Линклар

Ироққа қарши урушни оқлашга келтирилган Америка ва Британия разведка маълумотлари сохтами?

  • Замира Шукур

Ироққа қарши урушни оқлаш учун фойдаланилган разведка маълумотларининг бўрттирилгани ҳақидаги гап, дастлаб ўтган ой ББС телевидениеси лавҳаларидан бирида қўзғалган эди.

Ушбу фикрни ëлғон деб атаб, бунинг учун кечирим сўралишини талаб қилган Британия Бош вазири ëрдамчиси, кўп ўтмай эса Блэрнинг ўзи, ўзларини Британия Парламенти қошида айни шу масалада ҳисоб бериш ҳолатида топдилар.

Блэр: “Сиз қарийб Саддам ва унинг оммавий қирғин қуроллари Марказий разведка бошқармаси ва Британия разведкаси ихтироси деган фикрга келаëздингиз. Нимага шубҳа бўлса бўлсину, аммо Саддамнинг оммавий қирғин қуроллари яратаëтган бўлганига шубҳа бўлиши мумкин эмас!”

Бош вазирнинг бундай 100 фоиз қатъият билан қилган баëноти, Британия депутатларини ҳовурдан бир оз туширган бўлса, урушга йўл очган разведка маълумотларининг қанчалар ишончлилиги масаласи кўп ўтмай океан ортига, Ироқ урушининг асосий ижодкори ва ижрочиси бўлмиш Америкага кўчди.

Хабарингиз бор, халқаро ва Америка жамоатчилиги орасида, Ироқ урушига баҳона бўлган Саддамнинг оммавий қирғин қуроллари қани, нега Америка Ироқни ишғол қилганидан тўрт ой ўтиб ҳам, дунë хавфсизлигига улкан таҳлика деб бонг урилган бу қуроллардан асар йўқ, деган саволлар тобора баландроқ эшитилмоқда. Ана шу саволлар, аниқроғи шубҳалар, АҚШ нинг Габондаги собиқ элчиси Жозеф Вилсоннинг якшанба куни Ню Йорк Таймс газетасининг бош саҳифасида чоп этилган мақоласидан сўнг, жиддий бир шаклда кун тартибига қўйилди ва Америка сиëсатчилари ва шарҳловчилари орасида бораëтган баҳсларни янги босқичга кўтарди.

Айни кунларда Америка телевидениеси ва матбуоти юлдузига айланган жаноб Вилсоннинг айтишича, Саддам Ҳусайннинг ядровий қурол ишлаб чиқариш мақсадида Нигериядан уран сотиб олишга урингани ҳақидаги маълумотни текшириш учун Марказий разведка бошқармаси уни 2002 йил февралида махсус топшириқ билан Нигерияга юборади. Саккиз кун давомида олиб борган махфий тергов якунида Вилсон, Марказий разведка бошқармаси, Конгресс, Давлат департаменти, ҳамда вице-президент Дик Чейни идорасига Ироқ ва Нигерия ўртасида уран савдоси ҳақидаги музокараларга оид маълумотнинг сохта эканини ëзма ва оғзаки шаклда маълум қилади.

Аммо орадан қарийб бир йилча вақт ўтиб, 2003 йил январида Америка халқи , Конгресс ва Сенатига қилган йиллик ҳисоботида президент Буш, Саддам режимига қарши зудлик билан уруш бошлашни тақозо қилаëтган сабабларни келтиради. Улар орасида, Саддамнинг айрим Африка давлатларидан уран сотиб олиб, ядровий қурол дастури устидаги иши қайта бошлаëтгани ҳақидаги даъво муҳим ўрин ўринга қўйилади.

Хўш,Саддамнинг саноқли ойлар ичида ядро қуролига эга бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ваҳималар оловини ўчирувчи Вилсон хулосаси нега, нима учун ва ким томонидан унутилди? Нега Саддамнинг Африка билан уран савдосини пиширгани ҳақидаги сохта маълумот президентнинг энг муҳим йиллик нутқидан жой топди? Оқ уй, Ироққа қарши аллақачон тайëр бўлган уруш режасини амалга ошириш учун Саддам хавфининг кичиклиги ҳақидаги маълумотларни яшириб, аксинча уни бўрттирадиганларни ошириб кўрсатдими?

Айни кунларда, Америка оммавий ахборот воситалари, шунингдек демократ мухолифлар шу саволларга тегишли жавоб берилишини истамоқдалар.

Душанба куни, АҚШ президенти Жорж Буш Африка бўйлаб олти кунлик сафарга жўнашидан саноқли соатлар олдин Оқ уй матбуот котиби Ари Флейшер, президент Бушнинг Ироқ урушини оқлаш учун нотўғри маълумотлардан фойдаланганини тан олди.

Аммо Сенатдаги демократ мухолифлар раҳбари Том Дашл фикрича, бундай иқрорнинг ўзи етарли эмас ва Америка ҳукуматининг Ироққа оид разведка маълумотларини қандай талқин қилгани борасида махсус тафтиш ўтказиш лозим.

Дашл: ”Оқ уйнинг бу иқрори жуда муҳим. Бу бизга сохта маълумот бериб келинганини тан олиш демак. Ишончим комил, эндиликда мазкур вазиятга алоқадор барча фактлар юзасидан тўлиқ текширув бошлаш учун керагидан ортиқ сабаб бор.”

Мухолиф демократлар Дашл талабини амалга оширишга муваффақ бўлсалар, иккинчи муддат президентликка чоғланаëтган Жорж Буш учун кўнгилсиз кунлар бошланишини тахмин қилиш қийин эмас. Шарҳловчилар фикрича, ҳам Конгресс, ҳам Сенатдаги кўпчиликни республикачилар ташкил қилгани боис, Буш кўнгилсизликлари катта можарога айланмай, тез орада босди-босди бўлиши мумкин. Аммо Ироққа қарши уруш бошлаш иштиëқида Америка, қолаверса жаҳон жамоатчилигига махсус танланган сохта ва бўрттирма маълумотларни тортиқ қилишнинг қиммати сайлов пайтида Буш ва республикачилар учун қанчага тушади, буни энди келаси йили Америка сайловчилари ҳал қиладилар.
XS
SM
MD
LG