Линклар

Вашингтонда Ироқ музокаралари


А. Аррал

Берлин ҳукумати АҚШнинг Ироқдаги тинчликни сақлаш кучига ëрдам тариқасида қўшин юборишни сўраб НАТОга расман мурожаат қилишини кутмоқда.

Ҳукумат матбуот вакили Бела Анданинг айтишича, мазкур мурожаат ëзги таътилдан кейин Брюсселга НАТО Кенгашига тақдим этилиши мумкин. Унга қадар АҚШнинг бу борада қарор қабул қилиши кутилмайди.

Ўтган ҳафта АҚШ Сенати президент Жорж Бушдан НАТО ҳарбий иттифоқидан АҚШнинг Ироқдаги 147 минг аскарига таянч мақсадида қўшин юборишини сўрашни талаб қилди.

Маълумки, НАТО ташкилотининг 19 аъзосидан 9 таси аллақачон Ироқдаги хавфсизлик амалиëтларида иштирок этишмоқда. Бироқ уларнинг бу иштироки НАТО аъзолари сифатида амалга ошаëтгани йўқ.

АҚШ сенаторларидан бир қанчаси таклиф этилаëтган НАТО кучлари таркибида, айниқса, Германия ва Франсия кучлари иштирок этишини исташмоқда.

Куни-кеча Германия Канцлери Герҳард Шрўдер БМТнинг махсус рухсатисиз ва НАТО доирасидан ташқарида ўз ҳукумати Ироққа ҳеч қандай куч юбормаслигини эълон қилди. Буш маъмурияти ҳам Канцлернинг айтишича, германиянинг ушбу позициясидан аллақачон хабардор қилинган.

Германия Ташқи ишлар вазири Ўошка Фишер ўзининг Вашингтонга қилаëтган тўрт кунлик ташрифи давомида АҚШ вице-президенти Дик Чейни ва Давлат котиби Колин Пауэлл билан учрашиб, бу масалани муҳокама қилади.

Фишерга кўра, Берлин ҳукумати урушга қарши позициясини ўзгартирмайди ва Германия Ироқдаги АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари таркибига қўшилмайди.

"Вашингтонда қандайдир янги таклиф пайдо бўлиши лозим. Биз имкониятларни ҳукумат ва парламент доирасида муҳокама этишимиз керак. Бироқ бизнинг позициямиз ўзгармайди ва биз АҚШ бошчилигигидаги кучлар таркибида эмасмиз" – деди Германия Ташқи ишлар вазири.

Германиянинг Ироққа нисбатан ҳозирги позицияси хусусида эса, Шрўдер ҳам, Фишер ҳам ҳеч қандай маълумот бермади. Аммо апрел ойида, Ироқда уруш ниҳоясига етганидан сўнг, уларнинг ҳар иккаласи ҳам Ироқни қайта қуриш ишлари фақат БМТ назорати остида олиб борилиши кераклигини таъкидлаган эдилар.

Ироқ урушига Германия аҳолисининг 70 фоизидан кўпроғи қаршилик билдиришган эди. Ҳозирги кунда ҳам уларнинг кўпчилиги Германиянинг урушдан кейинги Ироққа ўз ҳарбийларни жўнатишини исташмайди. Кўпчилик германияликлар Ироққа кўрсатиладиган ëрдам инсонпарварлик ëрдами, жумладан аҳолини тоза ичимлик суви ва электр қуввати билан таъминлашдан иборат бўлиши керак, деб билишади.

Франкфурт университетининг халқаро алоқалар бўйича профессори Ҳералд Мюллерга кўра, Ироқ Америка муаммоси экани ва унга НАТО аралашмаслиги керак.

"Британия ва америкаликлар ўз истакларига биноан хорижий мамлакатга юриш қилдилар. Агарда эндиликда улар муаммо гирдобига тушиб қолган бўлсалар, бунинг НАТО иттифоқига ҳеч қандай алоқаси йўқ", - дея кескин фикр билдирди германиялик бу таҳлилчи.

Айни пайтда Мюллер ва бошқа кузатувчилар Германия Ироқ халқига инсонпарварлик ëрдамлари таклиф этиши лозим деган фикрни илгари суришмоқда. Таҳлилчилар, Германиядаги мавжуд иқтисодий бўҳрон туфайли, Берлиннинг бундай ëрдам имкониятлари чекланганини ҳам қайд этишмоқда.
XS
SM
MD
LG