Линклар

logo-print

Бушнинг Ироқ қуроллари тўғрисидаги хато ҳисоботи унинг обрўсига путур етказиши мумкин

  • Ҳурмат Бобожон

Ироқ урушига қарши бўлган иккита ноҳукумат ташкилоти шу кунларда бутун Америка бўйлаб телевизион рекламаларини намойиш этмоқда. Унда АҚШ президенти Жорж Бушнинг агрессив фотосуратлари фонида шундай сўзлар янграйди.

"Буш бизга Ироқда ядро қуроли хавфи бор, деб айтди. Буш бизга улар уран сотиб олишга уринаётгани ва ядровий иншоотларни мустаҳкамлаётгани ҳақда гапирди. Шундан сўнг биз уруш бошладик. Энди эса бизга нотўғри маълумот берилгани аниқланди. Деярли ҳар куни Ироқда америкаликлар ҳалок бўлмоқда. Биз усти хаш пўшланган ёлғонни эмас ҳақиқатни истаймиз".

"Win Without War and Move On", яъни "Урушсиз Ғалаба қозониш ва ҳаракатланиш" номли ташкилот тарафидан ёйинланган ушбу телевизион реклама Бушнинг январ ойги йиллик мурожаатига нисбатан америка жамоатчилиги эътирозлари кучаяётганини кўрсатмоқда. Эслатиб ўтамиз, ўтган хафта Оқ уй маъмурияти Буш чиқишида йўл қўйилган айрим ҳатоларга, жумладан Саддам Ҳусайн режими Нигердан уран сотиб олишга урингани ҳақидаги маълумотлар нотўғри бўлиб чиққанига расман иқрор бўлган эди.

Буш чиқишига билдирилган муносабатлар, сўнгги бир хафта ичида Оқ уй раҳбари сиёсатини қўллаб-қувватловчи америкаликлар сони сезиларли камайганини кўрсатмоқда. Куни кеча Американинг "Эй-Би-Си" телеканали ҳамда "Вашингтон Пост" газетаси ўтказган сўровларга кўра, "Ироқ уруши ўзини оқлади", деювчилар сони апрел ойдаги 70 фоизлик кўрсаткичдан 54 фоизга тушган. "Newsweek" журнали сўрови натижаларига кўра, унда қатнашганларнинг 38 фоизи АҚШ раҳбари Ироқда оммавий-қирғин қуроллар борлигини айтиб, америкаликлар фикрини чалғитди, дея муносабат билдиришган.

Бу рақамлар сўнгги бир хафта ичида АҚШ президенти обрўси сезиларли тушганини кўрсатди. Айниқса, АҚШда бошланадиган навбатдаги президентлик сайловларига 15 ой қолганда бундай можаронинг юзага чиққани Буш сайловолди кампаниясига зарар етказиши мумкин.

Собиқ Конгрессмен, ҳозирда Вашингтондаги Брукингс институти таҳлилчиси Билл Френзел Буш маърузасида йўл қўйган ҳатосини жиддий деб ҳисобламаса-да, ҳозирги вазиятда бу Оқ уй раҳбари учун анча қимматга тушишини инкор этмайди.

"Қачонки президент қандайдир хатога йўл қўйса, бу уни сўроқ қилиш имконини яратади. Айни пайтда менинг шахсий фикримча, жанжалга сабаб бўлаётган машхур 16 сўз жудаям жиддий ҳато эмас. Аммо ҳозирги шароитда бу уятли хатодир", - дейди Билл Френзел.

Америкалик таҳлилчи сўнгги кунларда тез-тез тилга олинаётган шу 16 сўз, яъни Ироқ Нигердан уран олишга урингани ҳақидаги Бушнинг гаплари Президент маърузасининг асосий мавзусини ташкил этмаганини қайд этди. Аммо, америкалик бошқа бир таҳлилчи Натан Броун ўша 16 сўз замирида кўп нарса ётишини айтади. Жорж Вашингтон университетининг сиёсий масалалар ва халқаро муносабатлар бўйича эксперти Браун фикрича, Буш чиқишидаги ўша хато айтилган 16 сўз Американинг Ироққа қарши урушга киришига сабаб бўлган.

"Гап шунчаки 16 сўздан иборат баёнот ҳақида кетмаяпти. 16 сўзлик бу баёнот ёнига урушдан кейин Ироқда оммавий қирғин қуроллари борлигини кўрсатувчи бирор далил топилмагани ҳам қўшилди. Ва айни шу нарса одамларни ортга қараб жудаям ишончли қилиб тақдим этилган сабаб унчалик ҳам ишончли эмас экан, деган ҳаёлга олиб келяпти."

Жорж Вашингтон университетининг сиёсий масалалар ва халқаро муносабатлар бўйича эксперти Натан Браун фикрлари эди. Америкада Бушнинг январ ойги йиллик мурожаати атрофида мубохасалар қизиб борар экан, жамоатчиликнинг бу масала бўйича фикри қай томонга ўзгаради, бу ҳақда ҳозирча таҳмин қилиш қийин. Қандай бўлмасин, эндиликда Буш келаси йилги сайловларни ҳам ютиб чиқиши учун, ҳозирданоқ ташқи имижига путур етган зарарни бартараф этиши керак. Сайловларга эса 15 ойдан камроқ вақт қолди.
XS
SM
MD
LG