Линклар

Ироқда жиноятлар қилганликда айбланган мамлакат собиқ расмийларини жавобгарликка тортиш ҳақида қарор берилди.


Акрам Файзулло

Ироқ Бошқарув кенгаши инсониятга қарши жиноятлар қилганликда айбланган мамлакатнинг собиқ расмийларини жавобгарликка тортиш учун адлия комиссиясини ташкил қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Human Rights Watch ташкилоти ушбу қарорни мамнуният билан қаршилади. Мазкур ташкилотга кўра¸ Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайн даврида ироқлик курдларга қарши геноцид содир этган¸ минглаб ироқликлар ўлимида айбдор ва бошқа бир қатор жиноятларга алоқадор шахсларни қилмишига яраша жазолаш лозим.

Аммо Human Rights Watch ташкилоти вакили Ханë Муфти Ироқнинг янги бошқарув кенгаши етарли тажрибага эга бўлмагани боис¸ у бу борада халқаро мутахассислар ëрдамидан фойдаланиши кераклигини қайд этди.

“Ироқда Баас партияси 30 йил ҳукмронлик қилгани оқибатида мамлакат Адлия тизими барбод бўлди. Шунинг учун¸ айниқса¸ юқори лавозимларда бўлган собиқ расмийлар устидан суд жараëнини олиб бориш жуда мураккабдир”¸ - дейди Ханë Муфти.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга кўра¸ Ироқда Адлия ишлари пировардида ироқликлар назоратида бўлиши керак. Аммо Муфти ҳозирча Ироқ Бошқарув кенгаши халқаро трибуналларда тажриба орттирган судялар¸ прокурорлар ва терговчилар билан биргаликда ишлаш лозимлигини гапиради:

“Ироқ адлия комиссиясига халқаро судялар ва мутахассисларни таклиф этиш керак”¸ - дейди Ханë Муфти.

Human Rights Watch ташкилоти Ироқдаги Америка ва Британия расмийларининг эътиборсизлиги оқибатида мамлакатдаги оммавий қабрлардан кўплаб ашëвий далиллар йўқолганидан хавотирланиш билдирди.

Мазкур ташкилот вакили Ханë Муфти Ироқнинг собиқ расмийлари устидан олиб бориладиган суд жараëнлари учун бундай далилларни сақлаш муҳим эканини қайд этди.

“Ироқдаги Америка ва Британия расмийлари билан учрашиш ва улардан ахборот олиш имкониятига эгамиз. Аммо бу етарли эмас. Мисол учун¸ Ироқдаги оммавий қабрлар масаласида аниқ бир стратегия ишлаб чиқилиши керак”¸ - дейди Human Rights Watch ташкилоти вакили Ханë Муфти.

Айни пайтда¸ Халқаро Амнистия ташкилоти ҳам Саддам Ҳусайн даврида инсониятга қарши жиноятлар қилганликда айбланган Ироқнинг собиқ расмийларини жавобгарликка тортиш кераклигини билдирди. Аммо ушбу ташкилотга кўра¸ бу иш мустақил судлар томонидан халқаро меъëрларга риоя этилган ҳолда амалга оширилиши керак.
XS
SM
MD
LG