Линклар

Афғонистон қамоқхоналаридаги аянчли вазият


А. Аррал

Шафиқа исмли 23 ëшлардаги афғон аëли Кобул вилоят қамоқхонасининг темир панжаралари ортида озодликдан маҳрум этилган. Бу эса, қотилликка қўл урганлик айби билан қамоққа олиниб, суд ҳукмини кутаëтган Шафиқа ва бошқа 28 аëл маҳбус учун ягона зиндондир.

Қамоқхонада сув ҳам, ҳожатхона шароитлари ҳам йўқ. Маҳбуслар юз-қўлларини кўлмак сувига ювишади. Уларнинг ҳаммаси битта ифлос ҳожатхонани баҳам кўришади.

Шафиқа бошқа беш маҳбус билан бирга қоронғу ва кичик бир ҳужрага қамалган.

"Ëнимизга келган хорижликлардан ҳожатхонани тузатишга ëрдам беришларини сўрадик. Чунки, у сасийди ва пашшалар бизни касал қилади. Аммо ҳеч нарса ўзгаргани йўқ", – дейди Шафиқа.

Унинг қамоқдоши Заҳро эса, овқатнинг ниҳоятда озлигидан шикоят қилади. Унга кўра, маҳбусларнинг овқати ўз қариндошлари зиммасида. Қариндоши йўқлар эса, қамоқхонанинг ëмон овқатига қарамдирлар.

Заҳронинг айтишича, муҳбусларга бериладиган тухум ва нон учун маҳбусларнинг ўзлари тўлайдилар.

"Бизга муносиб овқат берилмайди. Келиб кўрувчилари бўлмаган маҳбусларга фақат қайнатилган картошка берилади. Қоронғи ҳужрада бунинг қандай овқат эканлигини ҳам билиб бўлмайди. Сифатсиз ва ëмон овқат туфайли ҳамма касал", - дейди вилоят қамоқхонасидаги яна бир маҳбус аëл.

Қамоқхона ходимаси Ëсимин Моҳиранинг озодлик мухбирига билдиришича, қамоқхона ходимлари ҳам айни шароитга тушиб қолганлар.

"Қамоқхона илон, чаëн ва бошқа турли ҳашаротлар билан тўлиб-тошган. Энг катта муаммо сув йўқлидир. Ҳожатхона жуда ифлос, даҳлизлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Кўпинча электр қуввати бўлмайди. Қоронғуда қамоқхона ходимлари йиқилиб оëқ-қўлларини синдирадилар. Бироқ бу вазиятга ҳеч ким эътибор ҳам бермайди", - деб таъкидлайди вилоят қамоқхонаси ходимаси Моҳира.

Қамоқхона амалдорлари эса, муаммоларни молиявий етишмовчиликларга боғлаб кўрсатишга уринишади.

Аммо инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг айтишларича, вазиятни ўзгартириш, аниқроғи ҳожатхонани тозалаш ва маҳбусларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш каби анча осон йўллар мавжуд. Шу билан бирга ҳуқуқ ҳимоячилари маҳбусларнинг қийноқларга солинаëтгани ва улар ҳуқуқлари оëқ ости бўлаëтганлигидан ташвишланмоқдалар.

Инсон ҳуқуқлари вакилларига кўра, кўпчилик маҳбуслар, айниқса, пойтахтдан ташқаридаги маҳбусларнинг адвокатлари ҳам йўқ ва улат ўз ҳуқуқлари ҳақида маълумотга ҳам эга эмаслар. Қамоқдагилар ойлар давомида суд ҳукмини кутиб туришади.

Афғонистон мустақил инсон ҳуқуқлари комиссияси вакили Муҳаммад Фарид Ҳамидийнинг маълум қилишича, маҳбусларни қийноққа солиш ва улар ҳуқуқларига тажовуз қилиш мамлакат бўйлаб оддий ҳолга айланиб қолган. Улар сўроқ пайтида калтакланадилар, айрим қамоқхоналарда эса маҳбуслар темир ҳужраларда сақланадилар.

Қамоқхона расмийлари бундай айбларни рад этадилар.

Ҳамидийга кўра, Афғонистон марказий ҳукуматига тегишли бўлмаган қамоқхоналардаги вазият давлат қамоқхоналарига қараганда янада оғирроқ ва ëмонроқдир.
XS
SM
MD
LG