Линклар

Сешанба кечқурун Ироқдаги АҚШ қуролли кучлари қўмондонлиги Саддам Ҳусайннинг икки ўғли Удай ва Қусайларнинг ўлдирилганини даъво қилганидан бери¸ айни шу янгилик журналистлар¸ таҳлилчи ва кенг жамоатчилик орасидаги мубоҳаса мавзуига айланди.

Шундай қилиб¸ яқин-яқинларгача Саддам ҳокимиятининг қўш қаноти¸ унинг муқаррар ворислари деб қаралган Удай ва Қусай орадан кўтарилди. Чиндан ҳам орадан кўтарилдими? Саддам ўлдирилган ëки қамалган тақдирда ҳам¸ унинг ўғиллари ҳали узоқ вақт ҳокимият учун курaшни ташлаб қўймайди¸- деган қўрқувдагиларнинг ваҳимаси ҳам шу билан ғойиб бўлдими? Америкаликларнинг Саддам ворисларига қарши сешанба кунги муваффақиятли ҳужум ҳақидаги даъволарида бу қўрқувни йўқ қилишга қодир етарли далил борми?

“ Бу янги Ироқ учун улуғ кундир. Бу иккала шахс режим тепасида турганлар эди. Бу режим эса оммавий қирғин қуроллари боис хавфсизликка таҳдид бўлишдан ташқари¸ минг-минглаб бегуноҳ ироқликларни ўлдиришга маъсулдир. Бугун Ироқда давом этаëтган шодиëна¸ бу икки шахснинг қанчалар ëвуз бўлганидан далолатдир.”

Буюк Британия бош вазири Тони Блэр тилга олган бу икки шахс – Удай ва Қусай Ҳусайнларнинг сешанба кечқурун ўлдирилгани ҳақида америкалик ҳарбийлар тарқатган хабарни айрим ироқликлар автомат ва тўппончалардан ҳавога ўт очиш билан¸ Саддам суратларини кўтариб олган бошқалари эса ¸америкаликларга қарши норозилик билдириш билан нишонладилар. Блэр айтган тантанали шодиëна шу. Эндиликда ироқликлар¸ қолган дунë каби¸ америкаликлардан ўлдирилганларнинг ҳақиқатан ҳам Саддам ворислари эканини исботлашни кутмоқдалар.

Ироқдаги АҚШ қуруқлик қўшинлари қўмондони генерал Рикардо Санчез ҳикоясига кўра¸ маҳаллий айғоқчи 21 июл куни Удай ва Қусайнинг бир ҳафтадан бери мамлакат шимолидаги Мосул шаҳрида эканидан хабар берган. Санчезнинг айтишича¸ ҳар бирининг бошига 15 миллион доллар мукофот тикилган ака-укалар ўз амакиваччалари вилласида яшаëтган бўлган. АҚШ ҳарбийлари тўрт соат давом этган кескин отишмадан сўнг¸ сешанба кечқурун вилла ичкарисидаги тўрт кишининг барини ўлдирганлар. Эндиликда жасадларнинг иккитаси Саддам ўғиллариники¸ яна бири эса неварасиники экани даъво қилинмоқда.

Хўш¸ ҳақиқатан ҳам бу жасадлар мустабид ворислариникими ëки америкаликлар дунëни шунга ишонтиришга уринаëтганлари учун ўқ тилка-пора қилиб¸ портлашлар эса куйдириб¸ таниб бўлмас ҳолга келтирган жасадлар Удай ва Қусайларники деб тақдим этилмоқдами?

Бундан аввал ҳам бир неча бор Саддам ва унинг ўғиллари ўлдирилди¸ дея янглиш баëнот тарқатган америкаликларнинг ўзларидан бошқа бирор мустақил манба ҳозирча жасадлар Удай ва Қусайларники эканини тасдиқлаганича йўқ. Шунга қарамай¸ генерал Санчезга кўра¸ ўлдирилганларнинг Удай ва Қусай эканига шубҳа йўқ ва буни турли манбалар тасдиқлаган.

Санчез: “ Биз мурдаларнинг Удай ва Қусайники эканига ишонамиз. Жасадларни таниш турли воситалар орқали амалга оширилди. Саддам режимининг собиқ юқори даражали расмийлари мурдаларни кўриб¸ уларни танидилар. Айни пайтда тўрт шахс бир-биридан мустақил ҳолда мурдалар Удай ва Қусай эканини тасдиқлади.”

Аммо бу ошкор этилмаëтган мустақил манбалар ким ва уларнинг кўрсатмалари қанчалар асосли? АҚШ ва Британияда ҳукуматнинг Ироққа қарши уруш бошлашни оқлаш учун разведка маълумотларини сохталаштиргани ҳақидаги жанжал давом этаëтган бир пайтда¸ нега яна Америка қўмондони мавҳум манбаларни дастак қилмоқда?

Ваъда қилинаëтган ДНК текширувини ким ўтказади? Бу ишни фақат америкаликларнинг ўзлари қилса¸ қолган дунë¸ айниқса ироқликлар бундай хулосага ишонармикинлар? Нега америкаликлар Удай ва Қусайни тирик ушлашга уринмадилар? Ҳатто ҳокимиятда қамчи ўйнатиб юрган пайтида ҳам ўз хавфсизлиги борасида ўта эҳтиëткор бўлган ака-укалар нега америкаликларнинг тумшуғи тагида¸ шундоққина магистрал йўл ëқасидаги уйга бекиндилар? Яна кимнинг уйи¸ махсус кузатувда бўлган ўз амакиваччаларининг уйига! Бир-бирига рақиб бўлган, авваллари ҳам бир пайтнинг ўзида бир жойда кўрилмаган Удай ва Қусай¸ нега энди бараварига бир жойга яширинишга қарор қилдилар? Бири Фидоийин гвардияси¸ иккинчиси эса махсус республика гвардияси ва махфий хизматга бош бўлган¸ жаҳонга ўта айëр ва шайтон қилиб кўрсатиб келинган ака-укалар наҳотки бараварига ўз жонига қасд қилиш каби гўл ҳаракатга қўл урдилар?

Азиз тингловчи¸ сизда ҳам туғилган бўлиши мумкин бу каби саволлар ҳозирча жавобсиз.

Аммо таҳлилчилар¸ Удай ва Қусай¸ яъни Саддам барпо қилган қўрқув салтанатининг икки асосий устуни йўқ бўлди¸ деган гап АҚШ ва Британия ҳукуматлари учун ҳозирги вазиятда қанчалар муҳим экани ҳақида қатъий фикр билдирмоқдалар.


Аллард:” Бу воқеа АҚШ тушиб қолган ҳозирги оғир вазиятда катта ëрдамдир. Удай ва Қусайнинг ўлдирилиши¸ собиқ режим раҳбарлари қаергаки яширинмасин¸ Америка уларни таъқиб қилишни давом эттираëтганини кўрсатувчи рамзий ҳодисадир.”


Бу АҚШ армиясининг разведка бўлимида ишлаган истеъфодаги полковник Кеннет Аллард фикри эди. Бошқа кузатувчилар ҳам АҚШ ва Британияда Ироққа қарши уруш ва урушдан кейин оккупация кучларига қарши ҳужумларнинг кўпайиб бораëтганига норозилик кучайган бир шароитда¸ Удай ва Қусайнинг ўлдига чиқарилиши Буш ва Блэр учун ўта муҳимлигини қайд этмоқдалар.
XS
SM
MD
LG