Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:54

Канадалик журналист ўлими Эронда сиёсий бўҳронга олиб келди


Фарангис Саид Канадалик журналист Заҳро Козимий Эрон пойтахти Теҳрон теварагидаги Эвин қамоқхонасини суратга тушираётганида ҳибсга олинган, сўнг 11 июл куни қийноқлар натижасида ҳибсхонада оламдан ўтган эди. Бу эса азалдан ислоҳотларга қарши бўлиб келган Эрон бош прокурорига нисбатан халқ нафратини янада кучайтирди. Айни вақтда Эрон ҳукуматидаги икки лагер – ислоҳотчилар ва консерваторлар орасидаги қарамақаршилик янада чуқурлашди.

Ислоҳотчилар лагери намояндаси, парламент депутати Муҳсин Амин шу ҳафта бошида бош прокурор Саид Муртазавийдан Козимий ўлими сабабларини тушунтиришни талаб қилди:

- Журналист, бошқа мамлакат фуқаросининг ҳибсхонада бошидан калтакланиши оқибатида ўлиши жуда муҳим масаладир. Муртазавий нима сабабдан журналистни ҳибсга олиш ҳақда буйруқ бергани ва қайси далилларга асосланиб, уни жосусликда айблаганини тушунтириши шарт, - деди Муҳсин Амин парламентнинг очиқ сессиясида ва бош прокурор ишдан бўшатилиши кераклигини таъкидлади.

Канадалик журналист ўлими, маълум маънода, ислоҳотчиларга қўл келди. Чунки бу ҳодиса уларга консерваторлар сиёсатини танқид қилиш учун асос берди. Бош прокурор Саид Муртазавий эса консерваторлар лагерининг янг “ёрқин” намояндаси, матбуот эркинлигини чеклаб келаётган шахсдир. Айнан Муртазавий сўнгги уч йил ичида ўнлаб газеталарнинг ёпилиши, юзлаб либерал журналистларнинг ҳибсга олинишига сабабчи бўлган.

Ислоҳотчилар шахсан прокурор ва умуман суд тизимини нафақат матбуот эркинлигини чеклашда, балки маҳбусларни, қонунни бузган ҳолда, ёпиқ эшиклар ортида суд қилиш ва сиёсий маҳбусларга нисбатан қийноқларни қўллашда айбламоқдалар.

Эроннинг ислоҳотчи президенти Муҳаммад Хотамий журналист ўлими тафсилотларини ўрганишни буюрди. Иш биринчи бўлиб прокуратурага етиб борди. Сўнг номаълум сабабларга кўра, прокуратура ишни Хавфсизлик суди, яъни ҳарбий судга узатди. Пайшанба куни эса Хавфсизлик суди раҳбари иш унинг юрисдикциясида эмаслигини таъкидлаб, прокуратурага қайтарди. Буларнинг бари ислоҳотчилар шубҳаларига туртки берди.

Теҳронлик ҳуқуқшунос Аҳмад Баширий Озодлик радиосига берган интервьюсида охир-оқибат бир эмас, бир неча идора текширув учун масъул, деб белгиланиши мумкинлигини айтади:

- Суд вакилининг маълум қилишича, иш прокуратурадан Хавфсизлик судига узатилган. Бу фақт мени ўйлантириб қўйди. Чунки бу ишнинг прокуратура, Хавфсизлик суди ва Ички ишлар вазирлиги орасида бўлинганини англатади. Охир-оқибат ишни ким кўриб чиқиши номаълум.

Шундай дер экан Аҳмад Баширий бундай аҳволда иш, тўғрироғи унга оид маълумот ва ҳужжатлар йўқолиши мумкинлигини айтади. Иш йўқолмаган тақдирда ҳам, турли идоралар у бўйича турли қарорлар қабул қилишлари эҳтимоли жуда катта.

Ким томонидан кўриб чиқилиши ноаниқлигича қолаётган бир пайтда Козимий иши нафақат ислоҳотчилар ва консерваторлар ўртасидаги тортишувларга сабаб бўлмоқда, балки халқаро ҳамжамият эътиборини ўзига тортаётир.

Шу ҳафтада Европа Иттифоқи Канадага жўр бўлиб, расмий Теҳрондан журналист ўлими сабабчиларини жазолашни талаб қилди. Чоршанба куни Канада ҳукумати Эрондаги элчисини чақириб олиб, бу билан Теҳрондан норозилигини билдирди. Асосий норозилик расмий Теҳроннинг Козимий жасадини Канадага юбормай, Эронда дафн этиш ҳақдаги қарори юзасидан билдирилмоқда.

Дипломатик жанглар авж олар экан, пайшанба куни Эрон раҳбарияти Канада расмийлари ва Ванкувер шаҳри полициясини Эроннинг бир фуқаросини ўлдирганликда ва яна икки фуқаросини яралаганликда айблади. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, “Эрон Исломий республикаси дипломатик каналлар орқали мазкур жиноятга туртки бўлган жиддий сабабларни топишга ҳаракат қилади”.
XS
SM
MD
LG