Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:23

СИЗДАН НОТА, БИЗДАН НОТА. БИЗДАН НОТА, БИЗДАН НОТА...


Сарвар УСМОН. Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг Қорасув шаҳридаги Шаҳрихонсой пунктида 16 июл куни юз берган фожиа - ўзбекистонлик чегарачининг қирғизистонлик фуқарони отиб қўйиши - икки қўшни мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ноталар жанги бошланишига сабаб бўлди.

Қорасувлик 21 яшар Одилжон Уркимбоевнинг ўлдирилиши муносабати билан 18 июл куни Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги Мухтор элчиси жаноб Салоҳиддинов Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинди ва унга норозилик нотаси топширилди.

21 июль куни Ўзбекистон республикаси Ташқи ишлар вазирлиги нотага нота билан жавоб берди. Ҳужжатда, чегарада юз берган ва бир кишининг ўлими билан тугаган инцидент учун масъулият, тўлалигича, Қирғизистон томонининг зиммасида дейилган.

"Вечерний Бишкек" газетаси ўзининг 23 июль кунги сонида Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчилиги тарқатган бир ҳужжат мазмуни билан муштарийларини таништирди.

"Қирғиз-ўзбек чегарасида шу йилнинг 16 июлидаги инцидент бўйича Ўзбекистон республикасининг расмий позицияси", деб аталади ўша ҳужжат.

Газетанинг ёзишича ҳужжатда бўлиб ўтган воқеа мана бундай тасвирланган:

"Инцидент Ўзбекистон республикаси ҳудудида рўй берган. Тўқнашувга 30-40 кишидан иборат қирғизистонлик фуқаролар гуруҳининг чегарани кутилмаганда кесиб ўтиши сабаб бўлган. Чегарачилар отрядининг бир неча бор огоҳлантиришига улар қулоқ солмаганлар. Қирғизистон фуқаролари чегарачиларнинг огоҳлантиришларига жавобан уларга қараб тош, ёнувчи суюқлик қуйилган шишалар отганлар, ўзбекистонлик ҳарбийларнинг қуролини зўрлик билан тортиб олиб, уларни Қирғизистон ҳудудига тортиб олиб ўтишга ҳаракат қилинган. Чегарачиларнинг ҳавога жанговар бўлмаган ўқлар отишлари ва ўт очишлари мумкинлиги тўғрисидаги оғзаки огоҳлантиришларига қарамай, Қирғизистон фуқаролари ўзларининг тажовузларини давом эттираверганлар. Текширув натижаларига қараганда, тўқнашув пайтида ҳужум қилганлардан бири ўзбек чегарачисининг автоматини тортиб олиш мақсадида қуролни ушлаб олган. Натижада автоматдан беихтиёр ўқ узилган ва қирғизистонлик фуқаро ўқ тегиб яраланган".

Бу Ўзбекистон республикасининг 16 июль куни Қорасувда юз берган инцидентга нисбатан расмий позициясидир.

Шу ўринда воқеа юз бериши биланоқ, уни синчиклаб ўрганиб келаётганимизни, ҳам Ўзбекистон, ҳам Қирғизистон расмийлари, ҳамда воқеа иштирокчилари берган маълумотлар билан сизни таништириб келаётганимизни эслатиб ўтмоқчиман.

Қирғизистон республикаси Вице-бош вазири Базарбай Мамбетов, воқеа тўғрисида маълумот берар экан, чегарадан 30-40 киши эмас, фақат 4 кишининг ўтганини айтган, ўтганларни номма-ном санаган эди.

- Қўлбола кўприкдан Қирғизистоннинг тўрт фуқароси - Урқимбоев, Усмонов, Тешабоев ҳамда Низом исмли яна бир йигит ўтган, - деб маълумот берган эди Қирғизистон Вице-бош вазири Базарбой Мамбетов. "Жанжал чиққан, деб давом этган эди у, ўзбекистонлик чегарачи автомат қўндоғи билан Низом деган йигитнинг юзига урган. Юзи қонаётган Низомни дўстлари Қирғизистонга олиб ўтганлар ва шу пайт шахси аниқланмаган чегарачи қирғизистонлик тинч аҳолига қарата автоматдан ўт очган".

Битта воқеа. Икки хил ёндашув. Икки хил маълумот.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 16 июл куни ўзбекистонлик чегарачиларга 30-40 киши ҳужум қилди, деб таъкидлар экан, бу маълумотлар икки давлат вакиллари имзолаган қўшма протоколда ўз аксини топган, Қирғизистон томони ўз айбига иқрор бўлган, деб билдиради.

Бундай таъкид Қирғизистон республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг норозилигига сабаб бўлди ва натижада 22 июл куни навбатдаги нота пайдо бўлди. Ўзбекистон элчихонаси вакилига топширилган нотада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги нотасида тилга олинган протоколни томонлар ўзаро имзоламагани ва шунинг учун ҳам уни расмий ҳужжат, деб тан олиб бўлмаслиги билдирилади, деб маълумот берди радиомиз мухбирига Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Эркин Мамкулов.

Жаноб Мамкуловнинг сўзларига қараганда, воқеани ўрганиш юзасидан протокол тузилгани ва уни томонлар имзолагани рост, бироқ протоколнинг Ўзбекистон томони тақдим этаётган варианти имзоланган асосий нусхага мос келмайди.

Хуллас, 16 июл фожиаси учун масъулиятни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг 22 июл кунги нотасида яна бир бор Ўзбекистон зиммасига юклади.
XS
SM
MD
LG