Линклар

АҚШ бюджетида камомад $455 миллиардлик кўрсаткичга яқинлашиб қолди

  • Ҳурмат Бобожон

АҚШ Президенти Жорж Буш учун Ироқ уруши борган сари янги нохушликларни келтириб чиқармоқда. Ироқдаги оммавий қирғин қуроллари ҳақидаги Оқ уй раҳбарининг баёноти билан боғлиқ жанжаллар ҳали тугамасиданоқ, демократлар республикачи Бушни мамлакат иқтисодини боши берк кўчага олиб келганликда айблай бошладилар.

Уларнинг бундай баёнотларига АҚШ иқтисодида юзага келган бюджет камомади сабаб бўлди. Демократ сенаторлар фикрича, Ироқда олиб борилган ҳарбий амалиётлар ва Ироқни қайта тиклаш ишлари Америка учун қимматга тушмоқда. Маълумотларга кўра, АҚШнинг Ироқдаги кучлари фаолиятига мамлакат бюджетидан ойига қарйиб 4 миллиард доллар сарфланмоқда.

АҚШ Когресси аъзолари ҳисоб-китобларига кўра, Ироқда олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар, террорчиликка қарши кураш ва устига-устак Америкада солиқлар миқдори камайтирилгани оқибатида мамлакат бюджетида 455 миллард, яъни сал кам ярим трилион долларлик камомад юзага келган. Агар Америка иқтисодида пасайиш шу зайлда, борса, дейишмоқда таҳлилчилар, 2004 йилда бюджет камомади 475 миллиард долларга етиши ҳеч гап эмас.

Бюджет билан боғлиқ ҳозирги вазиятни Президент Билл Клинтон давридаги кўрсаткичлар билан солиштирадиган бўлсак, 2001 молия йилида Америка хазинасида бюджетдан ташқари 334 миллиард долларлик ортиқча маблағ бўлган. Бу эса сўнгги икки йил ичида мамлакат бюджети 789 миллиард долларга камайганини кўрсатмоқда.

Сешанба куни айни масала АҚШ Конгрессида тортишувларга сабаб бўлди. Пентагон расмийлари ўзларини конгрессменлар танқидидан ҳимоялар экан, уруш сарф-харажатлари билан боғлиқ маълумотларни тақдим этдилар. Уларга кўра, АҚШ иқтисодидаги пасайиш биргина Ироқ уруши билан боғлиқ эмас. Ўз исмини айтишни истамаган Пентагон расмийсининг Мудофаа вазири ўринбосари Дава Закхейм сўзларига таяниб маълум қилишича, Ироқ урушига жами 48 миллиард доллар маблағ сарфланган.

Москвадаги Жаҳон иқтисоди ва халқаро муносабатлар институти таҳлилчиси Леонид Григорев АҚШ бюджетидаги бундай йирик камомат ҳукумат йўл қўйган хато натижаси эканини айтади. Григоревнинг таъкидлашича, камомад сарф-харажатлар яҳши мувофиқлаштирмагани оқибатида юз беради ва Америкада ҳам айни холат кузатилмоқда.

"Қачонки, масала камомадга бориб тақалса, у доим кутилмаган равишда таҳмин этилганидан кўп бўлиб чиқади. Афтидан, мамлакат,(яъни АҚШ) харажатларни яхши мувофиқлаштирмай, уларни режалаштиришда хатога йўл қўйган. Оқибатда иқтисодий ўсиш кутилганидан пастроқ бўлган ва бюджет камомади ҳам шунинг оқибатида юзага келган."

Шунга қарамай, таҳлилчилар Америка иқтисоди яна оёққа туришига ва доллар қаддини ростлашига ишонч билан қарамоқдалар.

Леонид Григоревга кўра, бюджет камомади Америка иқтисоди учун катта фожеа эмас, чунки бу мамлакат ички қарзлари олдинги йиллардагига қараганда анча оз.

"Узоқ давр мобайнида АҚШ иқтисодида ижобий баланс кузатилгани боис бу мамлакат иқтисодига путур етказмайди. Қолаверса мамлакат ички қарзлари ҳам 10 йил аввалгидагига қаранда ҳозир анча кам. Чунки Америка ички ялпи махсулоти бу давр ичида ошди. Шу боис мен бу ерда Америка иқтисоди учун катта фожеани кўрмаяпман".

Москвадаги Жаҳон иқтисоди ва халқаро муносабатлар институти таҳлилчиси Леонид Григорев фикрлари эди.

Аммо, таҳлилчиларнинг бундай оптимистик қарашларига қарамай, АҚШ иқтисодидаги таназзул аҳоли орасида жиддий хавотирни юзага чиқармоқда. Айни ҳолатга муносабат билдирар экан АҚШ Марказий банки раиси Алан Гринспен, бюджет камомади билан боғлиқ янги маълумотлар АҚШ раҳбариятини сиёсий амбицияларни четга суриб мамлакат иқтисоди ҳақида ҳам ўйлашга ундашини айтди. Ҳозирча, Оқ уй 2008 йилга қадар бюджет камомадини 226 миллиард долларга камайтиришни режалаган.
XS
SM
MD
LG