Линклар

logo-print

Буш ва Аббос учрашуви тафсилотлари


Фарангис Саид Фаластин мухторияти Бош вазири Маҳмуд Аббос АҚШ президенти Жорж Буш билан учрашув чоғида, асосан, Исроилга қўйилаётган талаблар ҳақида гапирди. Оқ Уйда 30 дақиқа давом этган учрашув натижаларини ҳар иккала расмий “яхши” ва “самарали”, деб баҳоладилар.

Учрашувдан сўнг журналистлар саволларига жавоб берар экан, Аббос Исроилдан Фаластин ерларини бўшатишни ва 3 минг фаластинлик маҳбусни озод этишни талаб қилаётганини айтиб ўтди. Яна бир шарт – Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги деворни бузиб ташлашдан иборатдир. Аббос учрашув чоғида Бушга айнан шуларни айтган. Буш эса фақат бир масала – деворнинг бузилишини батамом қўллаб-қувватлаган.

- Менимча, девор энг муҳим муаммо бўлиб, мен ушбу муаммони Исроил Бош вазири Ариэл Шарон билан муҳокама қилганман. Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги деворни йўқ қилмай, фаластинликлар ва исроилликлар ўртасида тинчлик ўрнатиб бўлмайди.

Маҳмуд Аббоснинг Фаластин ҳудудида барпо этилган исроилликлар қишлоқлари хусусидаги фикри мана бундай бўлди:

- Фақат Исроилга қарашли қишлоқлар қурилишини батамом тўхтатиш самара бериши мумкин. Тинчлик ҳамда Фаластин ва Исроил халқлари келажаги учун, қишлоқлар қурилишига қаратилган ишларнинг барини дарҳол тўхтатиш ва деворни бузиб ташлаш керак.

Буш қишлоқлар қурилиши масаласи жуда муҳимлигини қайд этар экан, айни вақтда энг асосийси – хавфсизликни таъминлаш, деб таъкидлади. АҚШ раҳбарига кўра, хавфсизлик таъминланмай, девор бузилган тақдирда, террорчилик амалиётлари авж олиши мумкин.

АҚШ ва Фаластин раҳбарлари, шунингдек, фаластинлик маҳбуслар масаласини муҳокама қилдилар. Буш муаммо мавжудлигини эътироф этса-да, унга берилаётган баҳолар турли эканини айтди. Бушнинг яна таъкидлашича, Исроил ҳукумати маҳбусларни озод этаётганида, ниҳоятда эҳтиёт бўлиши лозим:

- Маҳбуслар масаласида очиқ музокаралар олиб бориш катта аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман. Маҳбуслар ишлари бирма-бир кўриб чиқилиши керак. Қотиллар озод этилмаслиги кераклиги аниқ. Буни ҳеч ким хоҳламайди.

Жорж Буш Фаластин Бош вазирининг Исроилга қўяётган талабларида тўхталар экан, уларни жуда “мураккаб масалалар”, деб атади. Айни вақтда Буш мазкур масалалар ҳали ҳеч ким томонидан кўтарилмаганини қайд этиб, эндиликда Аббосга бўлган ишончи янада ошганини айтди.

Аббос эса бунга жавобан у бошқараётган ҳукумат Исроил ва унинг қудратли армияси эриша олмаган мақсадга эришгани, яъни Исроилга қарши зўравонликлар оқимини камайтиришга муваффақ бўлганини таъкидлади.

Жума кунги учрашув якунида, шунингдек, президент Жорж Буш АҚШ Молия вазири Жон Сноу ва Тижорат вазири Дон Эвансларни Фаластинга юборишга қарор қилганини маълум қилиб, сафар мақсади ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришдан иборатлигини айтди.
XS
SM
MD
LG