Линклар

НАТО Марказий Осиëдаги истеҳкомларини мустаҳкамламоқда

  • Замира Шукур

Шу кунларда НАТО генераллари Афғонистондаги халқаро хавфсизлик кучларига қўмондонлик навбатини олишга ҳозирланмоқдалар.

Ташкилот бош котиби Жорж Робертсоннинг Қозоғистон ва Қирғизистонга қилган сафари эса, айнан ана шу ҳозирлик доирасидаги ҳаракатдир.

Астана ва Бишкекдаги учрашувларида НАТО раҳбари, Марказий Осиë давлатларининг ташкилотдаги аҳамияти ошиб бораëтгани ва бу жараëн Афғонистондаги хавфсизликни таъминлаш маъсулияти НАТО зиммасига ўтганидан сўнг, янада кучайишини баëн қилди.

Ҳар икки давлат президентлари билан учрашувда Робертсон, Афғонистондаги аксил-террор уруши давомида Қозоғистон, айниқса, ўз аэропортини НАТО учқичларига ихтиëрига топширган Қирғизистон ҳукумати ҳамкорлигига юқори баҳо берди.

Робертсон
: “Бугун мен президент Ақаев ва қирғиз халқини Афғонистондаги толиблар режимини мағлуб этиб, уларни йўқ қилган аксил-террор коалициясида қатнашиш ҳақидаги қатъий позицияси учун қутлайман. Халқаро бирдамлик ва шериклик дегани шунақа бўлади!”

Робертсоннинг Қозоғистон ва Қирғизистонда қилган баëнотларига қараганда, НАТО Марказий Осиëдаги ўз фаоллигини ошириб, минтақадаги терроризм таҳликасига курашда ҳукуматлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни мўлжалламоқда.

Робертсон: “ Бугун биз янги ва таҳликалироқ дунëда яшаяпмиз. Айни пайтда, ана шу янги дунë билан иш кўришга мослашган янги НАТО ҳам пайдо бўлди. Аммо Қирғизистон ва НАТО ўртасидаги кучли алоқалар ва чуқур ҳамкорлик эскидан бор. Орамизда яхши ҳамкорлик дастурлари бор ва биз буларни янада кучайтириб, янада чуқурлаштиришга қарор қилдик.”

Бундай истиқбол эса, мустақил кузатувчилар танқидига учрамоқда. Шарҳловчилар, НАТО каби қудратли ҳарбий ташкилот билан яқинликдан илҳомланган Марказий Осиëдаги режимларнинг ўз фуқаролари ҳуқуқларини бузиш амалиëтини янада кучайтираëтганига эътибор қаратмоқдалар. Инсон ҳуқуқлари фаоллари фикрича, Афғонистондаги уруш муносабати билан ўз ҳудудларидан 5 мингга яқин АҚШ ҳарбийларига жой берган Тошкент, ҳамда Манас аэропортини НАТО ҳаво кучлари базасига айлантирган Бишкек ҳукуматлари айни шу ҳамкорлик туфайли ўз аксил-демократик сиëсатини янада кескинлаштирган.

Гарчи бундай танқидларга бевосита тўхталиб, минтақадаги демократия ва инсон ҳуқуқлари вазиятини тилга олмаса-да, Робертсон Астана ва Бишкекда, терроризмга қарши кураш ва хафвсизликни таъминлаш фуқаролар эркинлигини бўғиш эвазига бўлмаслигини айтиб ўтди.

Жума куни Бишкекда қилган баëнотида НАТО раҳбари Қирғизистон ва бутун Марказий Осиëнинг 21 асрнинг янги таҳликалари – терроризм, экстремизм, наркотиклар контрабандаси ва уюшган жиноятчилик билан курашнинг олд жабҳасида қолганини билдирди.

Айни шу таҳликалар, президент Асқар Ақаевнинг айтишича, НАТО ëрдами, айниқса, Қирғизистон чегараларини қўриқлашдаги ҳамкорлигини тақозо қилади.

Ақаев: ”Мен лорд Жорж Робертсонга,биринчи навбатда чегараларимиз хавфсизлигини таъминлашга техникавий воситалар ажратишни сўраб мурожаат қилдим. Зотан, мамлакатимиз хавфсизлиги -сарҳадларимиз хавфсизлигидан бошланади. Чегаралар эса, мина майдонлари эмас, балки электрон мудофаа қурилмалари билан ҳимояланиши лозим.”
Қирғизистон президентининг НАТО раҳбарига қилган сўровида айнан чегаралардаги мина майдонлари масаласини тилга олгани эса, кузатувчиларнинг қайд этишларича, бежиз эмас.

Ўзбекистон ҳукуматининг Қирғизистон ва Тожикистон билан сарҳадларда бир томонлама мина майдонлари яратиб, миналаштирилган ҳудудлар харитасини қўшниларга беришдан бош тортиб келаëтгани Бишкек ва Душанбеда кўпдан норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Марказий Осиë ҳукуматлари орасида хавфсизлик масаласида мувофиқлашган бир ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уни рағбатлантириш, айрим манбаларнинг айтишларича, НАТО раҳбарининг минтақага қилган сафари чоғида тилга олинган мавзулардан бири бўлган.
XS
SM
MD
LG