Линклар

Маҳмуд Аббос истеъфоси Яқин Шарқ тинчлик жараёнига қандай таъсир қилади?


Фарангис Саид Бош вазир Маҳмуд Аббоснинг Фатаҳ марказий қўмитасидан истеъфо бериши Фаластин мухторияти раҳбарияти учун кутилмаган ходиса бўлди.

Яқинда бош вазир этиб сайланган Аббос ва Фаластин мухториятининг бошқа расмийлари ўртасида зиддиятлар илгари ҳам мавжуд бўлган. Аммо ҳеч ким, жумладан душанба куни Фатаҳ йиғинида Аббосни танқид қилганлар ҳам, ундан бундай қарорни кутмаган эдилар. Эндиликда Маҳмуд Аббос бош вазир лавозимидан ҳам кетиши мумкинлигини айтмоқда. Бу эса Яқин Шарқда энди силжий бошлаган тинчлик жараёнини тўхтатиб, янги зўравонликларга туртки бериши мумкин.

Маҳмуд Аббос ўтган ойда Иорданияда АҚШ президенти Жорж Буш ва Исроил Бош вазири Ариэл Шарон билан учрашиб, “Йўл харитаси”, деб аталаётган тинчлик жараёнини илгари суришга келишди. 10 кун олдин эса у Фаластиннинг турли ҳарбий гуруҳлари, шу жумладан Ҳамас ва Ҳизбуллоҳ ташкилотларини Исроилга ҳужумларни тўхтатишга кўндирди. Бу билан Маҳмуд Аббос 34 ой давом этган ва 3000 одам ҳаётига зомин бўлган зўравонлик даврига якун ясашга муваффақ бўлди.

Шунга қарамай, Фаластин мухторияти раҳбариятининг асосий органи бўлмиш Фатаҳ марказий қўмитаси аъзолари Маҳмуд Аббос фаолиятидан норозилик билдиришда давом этдилар. Бундан чарчаган Аббос Фаластин мухторияти етакчиси Ясир Арафатга иккита мактуб юборди. Уларнинг бирида қўмитадан чиқиш қарори билдирилган, иккинчисида эса бош вазир лавозимидан кетиш эҳтимоли кўрсатилган. Лавозимида қолишнинг шарти сифатида Маҳмуд Аббос Исроил билан алоқаларни қай йўсинда қуриш бўйича конкрет кўрсатмалар талаб қилган.

Чоршанба куни Рамоллоҳда Ройтер ахборот агентлиги мухбири саволларига жавоб берар экан, Маҳмуд Аббос ўз қарорини мана бундай изоҳлади:

- Ички зиддиятлар мени Фатаҳ марказий қўмитасидан истеъфога беришга мажбур қилди.

Лондонда чиқадиган “Ал-Ҳаят” газетасининг Москвадаги мухбири Жабр Райид Озодлик радиосига берган интервьюсида Маҳмуд Аббос айтган ички зиддиятларга мана бундай тушунтириш беради:

- Келишмовчиликлар шундан иборат-ки, Фатаҳ раҳбарияти Исроил Бош вазири Ариэл Шарон “йўл харитаси” бўйича мажбуриятларини бажармаяпти, деб ҳисобламоқда. Шу боис, дейишмоқда Фатаҳ етакчилари, Фаластин раҳбарияти ҳам барча шартларни бажаришдан олдин Исроил ҳукуматига муайян талабларни қўйиши керак. Фатаҳ раҳбарияти Маҳмуд Аббосдан шуни талаб қилди, Аббос эса талабларни Фаластинда камида бир-икки ҳафта давомида тинчлик ҳукм сурганидан сўнг илгари суриш керак, деб фикр билдирди.

Маҳмуд Аббоснинг бош вазир лавозимидан кетиши эҳтимоли юзасидан суҳбатдошимиз Жабр Райид мана бундай фикр билдирди:

- Менимча, Аббос бош вазир лавозимидан кетмайди. Бунинг боиси нафақат унинг ушбу лавозим учун энг қулай шахс эканлигида. Асл сабаб шундан иборатки, Маҳмуд Аббоснинг ўзи бош вазир сифатида кўплаб мақсадларга эришиш ва минтақада тинчлик ўрнатиш йўлида ўз ҳиссасини қўшиши мумкинлигига ишонади.

Дарҳақиқат, Маҳмуд Аббос Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш жараёнига алоқадор тарафларнинг деярли барчасини қониқтираётган шахсдир. Уни АҚШ маъмурияти қўллаб-қувватламоқда. Исроил ҳукумати ҳам Аббос билан, Ясир Арафатдан фарқли ўлароқ, мулоқот қилишга тайёр. Шу сабабдан унинг истеъфога чиқиши Яқин Шарқдаги тинчлик жараёнини тўхтатиб қўйиши мумкин. Айнан шу боис Аббоснинг қарори маълум бўлиши биланоқ, АҚШ ҳукумати уни қўллаб-қувватлашини баён қилди.

Бундан ташқари сешанба куни Оқ Уй ва Конгресс намояндалари Маҳмуд Аббос етакчилигидаги Фаластинга молиявий ёрдам кўрсатиш режасини эълон қилдилар. Ёрдамнинг биринчи қисми нисбатан катта эмас – 20 миллион АҚШ долларига тенгдир. Бироқ АҚШ Фаластинга ҳеч қачон бевосита молиявий кўмак бермагани, яъни маблағ одатда ё БМТ, ёки нодавлат ташкилотлари орқали юборилгани назарда тўтилса, ушбу ёрдам аҳамиятини тушуниш мумкин. Чунки бу ёрдам Маҳмуд Аббос ва унинг тарафдорларига террор ташкилотларига реал тўсиқ қўйиш ва тинчлик ўрнатиш ҳаракатларини жадаллаштириш имконини беради.
XS
SM
MD
LG