Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:00

ҲОКИМИЯТ ВА МУХОЛИФАТ МУЛОҚОТИ


Ўтган ҳафтанинг охирида Қирғизистон пойтахти Бишкекда ҳокимият, сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Қабар ахборот агентлигига кўра, Ҳамкорлик форуми, деб номланган мазкур тадбирга ҳар қайси томондан 21 нафардан вакил қатнашди.

Мухолифатдаги сиёсий партиялар вакиллари ҳам иштирок этадиган бундай учрашувларга қирғизистонликларнинг ўзлари кўникиб қолди, десак ҳам бўлаверади. Чунки 19 июль кунги форум бундай анжуманларнинг тўртинчисидир.


Аввало, форумнинг руҳи ҳақида.

Унда мухолифатдаги Ор-номус партияси лидерларидан бири Эмил Алиев ҳам иштирок этди. (Партия раҳбари - мамлакатнинг собиқ вице- президенти Феликс Қулов шу кунда озодликдан маҳрум, жазо муддатини ўтамоқда)

Жаноб Алиев анжуманда сўзлар экан, ўзидан аввал чиқиш қилган президент Акаевни кескин танқид қилди. Президентнинг "12 йил давомида қўлга киритганимиз ютуқлар", деган гаплари қуруқ гап холос, деди.

Ўзи иштирок этаётган давра суҳбати эса, Ор-номус партияси лидерига кўра, расмиятчилик учун ўтказилаётган тадбир холос.

- Европада ўтажак учрашувда мухолифат билан учрашдим, деб ҳисобот бериш учун ўтказилаяпти, бугунги учрашув, - деди Эмил Алиев.

Шундан сўнг, Ор-номус партияси лидери муовини Эмил Алиев ва президент Ақаев ўртасида қисқагина даҳанаки жанг бўлиб ўтди.

Мухолифатчи партия вакили президентни расмиятчиликда айблади, президент ундан айбловга аниқлик киритишини сўради. Хуллас, муносабатларини аниқлаб олдилар.

Умуман, эса, ҳокимият ва мухолифатнинг учрашуви ҳукумат газеталари ёзганидай "конструктив руҳда" ўтди.

Давра суҳбатини бошлаб берар экан, президент Ақаев демократияга мана бундай баҳо берди:

- Демократия энгил бош эмаски, уни жамиятга кийдирсангу, бирдан унинг қиёфаси, ўзини тутиши ва умуман бутун ҳаёти ўзгариб қолса, - деди президент Ақаев. Мақсад агар чинакам демократия қуриш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни жамиятнинг бош мақсади сифатида кўриш бўлса, бундай мақсадга камчиликларимизга панжа ортидан қараш билан етиб бўлмайди, деди Қирғизистон раҳбари.

Давра суҳбати иштирокчилари Қирғизистон жамоатчилигини ташвишга солаётган қатор масалаларни кўтардилар.

Мамлакат парламенти - Жогорку Кенеш Халқ вакиллари палатаси раиси Олтой Бўрибоевнинг фикрича, республикада сиёсий партиялар сони ҳаддан зиёд кўпайиб кетган. Тарққий этган давлатлардагидай икки-уч партия қолса етарли бўлади, деди жаноб Бўрибоев.

Мухолифатдаги партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари эса, ўз э'тиборларини бошқа масалаларга қаратдилар. Хусусан, давлат амалдорларининг оммавий ахборот воситаларидан суд орқали ўч олишлари одатга айланиб қолаётганидан ташвишланиш билдирдилар.

Тадбиркорлар ва саноатчилар партияси вакили Акбарали Айтикеев давлат амалдорлари тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритишни таклиф қилди. Оммавий ахборот воситаларида танқид қилинган давлат амалдори агар журналистни судга бермоқчи бўлса, аввал амалидан исте'фога чиқиши, шундан сўнггина судлаша бошлаши керак, деди жаноб Айтикеев.

Давра суҳбатида президент Ақаев қирғизистонлик сайловчиларни қизиқтираётган бир масалага яна бир бор аниқлик киритди:

- Янги таҳрирдаги Конституциямизда мен учун янги мандат назарда тутилмаган, - деди президент Ақаев.

Президентликнинг янги муддатига ўз номзодини қўйиш ниятида эмаслигини жаноб Ақаев аввал ҳам икки бор билдирган эди.

Ана шундай вазиятда республикада навбатдаги президент ҳозиргисининг турмуш ўртоғи - Майрам Ақаева бўлармиш, деган гаплар пайдо бўла бошлади. Бу гаплар Москвада чиқадиган Коммерсант газетаси, 21 июль кунги сонига ҳам кўчди.

Хўш, бу гапларда қанчалик жон бор?

Ҳозирча, бир нима дейиш қийин. Ҳар ҳолда радиомиз мухбири яқинда Майрам Ақаеванинг ўзига шу саволни берганида, у киши: "Мутлақо бўлмаган гап, тушимгаям кирмаган гап", - деб жавоб берган эди.
XS
SM
MD
LG