Линклар

logo-print

Эрон баллистик ракета синови ўтказганини эълон қилди.


Акрам Файзулло Сешанба куни Эрон ҳукумати “Шахоб-3” русумидаги баллистик ракета охирги марта синалганини эълон қилди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Хамид Ризо Осефий мазкур ракета бундан бир неча ҳафта аввал сўнгги синовдан ўтказилгани ва қуролли кучларга юборилганини маълум қилди.

Кузатувчиларга кўра, Эрон ракета синови ниҳоясига етганини айнан ҳозир эълон қилгани бежиз эмас. Чунки, дейди кузатувчилар, ўтган йили АҚШ раҳбарияти Шимолий Корея ва Ироқ сингари Эронни ҳам “жаҳолат ўқи” руйхатига киритган эди. Шунинг учун Эрон ўзининг ҳарбий имкониятларини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.

Эронда ракета синови ўтказилгани Исроил ва АҚШ ҳукуматларини хавотирга солмоқда. Маълумотларга қараганда, “Шахоб-3” русумидаги баллистик ракета 1,300 километр узоқликдаги объектни нишонга олиш имкониятига эга. Айтилишича, Эрон мазкур ракетани Шимолий Корея ва Россия технологияси асосида ишлаб чиқарган. Мутахассисларга кўра, бундай ракета Исроил ва АҚШнинг Яқин Шарқдаги қўшинларига жиддий таҳдид солиши мумкин.

Озод Европа-Озодлик радиосига қарашли Фардо радиоси директори Мардо Соғом Эрон ракета синови ҳақида қуйидагича фикр билдиради:

“Менимча, бундай ракета билан Исроил ва минтақадаги АҚШ кучларини нишонга олиш мумкин. Дастлаб мазкур русумдаги ракеталарга оддий портловчи моддалар билан тўлдирилган қалпоқчалар ўрнатилиши мумкин. Аммо мутахассислар Эрон кимëвий ва биологик қуролларга эга эканини тахмин қилишмоқда”, - дейди Мардо Соғом. У қўшимча қилиб, аксар кузатувчилар Эрон 3-4 йилдан кейин атом бомбасини ярата олишига ишонаëтганларини қайд этди. Мардо Соғом фикрича, агар Эрон атом бомбаси ва ядровий қалпоқчалар ўрнатиладиган ракеталарга эга бўлса, Исроил ва Қўшма Штатлар қаршисида жиддий таҳдид пайдо бўлиши мумкин.

Айни пайтда, БМТ қошидаги атом энергияси бўйича халқаро агентлик бошлиғи Муҳамммад Эл-Барадей Эрон раҳбариятини мамлакатдаги ядровий иншоотларда қўшимча текширувлар ўтказилишига кўндириш учун Теҳронга бормоқда.

Мардо Соғом Эрон бундай текширувлар ўтказилишига тезда рози бўлмаслигини, лекин пировардида расмий Теҳроннинг муроса қилиши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини гапиради:

“Менимча, Эрон қўшимча текширувлар ўтказиш борасидаги келишувни дарҳол қабул қилмайди. Эрон музокараларни давом эттиришни ва бу жараëнни имкон қадар узоққа чўзишни хоҳлайди. Аммо агар Ғарб давлатлари Эронга қарши санкциялар жорий этиш ҳақида жиддий таҳдид этса, менимча Теҳрон ҳукумати бу масалада муроса қилиши мумкин”, - дейди Мардо Соғом.

Маълумки, Вашингтон маъмурияти Эронни ядровий қуроллар яратишга уринаëтганликда айбламоқда. Эрон ўзининг ядровий дастури тинч мақсадларга, хусусан, атом энергияси ишлаб чиқаришга қаратилганини билдирмоқда.

Лекин Эронда атом электр станциясини қуришга ëрдам бераëтган Россия ҳам сўнгги пайтларда Теҳрон ҳукуматини ядровий қуроллар яратиш нияти йўқлигига халқаро ҳамжамиятни ишонтириш учун мамлакатда қўшимча текширувлар ўтказилишига рози бўлишга чақирмоқда.
XS
SM
MD
LG