Линклар

logo-print

11 СЕНТЯБР: ФОЖИАНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИНМИДИ?

  • Замира Шукур

Бундан қарийб икки йил муқаддам¸ Усама бин Ладеннинг ал-Қайда террор тармоғига алоқадор 19 ëш йигит¸ тўрт учқични ўғирлаб¸ Ню-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази ва Пентагон биносини нишонга олган эдилар. Мазкур ҳужумлар натижасида 3000 га яқин одам нобуд бўлди ва қурбонлар яқинлари ҳали-ҳамон 11 сентябр фожиасининг нега рўй берганига доир кўплаб саволларига жавоб тополмай келмоқдалар.

Бундай бир йилча аввал¸ мазкур саволларга жавоб топиш мақсадида АҚШ Конгресси ва Сенати қошидаги разведка қўмиталари аъзоларидан иборат махсус гуруҳ ташкил этилган эди.

Пайшанба куни мазкур гуруҳ 11 сентябр воқеаларига оид илк ҳисоботни жамоатчиликка тақдим этди. 900 саҳифалик ушбу ҳужжатда 11 сентябр воқеаларига олиб келган қатор омиллар тафтиш этилади.

“Агар мамлакат разведка идоралари ўз ораларида маълумот айирбошлашни йўлга қўйганларида эди¸ 11 сентябр воқеаларининг олдини олиш мумкин бўлар эди” АҚШ Конгресси ва Сенати таъсис этган махсус текширув гуруҳининг қисқа хулосаси ана шундай!

Аммо айни пайтда¸ 900 саҳифалик мазкур ҳисоботдан 11 сентябр фожиалари АҚШ Марказий разведка бошқармаси¸ Федерал қидирув бюроси ва Миллий хавфсизлик агентлиги ўртасидаги ëмон алоқаларнинг бевосита маҳсули деган хулоса келиб чиқмайди.

Республикачи ва демократлардан тузилган махсус гуруҳ аъзолари пайшанба кунги матбуот анжуманида 11 сентябр фожиалари юзага чиқишида айнан қайси идоранинг айби кўпроқ экани хусусида бир-биридан фарқли фикр билдирдилар.

Сенат қошидаги разведка қўмитаси аъзоси¸ демократ Боб Граҳам¸ разведка идораларининг барчаси 3000 минг киши ҳаëтига зомин бўлган 11 сентябр фожиалари олдини олмаганлик учун маъсулиятни биргаликда баҳам кўришларини айтди.

Граҳам : “ Разведка идоралари фаолиятига маҳорат¸ ҳамкорлик¸ ишга ижодий ëндашув ва бир оз омад қўшилганда эди¸ 11 сентябр ҳужумларининг олдини олиш мумкин бўлар эди.”

Махсус гуруҳ аъзоси¸ республикачи Сенатор Ричард Шелби ҳам ҳисобот тақдимотида шунга яқин фикрни билдирди; айни пайтда ўтмиш ҳақида аниқ бир хулоса қилиш қийинлигига ишорат қилди.

Шелби : “ Агар разведка идоралари бирлашиб ҳаракат қилганида эди¸ ҳамма нарса бошқача бўлиши мумкин эдими? Биз буни билмаймиз. Бу фақат ретроспектив қараш¸ холос. Муҳими эса¸ биз ўтмишдан ўрганамиз; ўрганмасак айни воқеалар такрорланаверади. Умид қиламанки¸ 11 сентябр фожиалари бутун идораларимиз учун ўзига хос сабоқ бўлади.”

11 сентябр воқеаларига бағишланган ҳисоботда айтилишича¸ Марказий разведка бошқармаси¸ Федерал қидирув бюроси ва Миллий хавфсизлик агентлиги алоҳида-алоҳида ал-Қайда тармоғининг АҚШ га қарши ҳужумларга ҳозирланаëтгани ҳақида етарли маълумот тўплашган.

Мисол ўлароқ ҳисоботда келтирилишича¸ 11 сентябр ҳужумларининг икки ижрочиси – Халил ал-Миҳдар ва Наваф ал-Ҳазмийларнинг ал-Қайданинг Яқин Шарқ бўлимига алоқадор экани ҳақида Миллий хавфсизлик агентлиги 1999 йилдаëқ маълумотга эга бўлган. Айни шу маълумотни Марказий разведка бошқармаси ҳам 2000 йилда қўлга киритган¸ бироқ бу иккала шахсни махсус кузатувдагилар рўйхатига қўшмаган. Оқибатда¸ бу иккала шахс бемалол Америка ҳудудларига кириб келган.

Шундан сўнг¸ тасодифан Федерал қидирув бюроси айғоқчиси Калифорнияда ўринлашган ал-Миҳдар ва ал-Ҳазмийларга қизиқиб¸ уларнинг шубҳали ҳатти-ҳаракати ҳақида хабар бера бошлаган. Аммо на Марказий разведка бошқармаси ва на Миллий хавфсизлик агентлиги уларнинг ал-Қайдага алоқадор экани ҳақидаги маълумотни бюрога билдирмаган. Натижада¸ ҳисобот хулосасига кўра¸ Федерал қидирув бюроси бу шахсларнинг 11 сентябр режасидан хабардор бўлиш имконини қўлган чиқарган.

Конгресс ва Сенат разведка қўмитаси вакиллари ҳозирлаган ҳисоботга муносабат билдираëтган кузатувчилар¸ АҚШ разведка идоралари ўртасида ҳамкорлик йўқлиги ҳақидаги хулосанинг мутлақ янгилик эмаслигини таъкидламоқдалар. Айниқса¸ мамлакат ташқарисида разведка билан шуғулланувчи Марказий разведка бошқармаси билан Америка ичкарисидаги разведка фаолиятига маъсул Федерал қидирув бюроси ўртасидаги рақобат¸ йиллардан бери ўзгаришсиз давом этиб келаëтгани таъкидланмоқда. Вашингтондаги Америка университети тарихчиси Анна Нелсон¸ ҳамон совуқ уруш усулларида ишлаëтганлари учун Америка разведка идораларини танқид қилади.

Нелсон : “Бизнинг разведкамизни асосан ракеталар¸ ядро бомбалари ташв ишга солиб келди. Бунинг исботини Ю-2 русумидаги айғоқчи учқичлар ва сунъий йўлдошларда кўришимиз мумкин. Ҳозирги шароит эса буткул ўзгача. Эндиги душман шаклу-шамойилсиз ва у чор тарафдан келиши мумкин. Мен разведка бошқармаларимиз бундай янги душман билан иш кўришга ҳали-ҳамон мослаша олмадилар¸ деган фикрдаман.”

Ҳозирча 11 сентябр воқеаларига оид ҳисоботнинг фақат 80 фоизигина жамоатчиликка эълон қилинди. Қолгани эса¸ жаҳон ҳукуматлари¸ айниқса¸ Саудий Арабистонининг 11 сентябр воқеалари юзасидан бораëтган тергов жараëнига қанчалар ëрдам кўрсатаëтгани ҳақида. Аммо ҳисоботнинг бу қисми ҳозирча ’махфий’ деган тамға остида жамоатчилик кўзидан панада сақланади.
XS
SM
MD
LG