Линклар

logo-print

АҚШ ва БМТ: ўзаро муроса томон қадам ташламоқдалар

  • Замира Шукур

Кейинги бир неча кун ичи АҚШ нинг Ироққа қўшин юбориш сўровига жавоб қайтарган Германия, Франция ва Ҳиндистон ҳукуматлари БМТ мандатисиз Ироққа бир дона ҳам аскар жўнатмасликларини билдирдилар.

Айни шу учала давлат эса, Ироқда урушдан кейин барқарорлик ўрнатиш жараëнидаги маъсулиятни АҚШ билан баҳам кўриш учун Вашингтон танлаган асосий шериклар эди.

Бундай раддия Буш маъмурияти учун навбатдаги кўнгилсизлик бўлди. Зотан, Ироқдаги Америка ҳарбийлари орасидаги талофатлар кун сайин ошиб бораëтган, айни пайтда қарийб 150 минглик қўшинни сақлаш харажатлари ҳам Америка иқтисодига тобора оғирлик қилаëтган бир пайтда, Конгресс президент Бушдан бу жараëнга халқаро кучларни жалб этишни сўрамоқда.

Айни пайтда, АҚШ ва БМТ орасида Ироқ масаласида пайдо бўлган совуқчиликда бир оз бўлсин илиш қайд этилмоқда.

Душанба куни БМТ бош котиби Кофи Аннан Ироқ урушидан бери биринчи бор Вашингтонга келди ва президент Буш билан учрашди.

Суҳбат мавзуи асосан АҚШ нинг Африка қитъасидаги тинчлик ҳаракатларидаги иштироки бўлди ва учрашувдан сўнг Буш ва Аннан Американинг Либерияга ҳарбий куч юбориши мумкинлигига ишора қилдилар.

Оқ уйнинг фуқаролик урушидан тинкаси қуриган Либерия ëки Конго каби бошқа Африка давлатларида тинчлик ўрнатиш уринишларига аралашуви, дипломатлар фикрича, Ироқ масаласида ҳам янги ҳамкорлик бошлашга замин яратиши мумкин.

Ню-Йоркда жойлашган мустақил сиëсий тадқиқотлар институти президенти Виллиам Люрс фикрича, Буш маъмуриятининг Африка муаммоларига кўрсатаëтган қизиқишини БМТ билан ярашиш истаги сифатида баҳолаш мумкин.

Люрс: “АҚШ нинг Либериядаги фаолликка қайтаëтгани, Конгодаги БМТ ҳаракатларини қўллашга киришгани, Ироқдаги жараëнларга қандай қилиб БМТ ëрдамини жалб қилиш йўлларини излай бошлагани ва Африка ҳамда СПИД каби кенг кўламли масалаларга аралашаëтганини кузатаяпмиз. Буларнинг бари ўзига хос муолажа жараëнининг таркибий қисми ва бу жараëн БМТ нинг ўзини яна қайта фаолиятга қайтариши учун ниҳоятда муҳимдир.”

Германия ташқи ишлар вазири Йошка Фишернинг Вашингтонда АҚШ расмийлари билан олиб бораëтган музокараларига ҳам, ана шу муоалажа жараëнининг яна бир парчаси дея қаралмоқда.

Ироқ урушига тиш-тирноғи билан қарши бўлган Берлин дипломатлари раҳбарининг Вашингтон билан Ироқ ва бошқа оғриқли масалаларда муроса излаëтганининг ўзиëқ, кузатувчиларда эски иттифоқчилар орасидаги ўзига хос сулҳ белгиси деган, фикр уйғотмоқда.

Аммо Германия ва Франция ҳам, қолаверса Ироқдаги тинчлик ўрнатиш кучларининг учинчи дивизиясига қўмондонлик қилиш таклиф этилган Ҳиндистон ҳам, БМТ рухсатисиз Ироққа қўшин юбормасликларини такрорламоқдалар.

АҚШ расмийлари эса ҳозирча Ироққа халқаро хавфсизлик кучлари жойлаштиришга рухсат берувчи БМТ резолюциясига ҳожат йўқлиги ва коалиция таркибига ўз қўшинларини юборишга иштиëқманд давлатлар бу ишни БМТ сиз ҳам бемалол қилишлари мумкинлигини таъкидламоқдалар.

Буни чоршанба куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Ричард Баучер яна бир бор таъкидлади.

Баучер : “Ироқдаги хавфсизлик кучлари сафига қўшилиш мумкин, деган тўхтамга келган давлатлар сони талайгина. Бу давлатлар Ироқдаги хавфсизлик жараëнига ўз манфаатларидан келиб чиқиб қатнашмоқчилар. Қолаверса, улар БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1483 резолюцияси матни барча давлатларни Ироқни барқарорлаштиришда қатнашишга рағбатлантиришини яхши биладилар.”

Ҳозирча АҚШ ва БМТ расмийлари олий даражада Ироқдаги БМТ роли борасида бир муросага келмаган бўлсалар-да, бу халқаро ташкилотнинг Ироқдаги махсус элчиси Сержиу Виера де Меллонинг Ироқдаги АҚШ фуқаролик маъмурияти раҳбари Пол Бремер билан яқиндан ҳамкорлик бошлагани билдирилмоқда.
XS
SM
MD
LG