Линклар

Расмий Вашингтон ва Анқара икки томонлама муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилмоқда.


Акрам Файзулло Туркия-Америка муносабатларида сўнгги ойларда пайдо бўлган совуқчиликни бартараф этиш мақсадида¸Ташқи ишлар вазири Абдулла Гул Вашингтонга борди.

Ироқ билан боғлиқ масалалар туфайли бир қанча ëмонлашган муносабатлар Америка аскарлари ўтган ойи Туркия ҳарбийларини Ироқда икки кун ҳибсда ушлаб турганидан кейин янада кескинлашди.
Қўшма Штатлар расмийларига кўра¸ ҳибсга олинган Туркия ҳарбийлари маҳаллий курдлар вакилини ўлдиришни режалаштирган. Туркия ҳукумати ушбу айбномани рад этди.
Кейинчалик томонлар мазкур воқеа юзасидан афсусланиш билдирган бўлса-да¸ Анқара ва Вашингтон ўртасида ишончсизлик пайдо бўлди.
Туркия Ташқи ишлар вазири Абдулла Гул Вашингтонга жўнаб кетишидан аввал мамлакати ва АҚШ ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал этиш фурсати келганини қайд этди.
“Туркия ва Америка алоқалари узоқ тарихга эга. Баъзан муносабатларимизда қийинчиликлар пайдо бўлаëтган бўлса-да¸ умуман олганда ўзаро алоқалар ҳамкорлик шаклида давом этмоқда”¸ - деди Абдулла Гул.
Туркия Бош вазири Ражеп Тайип Эрдўғанга кўра¸ Вашингтон Анқарадан Ироқдаги тинчлик ўрнатиш амалиëтларида қатнашиш учун тахминан 12 минг турк қўшинларини жўнатишни сўраган.
АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Филип Рикер бу ҳақда мана буларни маълум қилди:
“Ироқдаги тинчлик ўрнатиш амалиëтлари учун бир неча мамлакатлар¸ шу жумладан НАТОга аъзо Туркиядан қўшин юборишни сўраяпмиз. Туркия Ташқи ишлар вазири Абдулла Гулнинг Вашингтон сафари давомида ушбу масала ҳам муҳокама этилади”¸ - деди Филип Рикер.
Аммо Туркиянинг Ироқдаги тинчлик ўрнатиш ҳаракатларида қатнашиши-қатнашмаслиги номаълумлигича қолмоқда. Туркия Жумҳурият Халқ партияси раҳбари Мустафо Ўзюрек унинг партияси парламент рухсатисиз турк қўшинларини Ироққа жўнатиш режасига қарши эканини билдирди.
“Турк қўшинларини Ироққа юбориш масаласи парламент қарори орқали ҳал этилиши керак. Аммо мен депутатларнинг бундай резолюцияни тасдиқлашларига ишонмайман”¸ - дейди Мустафо Ўзюрек.
Эрдўған бошчилигидаги “Адолат ва Тараққиëт” партияси Туркия парламентида аксарият ўринларни эгаллаган бўлса-да¸ бу партия аъзолари Ироққа қўшин юбориш масаласида якдил қарашга эга эмаслар.
Айни пайтда¸ ироқлик курдлар ҳам мамлакатга турк қўшинлари юборилишига қаршилик билдирмоқда. Курдистон Ватанпарвар иттифоқи раҳбари Жалол Талабани Қўшма Штатларни Ироқнинг шимолий ҳудудларида турк қўшинларини жойлаштирмасликка чақирди. Чунки Туркия мамлакатдаги Курдистон Ишчилар партияси - ПКК кучларига қарши ҳарбий кампанияни давом эттирмоқда. Шунинг учун Талабани агар Ироқнинг шимолий ҳудудларида турк қўшинлари жойлаштирилса¸ қуролли тўқнашувлар бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Аммо Курдистон Ватанпарвар иттифоқи раҳбари Туркия кучлари Ироқнинг бошқа минтақаларига юборилишига қарши эмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG