Линклар

logo-print

Ироқликларни бугун ким боқмоқда?

  • Замира Шукур

Уруш туфайли оëғи осмондан келган иқтисод, ўн йилдан узоқроқ чўзилган халқаро иқтисодий санкциялар жаҳондаги энг катта нефт заҳираларидан бирига эга бўлган Ироқ халқини хайрия ташкилотлари қўлидан нон еб, тирик қолиш ҳолига тушириб қўйди.

БМТ қошидаги Жаҳон озиқ-овқат дастури ҳисоб-китобига кўра, апрел бошида Саддам режими қулаганидан то июлга қадар биргина мазкур ташкилотнинг ўзи Ироққа 1миллион 200 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатган.

Агар Ироққа озиқ-овқат жўнатиш суръати ҳозирги каби соатига 1000 тонна даражасида давом этаверса, октябр ойига бориб биргина Ироққа жўнатилган ëрдам 2002 йили жаҳондаги барча бўҳрон нуқталарига кўрсатилган ëрдам миқдорига тенг бўлади.

Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Бағдоддаги намоëндаси Антониа Парадела, Ироққа тарихда мисли кўрилмаган миқëсда ëрдам олиб кириш сабабларини изоҳлар экан, мамлакатдаги 27 миллион аҳолининг 60 фоизи тўлиғича ,қолгани эса қисман ушбу ëрдамларга қарамлигини айтади.

Парадела: “Шунча катта аҳолига эга давлат аҳолисининг барини тўйғизиш уриниши тарихда бўлган эмас. Ҳатто 1948 йилги Берлин бўҳрони пайтида ҳам ëрдамга муҳтожлар сони 27 эмас, балки 3 миллион бўлган. Бошқа ëрдам операцияларда ҳам бунақа катта аҳоли кўрилган эмас. Афғонистонда 9 миллион, Эфиопияда эса 12 миллион одамга овқат етказилган эди.”

Октябр ойи охирига қадар Ироққа жўнатиладиган озиқ-овқат ëрдами қимматининг 1 миллиард 700 миллион долларга етиши кутилмоқда. Хўш, бу пул қаердан, кимнинг чўнтагидан олинмоқда ? Бундай тарихда кўрилмаган ëрдам дастури пулини Ироқни Саддам зулмидан қутқариб, халқини фаровонлик ва эркинликка чиқариш даъвоси билан уруш қилган Америка ва Британия тўлаяптими, дерсиз.

Йўқ. БМТ расмийсига кўра, бу ëрдамга сарфланаëтган пул, айланиб бориб яна ироқликлар чўнтагидан олинмоқда. Санкция давомида музлатиб қўйилган Ироқ нефтидан келган даромад, бугун озиқ-овқатга ишлатилмоқда, дейди Озодлик мухбири билан суҳбатда Парадела хоним.

Хўш, ундай ҳолда, ироқликларнинг ўз ошу ҳалоли бўлган бу озиқ-овқат, улар қўлига тўлиғича етиб бораяптими, 27 миллион аҳолини қўлдан боқиш механизми борми, дерсиз.

Аслида, бундай механизм Саддам давридаëқ ишлаб чиқилган ва Ироқ аҳолиси 1996 йилдан то шу йил мартига қадар советча карточка тизими каби, ҳар ой ҳукумат дўконлари орқали киши бошига белгиланган ëрдам рациони олиб келган эди.

БМТ расмийсининг айтишича, мамлакатда тартиб ва хавфсизлик муаммо бўлиб турганига қарамай, айнан ойлик рацион тарқатишнинг саддамча шакли бугун ҳам ишламоқда.

Парадела: “Ëрдамни тарқатаëтганлар дўкондорлардир. Ҳар бир маҳалла ва қишлоқда ўз дўкони бор ва уларда Саддам даврида озиқ-овқат рационини тарқатиш учун ëлланган махсус одамлар бор. Умумиятла, булар ҳалол одамлар, маҳалла-кўй уларни яхши билади, улар ҳам жамоанинг пасту баландидан яхши огоҳ.“

Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти томонидан Ироққа келтирилиб, 27 миллион аҳолининг барига тарқатилаëтган бу озиқ-овқат рациони текин бўлмай, жон бошига берилаëтган ëрдам нархи 40 сент атрофидадир.

2 кг шакар, 9 кг ун, 3 кг гуруч, 150 гр чой, 2 дона совун, 125 гр кир ювиш порошоги, 200 гр туз, 1 литрдан сал кўпроқ ўсимлик ëғи , 250 гр ловия ва 250 гр мошдан иборат мазкур ëрдам пакети нархи Саддам замонида рамзий бўлиб, жон бошига белгиланган бу ëрдам учун 20 сент тўланарди.
XS
SM
MD
LG