қилди. Кузатувчиларга кўра, Буш жума куни Угандага борган пайтда, мамлакат раҳбариятини конституцияга мувофиқ ҳокимиятни ўз вақтида топширишга чақиради.

Президент Буш шанба куни Нигерияга боради ва мамлакат раҳбариятига терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилаëтгани, шунингдек Конго ва Либерияда тинчлик ўрнатиш ҳаракатларига ҳисса қўшаëтгани учун миннатдорчилик билдиради.

Вашингтон маъмурияти Либерияда тинчлик ўрнатиш учун президент Чарлз Тэйлорни истеъфо беришга чақирмоқда. Якшанба куни Нигерия президенти Олусегун Обасанжо Тэйлор билан учрашиб, Нигерия Либерия раҳбарига вақтинчалик сиëсий бошпана беришга тайëрлигини билдирди.

“Президент Чарлз Тэйлор Нигерияга таклиф қилинди ва у мана шу таклифни қабул қилди”, - деди Обасанжо.

Тэйлор АҚШ етакчилигидаги халқаро тинчлик ўрнатувчи кучлар Либерияга боргандан кейин истеъфо беришини маълум қилди.

“Биз ҳозир Қўшма Штатларнинг Либерияда тинчлик ўрнатиш жараëнида қатнашишини ўта муҳим, деб ҳисоблаймиз. Биз шу мақсад учун Америка қўшинлари Либерияга келтирилишини қабул қиламиз”, - деди Тэйлор.

Маълумотларга қараганда, Буш Африка сафари давомида минтақа мамлакатларида ОИТС касаллигига қарши кураш ҳаракатлари учун 15 миллиард доллар миқдорида ëрдам кўрсатилишини эълон қилади. У шунингдек, Қўшма Штатлар Африканинг камбағал мамлакатларига маориф соҳасини ривожлантириш учун 5 йил давомида 600 миллион доллар ҳажмида ëрдам берилишини маълум қилади.

Айни пайтда, Лондонда чиқадиган “Guardian” газетанинг ëзишича, АҚШ раҳбари Африка мамлакатларига ëрдам беришдан ташқари, сиëсий ва иқтисодий мақсадларни ҳам кўзламоқда. Хусусан Буш Американинг бу минтақадаги ҳарбий базалари сонини ошириш ниятида. Газетанинг яна ëзишича, Бушнинг Африка сафари давомида бу минтақадан нефтни импорт қилиш ва терроризмга қарши кураш масалаларини ҳам муҳокама этиши мумкин.

Маълум бўлишича, Америка президенти сафари пайтида, терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилаëтган Африка мамлакатларига 100 миллион доллар миқдорида ëрдам берилишини ҳам эълон қилади.
XS
SM
MD
LG