Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:35

Афғонистондаги қўмондонлар ва турли гуруҳлар раҳбарлари инсон ҳуқуқларини поймол этаëтганликда айбланди.


Акрам Файзулло Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Афғонистондаги қўмондонлар ва турли гуруҳлар раҳбарлари уларга қарши ҳаракат қилишга журъат этган одамларни қийноққа солаëтгани, зўрлаëтгани, қамоққа ташлаëтганини баëн қилди. Ташкилот Афғонистонга оид янги ҳисоботда бу мамлакатда демократия ўрнатиш учун ҳали ҳам имкон борлигини қайд этади. Шу билан бирга ташкилот маҳаллий қўмондонлар салоҳияти ва қудратини камайтиришга қаратилган чоралар зудлик билан кўрилмаса, демократия ўрнатиш истиқболлари жиддий камайишини ҳам урғулайди.

100дан ортиқ саҳифадан иборат ҳисоботда Human Rights Watch ташкилоти сўнгги ойлар давомида Афғонистон тинч аҳолисига қарши содир этилган зўравонлик ҳаракатлари ҳақида батафсил маълумотларни келтиради. Ушбу маълумотлар жабрланган одамлар томонидан берилган гувоҳликларга асосланган.

Ҳисоботда қайд этилишича, Афғонистонда қуролли шахслар ва қўмондонлар зўравонлигидан, айниқса, хотин-қизлар кўп азият чекмоқда. Тажовуз қилиш ҳоллари жуда кенг тарқалгани боис, хотин-қизлар паранжисиз мактабга қатнаш ëки кўчага чиқишдан қўрқишади. Зўрлаш ҳоллари кўпайгани натижасида хотин-қизларнинг жамоа ишларида қатнашиши, билим олиш ва ишлаш ҳуқуқлари чекланган.

Human Rights Watch ташкилоти ҳисоботида шунингдек журналистлар, феминистлар ва сиëсатчиларга қилинаëтган таҳдидлар хусусида ҳам атрофлича тўҳтаб ўтилган.

Human Rights Watch ташкилоти Вашингтон маъмурияти ҳам Афғонистондаги бундай зўравонликлар учун жавобгар эканини баëн қилмоқда. “Чунки, - деб ëзилади мазкур ташкилот ҳисоботида, - 2001 йилда Қўшма Штатлар Толибларни ҳокимиятдан четлаштиргандан кейинги даврда расмий лавозимларни эгаллаган айрим қуролли гуруҳлар бошлиқлари инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймоқдалар”.

Human Rights Watch ташкилоти вакили Жон Сифтон бу ҳақда мана буларни маълум қилади:

“Агар Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқдошлари Толибон қолдиқларига қарши курашни давом эттиришда, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва фуқаролар урушининг олдини олишда бундай қўмондонлар ëрдамидан фойдаланиш ҳақида қарор берса, бизнинг ҳисобот уларни бу ишдан тўҳтата олмайди”, - деди Жон Сифтон. Аммо у АҚШ етакчилигидаги коалицияни инсон ҳуқуқларини поймол этаëтган афғон қўмондонларининг мамлакат сиëсий ҳаëтида ҳукмронлик қилишига йўл қўймасликка чақирди.

Яқинда Афғонистонда бўлиб қайтган Жон Сифтон мамлакатнинг барча ҳудудларида ҳокимият қўмондонлар назоратида эканини баëн қилди:

“Мисол учун, Жалолободдаги маҳаллий қўмондон нафақат қуролли гуруҳларни, балки ҳамма нарсани назорат қилади. Маҳаллий ҳокимият тўлалигича шу қўмондон назоратида”, - деди Жон Сифтон.

Human Rights Watch ташкилоти матбуот вакили Ванесса Саененга кўра, Афғонистонда АҚШ етакчилигидаги аксилтеррор кампания - инсон ҳуқуқларини поймол этаëтган маҳаллий қўмондонлар мавқени янада мустаҳкамламоқда ва мамлакатда демократик ташкилотлар яратишга тўсқинлик қилмоқда.

“Бизнингча, Афғонистонда терроризмга қарши курашда маҳаллий қўмондонлар иттифоқдошлар каби танлангани туфайли мамлакатда демократия ўрнатиш масаласи ва ҳозирда демократия таҳлика остида. Чунки Афғонистондаги Америка ҳарбийлари зўравонлик ҳаракатлари содир этаëтган қўмондонлар позициясини мустаҳкамламоқда”, - деди Ванесса Саенен.

Human Rights Watch ташкилотига кўра, Қўшма Штатлар маъмурияти Афғонистонда зўравонлик ҳаракатларига чек қўйиш учун ҳукумат ва маҳаллий раҳбарлардан қонунга бўйсўнишни талаб қилиши керак. Мазкур ташкилот, шунингдек халқаро ҳамжамиятни фақат пойтахт Кобулда эмас, балки Афғонистоннинг бошқа ҳудудларига ҳам тинчлик ўрнатувчи кучларни жўнатишга чақирмоқда.
XS
SM
MD
LG