Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:27

Ироқ бошқарув кенгаши кимга ва қандай хизмат қилади?


Нима бу – Вашингтоннинг Ироқни бошқаришни босқичма-босқич ироқликларнинг ўзига топшириш йўлида қўйган дастлабки қадамими? Ëинки, кучайиб бораëтган ҳам ички, ҳам ташқи босим остида, асл моҳияти америкача бўлган Ироқ ҳукуматига сиртдан маҳаллий қиëфа ва ном беришми?

Якшанба куни - Ироқ бошқарув кенгаши таъсис этилгандан бери аксариятни ана шу каби саволлар ўйлантирмоқда.

Қиëфа ва ном, диний ва сиëсий мансублик нуқтаи назаридан америкаликларнинг мазкур кенгаш аъзоларини пухта танлаганликлари, кузатувчилар томонидан эътироф этилмоқда.

Зотан, 25 кишилик кенгашнинг 13 аъзоси мазҳаб жиҳатдан шиа, 11 таси сунний, биттаси насронийдир. Янги Ироқни қуриш жараëнидан аëллар ҳам четга сурилмадилар - кенгашдан уч ўрин хотин-қизларга ажратилди.

Айрим таҳлилчилар фикрича, бундай миллий, диний ва мазҳабий қиëфа америкаликларни қаноатлантириши ва улар кўзида кенгаш қиëфасига адолатли бир тус бериши мумкиндиру, аммо у ироқликлар, аниқроғи, Ироқдаги сунний мусулмонларни қониқтириши қийин бўлиши мумкин.

Қайси бир сунний билан гаплашманг, у ’Ироқ аҳолисининг 60 фоизга яқини шиа бўлса-да, тарихан Ироқни фақат суннийлар бошқарган’, деб сизга ўтмишдан мисол келтиради. Бу рўйхат Саддам Ҳусайн билан тугагани ва шиалар ўзларини Саддам зулмидан, айниқса, кўп азият чеккан деб билишлари боис, америкаликлар адолат тарозуси палласини кенгашдан шиаларга кўпроқ жой ажратиш билан мувозанатлашга уринаëтган кўринадилар.

Баъзи кузатувчилар, шундоқ ҳам асосан суннийлар яшовчи ҳудудларда ҳужумга учраëтган америкаликларнинг бошқарув кенгашидаги шиа ва сунний нисбатини биринчиси фойдасига ўзгартирганлари, бундай ҳужумлар фаоллашувига туртки бўлиши мумкинлигини қайд этмоқдалар.

Аммо айрим ироқликлар, кенгаш таркибига кирганларнинг кўпчилигини шиалар ташкил этгани ҳолда, кенгаш раиси этиб сунний шахс тайинланса, америкаликлар бундай таҳликага чап беришлари мумкинлигини айтмоқдалар.

Бағдодлик тадбиркор Сами ал–Хўжанинг айтишича, бундай вазиятдаги тўғри чора монархия даврида Ироқ ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган, сунний мазҳабига мансуб Аднан Пачачини ,кутилаëтгани каби, бошқарув кенгаши раиси этиб тайинлашдир.

Ал-Хўжа: “Афтидан америкаликлар шиалар намоëндасини ҳукумат тепасига олиб келишни исташмайди. Шу боис, ироқдаги суннийлар ҳозирча кенгаш таркибида шиалар кўплигидан безовта бўлаëтганлари йўқ ва мен кенгаш таркиби туфайли шиа-сунний муаммоси қўзғалади, деган фикрдан йироқман.”

Кузатувчилар фикрича Ироқ бошқарув кенгаши олдида турган асосий муаммо, оддий ироқлиларни мазҳабидан қатъий назар, кенгаш аъзолари Ироқ халқи ва давлати манфаатлари учун хизмат қилади, деган фикрга ишонтириш бўлади. Британиялик Яқин Шарқ бўйича таҳлилчи Нил Патрик шундайлар жумласидан.

Патрик: “Мураккаблик, табиийки, бошқарув кенгашининг оддий ироқликлар ишончини қозониш-қозонмаслигидан иборат бўлади. Ҳозирча қуролли қаршиликка аралашмаган ироқликлар мамлакат аҳолисининг аксариятини ташкил этади ва кенгаш айни шу қатлам ишончини қозониши лозим.”

Ироқликлар, қолаверса халқаро ҳамжамият ишончини қозониш эса, Ироқ бошқарув кенгаши учун осон бўлмайдиганга ўхшайди. Зотан, кенгашга кирган гуруҳ ва шахсларнинг Вашингтон томонидан танлангани, аввал бошданоқ, кенгаш обрўсига салбий таъсир қилмай қолмади. Кўпгина ироқликлар, қолаверса Араб лигаси каби халқаро уюшмалар, бошқарув кенгашининг Ироқ халқи томонидан сайланмагани танқид қилмоқдалар.

Ироқдаги АҚШ фуқаролик маъмурияти раҳбари Пол Бремернинг ўз-ўзига кенгаш чиқарадиган ҳар қандай қарорни вето қилиш ҳуқуқини бергани эса, бундай қарашларга асос бўлмоқда.

Ал-Хўжа: “Кенгаш аъзолари Ироқ халқи намоëндалари эмас. Уларни Ироқ халқи сайлагани йўқ, балки Бремер тайинлади. Қолаверса, бу кенгаш бирор бир муҳим қарор чиқариш ваколатига эга эмас ва барча соҳада охирги сўз Бремерга тегишли. Шу боис ироқликларнинг бу кенгашни қўллаши ва унга эргашишига ишонмайман.”

Ҳозирча Ироқ бошқарув кенгаши аъзолари ўз ваколатларини ойдинлаштириш, қолаверса раис ва вазирларни сайлаш каби ташкилий масалалар билан банд. Баҳони юзга эмас, ишга қараб бер, деган нақлга қулоқ солинса, кенгашнинг кимга ва қандай хизмат қилиши билан боғлиқ саволлар фақат у ҳақиқий фаолиятини бошлаганидан сўнггина жавоб топиши мумкин.
XS
SM
MD
LG