Линклар

Аксилтеррор уруш инсонпарварлик фаолияти учун таҳдиддир


Фарангис Саид

Бугунги кунда халқаро инсонпарварлик ташкилотлари ва донор-мамлакатлар томонидан ажратилаётган ёрдамнинг аксарият қисми Ироқ ва Афғонистонга юборилмоқда. Бунинг сабаби мазкур икки мамлакатдаги вазиятнинг жаҳон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишидадир. Ҳолбуки, Ангола, Сомали ҳамда Конго Демократик Республикаси ва баъзи бошқа давлатларда вазият янада оғирроқ ва ушбу мамлакатлар аҳолиси халқаро ҳамжамият диққати ва ёрдамига муҳтож.

Бош қароргоҳи Женевада жойлашган Қизил хоч ва қизил яримой жамиятлари Халқаро федерацияси ўзининг 17 июл куни “Жаҳон фалокатлари – 2003” сарлавҳаси остида эълон қилинган ҳисоботида айнан шундай ҳулосага келган.

Ташкилот матбуот котиби Денис МакКлин Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда террорчиликка қарши кураш оқибатида инсонпарварлик фаолияти ўзга мезонларга кўра баҳоланаётганини айтади:

- Халқаро ҳамжамиятнинг донор-мамлакатлари ҳамда гуманитар ташкилотлар инсонпарвалик этикаси талабларига жавоб беришлари керак. Бу гуманитар ёрдамнинг фақат муҳтожларга ажратилишини англатади.

Шундай дер экан, Денис МакКлин, жорий йилнинг апрел ойида Ироққа 1,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида ёрдам ажратилганини мисол келтиради. “Ўз-ўзидан бу ижобий жараён бўлса-да, - дейди у, - айни вақтда БМТнинг Халқаро озиқ-овқат дастури маблағ тақчиллиги туфайли очарчиликда яшаётган 40 миллион африкаликни 1 миллиард долларга тенг озиқ-овқат билан таъминлай олмади”.

Жаҳон фалокатлари ҳақдаги йиллик ҳисоботга кўра, бундай вазиятнинг вужудга келишига, қисман, халқаро инсонпарварлик ташкилотлари ҳам масъулдир. Чунки улар халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини Африкага қарата олмаганлар.

Айни вақтда, дейилади ҳисоботда, жаҳон ҳамжамияти диққатини ўзига тортган мамлакатларда ҳам инсонпарварлик фаолияти баъзида муваффақиятсиз бўлади. МакКлин бунга мисол сифатида Афғонистонни келтиради:

Афғонистон ҳукумати қайта қуриш ва ривожланишни жадаллаштиришга қаратилган узоқ муддатли ёрдамга муҳтож. Аммо шу вақтгача мамлакатга, асосан, яқин истиқболни кўзлайдиган ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Масалан, афғонистонликларга озиқ-овқат юборилади. Бу эса қишлоқ хўжалигига салбий таъсир қиляпти. 11 сентябрдан сўнг Афғонистонга кўрсатилаётган ёрдам ҳажми уч баробар кўпайган бўлса-да, кўплаб ҳолларда бу, афғонистонликлар муҳтож бўлган ёрдам эмас.

Қизил хоч ва қизил яримой жамиятлари Халқаро федерацияси ҳисоботида қайд этилишича, баъзи ҳолларда халқаро инсонпарварлик ташкилотлари фаолияти мамлакатдаги бўҳронни чуқурлаштиради. Масалан, Толибон ҳаракати ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг Афғонистонга 350 гуманитар ташкилот ходимлари етиб борди. Бу эса ижара ҳақи ва нархларнинг кескин ошишига, маҳаллий маошлар қийматининг эса пасайишига олиб келди.

Шу билан бирга ҳисоботда мигрантлар ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилган. Бугунги кунда дунё бўйлаб 50 миллион мигрант ва бошпанасиз одам мавжуд бўлиб, улар на гуманитар ёрдам, на қонун билан ҳимояланган. Жаҳонда сиёсий ва бошқа турдаги бошпана сўраганлар ниҳоятда кўп бўлса-да, уларнинг ривожланган мамлакатлардаги намояндаларига ёрдам кўрсатилади, иқтисоди ривожланмаган давлатлар фуқаролари сўровлари эса аксарият ҳолларда жавобсиз қолади. Айни вақтда Ғарб давлатлари сиёсий бошпана бераётганларида, сўровчи кишининг дини ва миллатига қараб, қарор қабул қиладилар. Бу эса инсон ҳуқуқларининг поймол этилишидир, дейилади Қизил хоч ва қизил яримой жамиятлари Халқаро федерациясининг 17 июл куни эълон қилинган ҳисоботида.
XS
SM
MD
LG