Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:06

ИРОҚ БОШҚАРУВ КЕНГАШИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОДЛАР


Ҳозирча тизгини Америка қўлида қоладиган Ироқ бошқарув кенгашига ким президент бўлади? Бундан икки ҳафта илгари таъсис қилинган 25 кишилик кенгаш ичида ҳозир айни шу жумбоқни ечишга қаратилган музокаралар ҳал қилувчи паллага кирди.

Аксарият кузатувчи ва маҳаллий жамоатчилик фикрича, кенгаш аъзолари ичидан бу лавозимга энг муносиб шахс - Аднан Пачачи.

Кенгашнинг оқсоқол сиëсатчиси саналмиш Пачачи 80 ëшда. Ироқ сўнгги шоҳи замонида мамлакат ташқи ишлар вазири, ҳамда Ироқнинг БМТ даги элчиси бўлган Пачачи, 1969 йили – Баас инқилобидан бир йил ўтгач, Ироқни ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Ироқдаги машҳур зодагонлар сулоласидан бўлган Пачачи муҳожиратдаги ҳаëтини ўз ватанига яқин жой - Бирлашган Араб Амирликларида яшади. 90 йиллар бошида истеъфога чиққунига қадар Пачачи, Амирликда 20 йилдан кўпроқ вазир лавозимида ишлади. Дунëвий давлат тарафдори ва хориждаги Ироқ мухолифатидан умуман мустақил бўлган Пачачи, шу йил май ойида АҚШ нинг Яқин Шарқдаги махсус вакили Залмай Халилзод таклифига биноан, Бағдодга қайтди.

Айтилишича, Пачачи Ироқдаги АҚШ ҳарбий ҳукуматини қўллашга кўп ҳам хоҳиш кўрсатмаяпти ва Ироқни қайта қуриш жараëнида БМТ га етакчи рол берилишини талаб қилмоқда. Ироқ бошқарув кенгаши вазифаси, Пачачининг таъкидлашича, ҳарбий режимни юмшатиш, Ироқ ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш ва янги конститутция асосида умухалқ сайловларини ҳозирлашдир.

Пачачи: “ Бутун бу жараëн, агар биз уни қисқартиришга муваффақ бўла олсак, тахминан бир йилча вақт олади, нари борса бир ярим йилга чўзилади. Ҳар қалай, биз шунга умид қилаяпмиз ва жараëнни тезлатиш бизнинг манфаатимиздадир.”

Пачачи Ироққа қайтгач, Мустақил демократлар уюшмаси деб аталган ўз сиëсий партиясини тузди. Гарчи ҳозирча партия сафларига оммавий аъзолик кузатилмаëтган бўлса-да, уруғ -аймоғи монархия даврида бошқарувда бўлганларнинг бари Пачачига ўз қариндоши сифатида қарайди, ҳурмат қилади.

Ироқ бошқарув кенгаши президентлигига номзод сифатида, кузатувчилар фикрича, Пачачининг ўз рақибларидан камида икки устунлиги бор.

Улардан бири, Пачачининг кексалиги. Бу эса, Пачачи ëши унинг бир-икки йилдан кейин умумхалқ сайловлари ўтказилишига тўсқинлик қилмайди, деганидир.

Иккинчи устунлик эса, унинг сунний мазҳабига мансублигидир. Зотан, араб дунëсидаги аксарият давлатлар Ироқда шиалар ҳокимияти ўрнатилишига тиш-тирноғи билан қаршилар. Бундай эҳтимол бошқа араб давлатларида ҳам шиаларнинг ҳокимият учун курашини алангалатиши мумкин, деган хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Ироқ бошқарув кенгаши президентлигига иккинчи номзод, 58 яшар Аҳмад Чалабийдир. Шиа мазҳабига мансуб Чалабий 13 яшарлигида Ироқдан чиқиб кетиб, ҳозирга қадар асосан Америка ва Британияда яшаб келди. Хориждаги Ироқ мухолифатини бирлаштириш уринишида Чалабий, Лондонда Ироқ миллий конгресси ташкил этди ва Пентагон томонидан урушдан кейинги Ироқ раҳбарлигига номзод сифатида кўрилиб, шу йил апрел ойида Ироққа қайтарилди.

Ўтган ҳафта Аднан Пачачи билан бирга БМТ Хавфсизлик кенгашининг урушдан кейинги Ироққа бағишланган йиғинида қатнашган Чалабий,Ироқ бошқарув кенгашининг Америка қўлидаги қўғирчоқ экани ҳақидаги танқидларни инкор этди ва БМТ дан кенгашни тан олишни сўради.


Чалабий: “Бизнинг БМТ, Яқин Шарқдаги минтақа ҳукуматлари, айниқса қўшниларимизнинг таянчини қозонишимиз жуда муҳимдир. Биз уларнинг Ироқда бораëтган жараëнларга нисбатан ижобийроқ муносабатда бўлишларини истардик.”

Аммо гап Ироқ кенгашига ҳам халқаро ҳамжамият, ҳам ироқликлар томонидан қабул қилинадиган раҳбар тайинлаш устида борар экан, кузатувчилар Чалабийнинг бу ролга лойиқлигига шубҳа билдирмоқдалар.

Зотан, 45 йил давомида ироқликлар ҳаëт ташвишларидан узоқда яшаган Чалабийнинг ҳам шиа, ҳам сунний мазҳабидаги оддий аҳоли орасидаги обрўси яхши эмас. Қўшни Иорданияда Чалабий бош бўлган банк 400 миллион доллар камомад билан бакрот бўлган ва бунинг учун Иордания ҳарбий трибунали Чалабийни сиртдан 22 йил қамоқ жазосига ҳукм этган ва бу ҳукм ҳамон кучда қолмоқда. Бундай шахснинг ироқликлар ва қўшнилар томонидан ҳурмат билан қаршиланиши ва тан олиниши савол остида қолмоқда.

Гарчи Ироқ бошқарув кенгаши президентлигига яна бир қатор бошқа номзодлар тилга олинаëтган бўлса-да, аксарият таҳлилчилар, Вашингтон бу лавозимга Пачачи ва Чалабийдан бирини танлашга мажбурлигини қайд этишмоқда.
XS
SM
MD
LG